Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Диққат, Хоразм яна хавф остида! (фото + видео)

Диққат, Хоразм яна хавф остида! (фото + видео)

Фото: «Telegram» / @XorazmBugun

20-асрнинг охирларига келиб Орол фожиаси ҳақида гапириш урф бўлди. Ҳатто Орол денгизининг қуриши муаммоси «20-асрнинг энг катта экологик фожиаси» деб ҳам номланди. Мазкур мавзу юзасидан кўплаб халқаро конференциялар, учрашув ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Бироқ бугунги келиб ҳам АҚШ президентлигига собиқ номзодлардан Алберт Горнинг Орол ҳақида айтган қуйидаги гапи ҳамон ҳақиқат бўлиб қолмокда: «Агар Орол денгизи муаммоси юзасидан у ерга борган ҳар бир киши ўзи билан бир челак сув олиб бориб Оролга қуйганида ҳам аллақачон Орол сувга тўлган бўлар эди». Бу муболағага ўхшаган гап албатта ўтказилаётган учрашувларнинг бефойдалиги ҳамда ҳаракатларнинг самарасизлигини кўрсатиб беришга қаратилган, лекин у гапда жон бор.

Қадим замонлардан бери буюк цивилизацияларнинг экологик сабабларга кўра ер юзидан йўқ бўлиб кетганлигига мисоллар кўп. Бунга ўзга ҳудудлардаги цивилизациялардан шумерлар цивилизациясини мисол қилиб келтирадиган бўлсак, ўз тарихимиздан айнан африғий хоразмшоҳлар давлати мисол бўла олади. Яъни кадим Хоразм цивилизацияси экологик фожиаларга тарихда аллақачон дуч келган. Эрамизнинг 4-асрларида гуллаб-яшнаган Хоразм давлати қисқа муддатлар ичида йўқликка юз тутиб, унинг аҳолиси бўлмиш хоразмликлар яшаш жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар. Ҳозирги Қорақалпоғистон ва Туркманистон ҳудудларидаги юзлаб қалъалар бу воқеалардан гувоҳлик бериб турибди.

Африғийлар даврида экологик фожиа Амударё ўз ўзанини ўзгартириши натижасида юз берган бўлса, 20-асрдаги Орол фожиаси инсонлар, хусусан идеологик қарашлар асосида ишлаб чиқаришнинг ортидан қувган советларнинг хатолари сабабли юзага келди. Марказий Осиё давлатлари ўз мустақиллигини қўлга киритгач, уларда бу муаммога биргаликда ечим топиш имконияти мавжуд эди. Афсуски, ҳозирга қадар барча давлатлар томонидан муаммонинг ечими томон сезиларли қадамлар ташланмади.

Натижада Оролбўйида яшовчи аҳоли, хусусан қорақалпоғистонликлар ва хоразмликлар Орол фожиасининг оқибатларидан азият чека бошладилар. Биринчидан, минтақада «кондиционер» вазифасини бажариб турадиган Оролнинг йўқолиши айниқса ёз пайтларида ҳаво ҳароратининг ноодатий тарзда исиб кетишига сабаб бўла бошлади. Иккинчидан, Россия тарафлардан минтақага бостириб келадиган шамолларни ушлаб қоладиган Орол сувининг йўқлиги туфайли айниқса қиш пайтларида совуқ шамоллар жанубий ҳудудларгача етадиган бўлди. Учинчидан, Россиядан кириб келган шамоллар Орол денгизининг суви қуриган жойларидан ҳар йили миллионлаб тонна тузларни учириб, Қорақалпоғистон, Хоразм ва ҳатто Бухорогача бўлган ҳудудларнинг устига соча бошлади. Бунга Хива ва Бухородаги ёдгорликларнинг пойдеворларида тўпланган туз қатламлари исбот бўлади.

Санаб ўтилган ҳодисаларнинг оқибатида Хоразм ва Қорақалпоғистон даги ерлар шўрланиб, ҳосилдорлик пасайиб кетди. Сувлар ва ҳатто ҳаво ҳам шўрланиши натижасида аҳоли орасида турли касалликлар тарқалиб, уларни даволаш қийинлашиб кетди. Хоразмга бориб, истаган бир оилага кириб, инсонларни тиббий кўрикдан ўтказсангиз Орол фожиасининг оқибатларига гувоҳ бўласиз.

Инсонлар фақат ҳаёт кечиришга шароит бўлган жойлардагина яшай олади. Агар кун кечириш имконсиз бўлиб қоладиган бўлса, Хива ва Урганч каби обод шаҳарлари бор бўлишига қарамасдан улар африғийларга ўхшаб ўз ерларини ташлаб кетишга мажбур бўлади. Мустақиллик йилларида муаммоларнинг жиддийлигини тўғри баҳолаган Ўзбекистон ҳукумати хоразмликлар ва қорақалпоғистонликлар бошқа вилоятларга бориб жойлашишини осонлаштирди. Бу чоралар Хоразм ҳавосида касалликлардан азият чекаётган кўплаб инсонлар, айниқса кексалар ва болаларнинг ҳавоси тоза ҳудудларга бориб касалликлардан фориғ бўлишига имкон берди. Лекин, афсуски, бундай чоралар Орол муаммосини ҳал қилмайди ва Хоразм воҳасини йўқликка юз тутиш хавфидан халос этмайди. Кимлардир мени ваҳима қилаяпти деб ўйлаши мумкин. Аксинча, ҳозир вазият ваҳима қиладиган даражадан аллақачон ўтиб, «SOS», яъни қутқариш тугмачасини босадиган жойига етиб келган. Мазкур постда кўрсатилган, Едит Конверт яратган «Орол денгизи» деб номланган санъат асари ҳозирги Хоразм воҳасининг аҳволини ҳам тамсил этади.

Бугун, 2018 йил 27 май куни Хоразм вилоятига Орол денгизи томонидан қумли бўрон бостириб келди. Хоразмликлар ижтимоий тармоқлар орқали юбораётган сурат ва тасвирлардан қум бўрони тумандай бўлиб ёпирилганини, натижада инсонлар яқин атрофни ҳам кўра олмай қолганини кўриш мумкин.

Энг асосийси, бўрон билан учиб келган қумлар Орол денгизининг оппоқ тузлари билан аралаш бўлиб, далаларни, уйларни ва ҳатто автомобилларнинг устларини оппоқ қордай қоплаган. Илгарилари Орол тузларининг учиб келиши кузатилмас, уларни фақат далаларда тўпланиб қолган уюмлар ва сувнинг шўрлигидан билиб олиш мумкин бўларди. Эндиликда Орол денгизида сувнинг янада камайиши, иқлим ўзгаришлари ва бошқа ҳодисалар сабабли тузлар Хоразмгача учиб кела бошлади. Хива шаҳридан келган суратларда чет эллик туристлар бўрондан кўзларини оча олмасдан, оғиз ва бурунларини рўмол билан яшириб юрганларини кўриш мумкин. Бу Орол муаммоси нафақат маҳаллий аҳолига, балки чет эллик туристларга ҳам ноқулайликлар туғдириб, уларнинг юртимиздаги таассуротларига салбий таъсир кўрсата бошлади деганидир.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, иккита энг долзарб йўналишда сиёсат олиб бора бошлади. У ички сиёсатда асосан халқнинг дардини тинглаш ва уни бартараф этишни устувор вазифа қилиб белгилаган бўлса, ташқи сиёсатда Марказий Осиёдаги қўшнилар билан иноқлик ва дўстлик ришталарини қайта тиклаш сиёсатига урғу берди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, президентнинг сиёсатдаги тамойиллари Орол муаммосини ечиш учун айни муддао хисобланади. Чунки Орол муаммоси бир тарафдан Хоразм ва Қорақалпоғистон халқининг энг оғриқли дарди бўлса, унинг ечими Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатларига боғлиқ.

Фото: «Telegram» / @XorazmBugun
Фото: «Telegram» / @XorazmBugun
Фото: «Facebook» / «Хоразм ва хоразмликлар»
Фото: «Facebook» / «Хоразм ва хоразмликлар»
Фото: «Facebook» / «Хоразм ва хоразмликлар»

Шавкат Мирзиёев президент бўлганда кўпчилик унинг зарур ислоҳотларни қила олишига ишонмаган, мобадо ислоҳотлар қилса ҳам буни фақат келгуси 5-10 йилликлардагина амалга ошира олса керак деб ўйлаган эди. Бироқ Мирзиёев ислоҳотларни бир йилда амалга ошириб, барчанинг ҳайратига сабабчи бўлди. Ҳозир Орол муаммоси ечилмайдиган, мобадо ечилса ҳам камида 10 йилларда ечиладиган муаммодай туюлмоқда. Аммо айтганимиздай президент истаса ҳар қандай муаммони тезда ҳал қилиши мумкинлигини исботлади. Агар муаммо долзарб ва ҳаёт-мамот билан боғлиқ бўлса, уни ечиш мумкингина эмас, шарт ва зарур бўлади. Орол муаммоси ҳам зудлик билан ҳал этилиши шарт. Акс ҳолда келажакда ўзбек давлатчилиги ва ўзбек миллатининг бешикларидан бири бўлган Хоразмни қайта йўқотиш хавфи кўндаланг бўлиб тураверади.

Шу сабабдан мен:

— президент Шавкат Мирзиёевдан Орол муаммосини нафақат мамлакатимизнинг, балки минтақамизнинг бирламчи муаммоси даражасига олиб чиқишини ва Хоразм воҳасини офатлардан қутқариб, тарихимиздаги буюк инсонлар қаторига қўшилишини сўрайман;

— минтақамизнинг бошқа давлатлари раҳбарларидан Ўзбекистон президентининг мазкур ташаббусини биродарларча қабул қилиб, уни амалга оширишда ҳамжиҳат бўлишларини ва ўз ҳиссаларини қўшишларини сўрайман;

— халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилотлар, молиявий ташкилотлардан чиройли шиорлар ва бефойда конференцияларни ўтказиш билан чекланмасдан, минтақамиз давлатларига молиявий ва илмий ёрдам кўрсатишларини сўрайман;

— ўзимизнинг олимларимиздан, экологик ҳаракат вакилларидан ва бошқа инсонлардан Орол муаммосининг ечимига оид амалга ошириш имконли бўлган чораларни ишлаб чиқиб, ҳукуматимизга тақдим этишларини, бугунгидай бўронлар юз берганда жим турмасдан дунёга бонг уришларини сўрайман;

— оммавий ахборот воситалари, журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларда маълум таъсирга эга бўлган инсонлардан Орол муаммосини ва унинг оқибатларини мунтазам равишда холис ёритиб боришларини сўрайман;

— мен санъат, адабиёт, маданият аҳлидан Орол муаммосига доир таъсирли асарлар яратишларини ва шу билан муаммонинг ечимига ўз ҳиссаларини қўшишларини сўрайман;

— бутун ўзбекистонлик ватандошларни, хоразмлик юртдошларни ва минтақамиздаги ва дунёдаги Орол муаммосига бефарқ бўлмаган барча инсонларни иложи борича, масалан ижтимоий тармоқларда ҳар хил усуллар билан (флешмоблар, хештеглар, постлар, муаммонинг оқибатларидан гувоҳлик берувчи суратларни мунтазам тарқатиб бориш) Орол муаммосининг унутилишига йўл қўймасликларини сурайман.

Зора, мана шу ҳаракатлар амалга оширилгач, Орол муаммоси ҳал этилса ва шунинг баробарида Хоразмнинг йўқ бўлиб, хоразмликларнинг бошқа вилоятларга тарқалиб кетиш хавфи аритилса.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг