Бухорода тиббиёт кластери барпо этилади
Ўзбекистон президенти Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудудда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни яқинлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ташриф доирасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш, замонавий тиббиёт кластерларини ташкил этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш вазифалари белгилаб олинди. Бу борада ҳудудда амалга оширилаётган изчил ишлар соҳа ривожида янги босқични бошлаб бермоқда.

Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ботшлиғи Муҳсин Ражабовнинг «Xabar.uz»га билдиришича, йил давомида вилоятда республика даражасидаги 188 та мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Жами бажарилган 39 минг 816 та операциянинг 11 минг 584 таси юқори технологик амалиётлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса ҳудудда замонавий тиббий хизмат имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
«Тарихда илк бор бир йилнинг ўзида Бухорода 80 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлаш ишлари учун 305 миллиард сўм маблағ ажратилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида эса 130,6 миллиард сўмлик 787 та замонавий тиббий жиҳоз харид қилинди», — деди Муҳсин Ражабов.

Таъкидланишича, ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида 330 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи Ғиждувон тумани республика миқёсидаги пилот ҳудудлардан бири этиб белгиланган. Бу ерда илгари бир-биридан узоқда жойлашган 7–8 та турли эскирган биноларда фаолият юритган тиббий бўлинмалар ўрнида ягона замонавий тиббиёт мажмуаси барпо этилмоқда.
Лойиҳа доирасида 650 ўринли шифохона ҳамда кунига 600 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга поликлиника қурилмоқда.

Мазкур тиббиёт кластерининг фойдаланишга топширилиши, аввало, Ғиждувон аҳолиси учун катта қулайлик яратади. Энди беморлар зарур тиббий кўрик ва муолажалар учун бир муассасадан бошқасига қатнаб юришга мажбур бўлмайди. Диагностикадан тортиб мураккаб жарроҳлик амалиётларигача бўлган хизматларнинг ягона мажмуада жамланиши тиббий ёрдам олиш имкониятларини янада кенгайтиради. Қолаверса, замонавий жиҳозлар, кенг шароитлар ва бир жойда фаолият юритадиган мутахассислар аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter