Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурорнинг Бухородаги сайёр қабулига водийдан ҳам шикоятчилар келди

Бош прокурорнинг Бухородаги сайёр қабулига водийдан ҳам шикоятчилар келди

Фото: «Xabar.uz»

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Бухорога ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ва Бош прокуратура ҳамкорлигида иккинчи ва учинчи апрель кунлари кўҳна масканда оммавий сайёр қабуллар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов бошчилигида ўтказилган сайёр қабулга, «Xabar.uz» манбасига кўра, нафақат маҳаллий фуқаролар, балки қўшни Самарқанд ва Навоийдан ташқари Қашқадарё, Тошкент, ҳатто Фарғона водийсининг уч вилоятидан ҳам шикоятчилар келган. Эътиборлиси, бошқа ҳудудлардан келган фуқаролар «бугунги қабул фақат бухороликлар учун» деган важ билан ортга қайтарилмади, балки навбати билан уларнинг ҳам муаммоси тингланди.

Шунингдек, манбамиз сайёр қабул ўн икки соатдан кўпроқ давом этганини (эрталаб саккиз яримдан кеч соат тўққизгача!) ҳам қайд этмоқда.

Хўп, қабулнинг илк натижалари-чи?

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, сайёр қабулнинг биринчи кунида 312 нафар фуқародан жами 245 та ариза қабул қилинди. Келиб тушган мурожаатларнинг 37 таси жойида ҳал этилди, хусусан, 14 нафар мурожаатчи ишга жойлаштирилди, 13 нафар фуқарога даволаниш учун йўлланма берилди, 2 нафар фуқаронинг уй-жой масаласига оид аризаси қаноатлантирилди, 1 нафар фуқарога ер ажратилди, 3 нафар тадбиркорга 400 млн сўмлик кредит ажратилиши таъминланди, яна бир нафар тадбиркорнинг фаолиятидаги муаммоси ижобий ҳал этилди. Қолган 208 та мурожаат алоҳида назоратга олинди.

Бош прокуратура тарқатган расмий хабарда мурожаатларнинг 64 таси суд қарорлари (маъмурий – 7 та, иқтисодий – 3, фуқаролик – 19, жиноят – 35) юзасидан экани айтилади. Айни рақамга ўзимиздан қўшимча қилсак, бу  қабулга кирган ҳар тўрт фуқародан биттаси чиқарилаётган суд қарорларидан норози эканини кўрсатади. Бундан суд қарорларидан норози фуқароларнинг важлари ёппасига асосли, дея хулоса чиқариб бўлмайди, албатта. Бироқ умумий манзара чиқарилаётган суд ҳужжатлари эътирозлар сони камайиш ўрнига уларга «барака» кираётганини кўрсатмоқда барибир.

Сайёр қабулнинг иккинчи куни?

Бу кейинги хабармиз мавзуси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг