Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қарздор корхоналар: миллиардлар қаерда тўхтаб қолмоқда?

Қарздор корхоналар: миллиардлар қаерда тўхтаб қолмоқда?

Фото: Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Корхоналар томонидан миллиардлаб сўмлик солиқ қарздорлигининг тўпланиб бориши иқтисодиётдаги жиддий муаммолардан дарак беради. Солиқлар — давлат бюджети даромадларининг асосий манбаи. Уларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши ҳудудлар иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий дастурларни молиялаштириш, йўллар, мактаблар, шифохоналар ва бошқа инфратузилма объектларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ айрим корхоналарда солиқ қарздорлигининг йирик миқдорга етиши, ҳисоб-китоблардаги номутаносибликлар ва эҳтимолий яширин товар айланмалари солиқ интизомини кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.

Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 2026 йил 1 ноябр ҳолатига кўра, вилоятда ишлаб чиқариш ва қурилиш корхоналаридаги юқори солиқ қарздорлиги кам сонли корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари сони 94 тани ташкил этади. Уларнинг давлат бюджети олдидаги умумий қарзи 80,7 миллиард сўмга етган.

Қурилиш соҳасидаги кўрсаткичлар эса бундан ҳам юқори. 2026 йил 1 ноябр ҳолатига солиқ қарзи 100 миллион сўмдан ошган қурилиш корхоналари сони 135 тани, уларнинг умумий қарздорлиги эса 140,9 миллиард сўмни ташкил этган.

Бу рақамлар икки тармоқдаги вазиятга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Айниқса, қурилиш соҳасида қарздорлик юқори, бу иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки қурилиш соҳаси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, транспорт, логистика, меҳнат ресурслари ва молиялаштириш каби кўплаб йўналишлар билан узвий боғлиқ. Шу боис қурилиш корхоналарида молиявий интизомнинг бузилиши фақат бир корхона фаолияти билан чекланиб қолмайди. Бу пудратчилар, субпудратчилар, етказиб берувчилар ва бошқа ҳамкорларнинг ҳам молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Ҳар қандай солиқ қарзини қасддан тўланмаган солиқ сифатида баҳолаш тўғри эмас. Айрим ҳолларда дебиторлик қарзлари, буюртмачилар билан ҳисоб-китоблардаги кечикишлар ва молиявий қийинчиликлар ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Солиқ органлари томонидан бу ҳолатлар ҳар бир корхона кесимида алоҳида таҳлил қилинади. Асосий вазифа — қарзнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, унинг ортиб боришига йўл қўймаслик ва давлат олдидаги мажбуриятларни бажариш механизмларини кучайтиришдир», — дейди Бухоро вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев.

Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар нимани англатади?

Қурилиш корхоналарининг солиқ қарздорлиги нафақат корхоналар, балки ҳудудлар кесимида ҳам таҳлил қилиниши лозим. Бу ҳақда «Xabar.uz»да чиққан «Қурилиш компанияларининг солиқ қарзи 4 трлн сўмдан ошди» сарлавҳали хабарда ҳам маълумот берилган.

Унда келтирилган рақамлар қурилиш соҳасидаги солиқ қарздорлиги муайян ҳудудлар ва йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келаётганини кўрсатади. Албатта, қурилиш ишлари ҳажми юқори бўлган ҳудудларда солиқ қарздорлиги миқдори ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Бироқ иқтисодий фаолликнинг юқорилиги солиқ мажбуриятларини бажармаслик учун асос бўла олмайди.

Солиқ интизомини таъминлашда яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада замонавий технологиялардан фойдаланиш самарали воситалардан бири ҳисобланади.

Масалан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида норуда қазилмалар қазиб олинадиган карьерларда «Карьерлар назорати» автоматлаштирилган тизими жорий этилган. Ушбу тизим орқали карьерлардан ташилаётган юклар ҳисобга олиниб, уларга оид ҳужжатлар ва солиқ ҳисоботлари ўзаро солиштирилади. Натижада эҳтимолий яширин товар айланмаларини аниқлаш, маҳсулот ҳаракатини назорат қилиш ва солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш имконияти кенгаяди.




«Жамоатчиликни нафақат қарздорлик кўрсаткичлари, балки унинг келиб чиқиш сабаблари, камайтириш бўйича кўрилган чоралар ва амалда ундирилган маблағлар ҳақида ҳам мунтазам хабардор қилиб бориш зарур. Чунки иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан бири — қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар учун адолатли рақобат муҳитини яратиш ва солиқ мажбуриятларини бажаришда барчага бир хил талаб қўйилишидир», — дейди Дилшод Юлдашев.

Хулоса қилиб айтганда, солиқ қарздорлигига қарши кураш фақат мавжуд қарзни ундириш билан чекланмаслиги керак. Бунинг учун қарздорлик келиб чиқишининг асл сабабларини аниқлаш, яширин товар айланмаларининг олдини олиш, молиявий назоратни кучайтириш ва солиқ интизомини таъминлаш зарур. Бу эса ҳар бир ҳудудий кесимдан солиқ қарзларининг бюджетга ўз вақтида келиб тушиши таъминлашда қатъий ёндашувни талаб қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг