Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нақд хорижий валюта чиндан ҳам берилаяптими?

Нақд хорижий валюта чиндан ҳам берилаяптими?

Валютани нақд кўринишда олиш ҳақидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан март ойида имзоланган эди.

Фото: «finance.liga.net»

Айтиш жоиз, Ўзбекистон иқтисод тизими бу кунни узоқ кутди. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб фойдаланувчилар конверсион карталардаги пулларини банклар орқали нақдлаштириб олишлари мумкин бўлди.

1 апрель якшанба – иш куни бўлмагани учун буни дарҳол синаб кўришнинг иложи бўлмади. Аммо бугун, 2 апрелдан бошлаб тизим тўлиқ ишга тушиши керак эди. Биз қатор банклар билан боғланиб, бу борадаги янгиликлар билан қизиқдик.

Хўш, банклар конверсион карталардан хорижий валютани нақдлаштириб беришни бошладими? Бир картадан қанчагача нақд пул ечиб олиш мумкин? Бунинг учун қанча миқдорда комиссия олинади?

«Hamkorbank» АТБ бошқарув раиси ўринбосари Жасур Ҳасанов берган маълумотларга кўра, бу банкда нақд хорижий валюта бўйича тақчиллик йўқлиги боис чеклов ўрнатилмаган. Яъни «Hamkorbank»дан конверсион карталар орқали хорижий валютани истаганча нақдлаштириб олиш мумкин. Агар конверсион карта «Hamkorbank»ка тегишли бўлса, комиссия ҳам олинмайди. Бошқа банклар конверсион карталари бўлган ҳолда 2 фоиз олинади. Лекин бу комиссия миқдорини камайтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

«Agrobank» АТБ матбуот хизматининг маълум қилишича, бу банк конверсион карталардаги пулларни нақдлаштириб беришни бошлаган. Лимит белгиланмаган, исталган миқдорда нақд пул ечиб олиш мумкин. Бунинг учун банк томонидан тақдим этилган карта бўлса 0,5 фоиз, бошқа банклар карталари бўлса 1 фоиз комиссия ундириш белгиланган.

«Turonbank»ка бевосита ташриф буюрганимизда нақд хорижий валюта, жумладан АҚШ доллари бемалол нақдлаштириляпти. Шу бугуннинг ўзида битта шохобчада 1900 АҚШ доллари нақдлаштириб берилган. Шу банкнинг ўзи томонидан тақдим этилган карта бўлса 0,5 фоиз, халқаро «Viza» карталаридан 2 фоиз комиссия ундирилмоқда.

«Asia Alliance Bank» АТБ матбуот хизматининг хабар беришича, бу банкда мазкур хизмат тўла йўлга қўйилган. Банкнинг ўз карталаридан 0,5 фоиз, бошқа банклар карталаридан 1,5 фоиз комиссия олган ҳолда хорижий валюта нақдлаштирилади. «Trastbank»дан ҳам айнан шундай маълумот олдик.

Бошқа тижорат банклари ҳам бу мавзу юзасидан деярли шу мазмунда жавоб беришди. Хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон молия тизимида узоқ кутилган ислоҳот ниҳоят ўз натижасини берди. Энди белгиланган тартибда бемалол нақд хорижий валютани қўлга киритиш мумкин.

Валютани нақд кўринишда олиш ҳақидаги қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан март ойида имзоланган эди. Шунингдек, 1 июлга қадар Ўзбекистон ҳудудида барча тўлов терминаллари мультивалюта тартибида ишлай бошлайди. Яъни улар нафақат «Узкард» тизимидаги, балки хорижий банклар томонидан чиқарилган карталарни ҳам қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳудудида хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш тақиқланган. Ўтган йилнинг 5 сентябридан бошлаб валютани эркин айирбошлаш бошланган эди, лекин сотиб олинган хорижий валюта фуқароларга нақд кўринишда эмас, банк карталари ҳисоб-рақамларига ўтказиб берилаётган эди. Ушбу валютадан фуқаролар хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланишлари мумкин бўлган. Энди бу карталардаги хорижий валютани нақд шаклда олиш имконияти ҳам яратилди.

Бугун, 2 апрель куни эълон қилинган маълумотларга кўра, хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматида сезиларли пасайиш кузатилган. Бу ҳолат банклар томонидан нақд хорижий валюта берилаётгани туфайли юзага келаётганини тахмин қилиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг