Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Омбудсман: «ОАВнинг фуқаро шахсий ҳаётига аралашиши қонун билан тақиқланган»

Омбудсман: «ОАВнинг фуқаро шахсий ҳаётига аралашиши қонун билан тақиқланган»

Кадр: «YouTube»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали шахс дахлсизлигига оид саволлар билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)га мурожаат қилган эди. Ҳечдан кўра кеч бўлса-да, бизга етиб келган жавобларни эълон қилишни лозим топдик. Ушбу суҳбат инсонлар тақдири, ҳуқуқлари, дахлсизлиги борасида туркум материаллар, хабарлар тайёрлайдиган мутахассислар учун қўлланма бўлса, не ажаб.

— Ҳозирги кунда айрим телевидение, газета ва сайтларда айби исботланмаган гумондорларнинг юзини, исм-фамилияси, манзили ёки автомашинасининг давлат рақами ва бошқаларни оммага кўрсатиш ҳоллари кўп учрамоқда. Жинояти ҳали исботланмаган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ҳақида маълумот тарқатиш мумкинми? Бу шахс дахлсизлигига путур етказмайдими?

— Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.


Мавзуга доир:

Инсон ҳуқуқлари топталмоқда! Тегишли ташкилотлар нега жим қараб турибди?


Содир этилган жиноятлар билан боғлиқ маълумотларни тарқатишни ОАВ фаолиятининг бир қисми деб баҳолаш лозим. Чунки содир этилган жиноятлар билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилиш ҳар доим ҳам ноқонуний ҳисобланмайди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 1411-моддасига мувофиқ шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ёки тарқатиш учун жавобгарлик бундай ҳаракатлар фақатгина шахснинг розилигисиз ва қонунга хилоф равишда амалга оширилганда вужудга келиши белгиланган.

— Телерадиоканалларда, босма нашрларда, интернет сайтларида, шунингдек, давлат органларининг веб-сайтларида маъмурий ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланган шахслар ҳақида уларнинг фото ёки видео тасвирларини эълон қилган ҳолда маълумот тарқатиш мумкинми?

— «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига асосан Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркиндирлар. Улар қонун ҳужжатларига биноан ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнниг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Мазкур ҳолатда ОАВ ва журналистлар ўз ишини бажармоқда.

Ички ишлар органларининг мазкур материалларни тарқатишдаги иштироки масаласида таъкидлаш лозимки, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига киради.

Шу қонуннинг 24-моддасига мувофиқ ички ишлар органлари айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга, айрим тоифадаги шахсларни аниқлаш ва уларга профилактик таъсир кўрсатишга қаратилган махсус тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади ва бу фаолият ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

— айрим турдаги ҳуқуқбузарликларнинг, шахслар тоифаларининг кўпайиши;

— жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, шахс, жамият ва давлат манфаатларига тажовуз қилувчи хатарлар ва таҳдидларнинг юзага келиши.

Демак, ички ишлар органлари ҳам бу ҳолатда ўз вазифасини бажармоқда.

Шу билан бирга «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида ОАВ орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланган.

— Фуқаролар шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказилганда ўзини қандай ҳимоя қилиши мумкин?

— Фуқаролик кодексининг 100-моддасига кўра фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарар ва маънавий зиённи қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Агар фуқаро ўз шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўси таҳқирланган, шахсий ҳаётига аралашилган, шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган деб ҳисобласа, маълумотларни тарқатган ОАВ ва бошқа манбалар устидан судга мурожаат қилиши мумкин. Агар маълумотларни тарқатган ОАВ ва бошқа манбалар бу маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, фуқаро суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

Одатда бундай ҳолатларда тарқатилаётган маълумотларнинг исботи ўзи билан бирга бўлади, яъни тарқатилган фото-видеоматериалларда ёки ҳуқуқбузарлик содир қилинаётган пайт кўрсатилган бўлади, ёхуд ҳуқуқбузарлик содир қилиш устида ушланган шахслар сурати эълон қилинади. Яъни, маълумотларни тарқатишни ноқонуний дейишга асос мавжуд эмас.

Ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақидаги маълумотлар телерадиоканаллар, босма нашрлар, интернет сайтлари, шунингдек, давлат органларининг веб-сайтларида ҳамда бошқа ОАВ томонидан фақат қонунга хилоф равишда тарқатилганда ноқонуний ҳисобланади. Бу ҳуқуқбузарлик содир қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фото-видео тасвирини тарқатиш ҳолатларига ҳам тааллуқли, чунки амалдаги қонун ҳужжатларида ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фото-видео тасвирини тарқатишни тақиқловчи норма мавжуд эмас. Бундай ҳаракатларни қонунга хилоф деб баҳолаш учун эса ҳар бир ҳолатнинг тафсилотларини алоҳида ўрганиб чиқиш лозим бўлади.

Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаро ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан, шунингдек, ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Яъни, ўз шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўси таҳқирланган, шахсий ҳаётига аралашилган, шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган деб ҳисоблаган фуқаро судга мурожаат қилишга ҳақли.

Фуқаро бундай ҳуқуқидан исталган пайтда фойдалана олади, чунки шахсий номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга нисбатан даъво муддати татбиқ этилмайди.

Ушбу соҳада юзага келадиган низолар суд органлари томонидан ҳал этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг