Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навбатдаги фармон: адвокатлар учун янги имтиёзлар

Навбатдаги фармон: адвокатлар учун янги имтиёзлар

Иллюстратив сурат

Фото: «Телеграф»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 12 май куни «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга кўра, 2018 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар белгиланди:

— адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади, адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

— адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилади, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади;

— лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилади;

— суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилади;

— фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилади;

— адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда, шунингдек, лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади;

— адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг