Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

10 миллион сўм тежалди…

10 миллион сўм тежалди…

Фото: «Xabar.uz»

2018 йил 6 апрел куни Республика маҳаллалар кенгаши ташаббуси билан Бўз тумани «Сариқжўга» маҳалла фуқаролар йиғини Меҳнаткашлар кўчаси 28-уйда истиқомат қилувчи Шавкатбек Тоғаев ва Мавлуда Тоғаевалар хонадонида намунали тўй ўтказилди.

1987 йилда туғилган Шерзодбек Тоғаев шу тумандаги «Бўстон» маҳалласидан Зилола Насриддиновага уйланди. Барча маросимлар ихчамлаштирилган ва дабдабаю асасадан ҳоли руҳда ўтказилди.

Қуда томонлар ўзаро келишиб, бошни бошга қўйиб, уй шароитида жой ҳозирлашди ва базмга айтилганлар сони 100 нафардан ортмади. Тўйда маҳаллий санъаткор иштирок этди, ҳамроҳлик қилувчи автомобиллар сони 2 тадан ошмади. Туман ҳокимлиги, Маҳалла кенгаши, Ёшлар Иттифоқи, ФХДЁ, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ёш оилага моддий ва маънавий кўмак сифатида кир ювиш машинаси, китоблар тўплами, келинга уч ойлик компьютер ўқитиш курсига бепул йўлланма тақдим этилди.

— Ҳар бандани тўйларга етказсин, — дейди йигитнинг онаси Мавлуда Тоғаева қувончини ичига сиғдира олмай. — Хурсандчилигимиз чексиз. Келин эмас, қиз бўлсин. Маҳалла-куй, оқсақоллар суҳбатларга чақириб, тўйда исрофгарчилик ва ортиқча дабдабабозликларга йўл қўймаслик бўйича қайта-қайта тушунтиришди. Қуда-анда ва яқинлар билан маслаҳатлашиб, камчиқимлик ўзимизга ҳам маъқуллигини билдирдик. Бошида атрофдагилар нима дейди, деган истиҳола ҳам йўқ эмасди. Президентимизнинг талаби бизга далда ва ишонч бўлди. Адашмасам, 10 миллионча пулни тежаб қолдик. Ишлатилса, маблағ сувдек оқади, аммо тежоқли иш — бежоқли иш дейишади. Бу пулни жойида сарфласа, янги оила учун бир йиллик капитал-ку.  

Фото: «Xabar.uz»

— Тўйлар бобида мусулмончилик ва инсоф чегарасидан чиқиб кетган эдик. Худога хуш келмайдиган манманликка ва ҳою-ҳавасга, кибрга берилдик. — дейди Бўз тумани бош имом хатиби Абдулаҳад Тожибоев. — Куёв боланинг отасини яхши танийман. 1 та ўғли ва 2 та қизи бор. Ҳайдовчилик касби ортидан ҳалол меҳнати ва пешона терига пул топиб, аввалроқ 2 та қизини чиқарган эди. Рангги чиқмай қолганди. Бу тўйдан аввал Маҳалла кенгаши ва фаоллари билан куёв ва келин мажбуриятлари, оиланинг вазифаси ҳақида тушунтирдик. Қиз олиб келажак молу давлатидан умидворлик на исломга, на миллий ғуруримизга тўғри келади. Авваллари тавсияларимиз жума номозларида айтиладиган вазн, оддий назарий гап бўлиб қолаётган эди. Ижроси учун ҳеч ким ўзида масъулликни сезмади. Энди эса жамоат назорати асосида бўлаётган тўйларга бевосита бориб, уларда иштирок этаяпмиз, ҳаддидан ошганларни тартибга чақириб қўйишга қурбимиз етади, қонуний асоси ҳам яратилмоқда.    

— Икки ёш оила қуриш учун ариза берганида обдон гаплашиб олдик. Келин бўлмиш Зилола Насриддинова касб-ҳунар коллежини тугатиб, чеварчилик касби билан шуғулланади, — дейди Андижон вилояти ФХДЁ тизими ходими Хулкарой Бегматова. — Ёшлар Иттифоқи имкон бераётган компьютер курсларида ўқиса, ишга жойлашиш масаласини ҳам кўриб, ижодий ҳал қилиб берамиз. ФХДЁга қудаларни чақириб, қўйди-чиқдиларни камайтириш, сарпо-суруқлар ва бошқа берди-бердиларга барҳам бериш бўйича айтдик. Ҳисоб-китобларимизга кўра, тўйда сарфлар 4 миллиондан ошмади. Кўриб турибсизки, тўй эгалари рози. Оила мустаҳкам ва аҳил бўлса, биз ҳам розимиз.

2017 йилда Бўз туманида 685 та никоҳлар қайд этилган бўлса, шундан ажримлар 75 та, шундан 34 таси суд орқали бўлди. Жорий йилнинг 3 ойида эса 62 никоҳ ҳолати, 16 та ажрим белгиланди. Кўриниб турганидек, ушбу йилда ажримлар улуши 25 фоиздан ҳам ортиқни ташкил қилмоқда. Шунча сарф-харажат қилинган тўйдан кейин ҳар тўрт оиланинг биттаси барбод бўлиши ҳақиқий фожеа эмасми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг