Шартли озод қилинганлар устидан назорат кучайтирилиши мумкин
Сенатда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан пробация назоратини кучайтиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ҳамда «Пробация тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, шартли озод қилинган шахсларга пробация органларига мунтазам келиб рўйхатдан ўтиш мажбурияти юкланади. Бу орқали уларнинг хулқ-атвори устидан тизимли назорат ўрнатилиши ва қайта жиноят содир этиш эҳтимоли камайтирилиши айтилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, шартли озод қилинган шахс судга мустақил мурожаат қилиши мумкин бўлади. Назоратни бекор қилиш ёки ўзгартириш тартиби аниқ белгиланади ҳамда пробация назоратининг янги механизмлари жорий этилади.
Қонун билан тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Жумладан, байрам ва дам олиш кунлари қўшимча кийим-кечак олиш ҳамда озиқ-овқат хариди учун ажратиладиган маблағни ошириш таклиф қилинмоқда.
Сенаторлар фикрича, мазкур қонун жиноятчиликнинг олдини олиш, шахсларни жамиятга қайта мослаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter