Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Изсиз кетган қўйлар изидан: калаванинг учи вилоят ҳокими томон етакламоқда

Изсиз кетган қўйлар изидан: калаванинг учи вилоят ҳокими томон етакламоқда

Фото: «Uznews.uz»

«Адолат» газетасида чоп этилган ва сайтимизда «Олтиариқда ҳоким ва ИИБ бошлиғи ҳайдаб кетган 65 бош қўй «изсиз йўқолди» номи остида эълон қилинган мақоладан сўнг ўзимиз ҳам бу масалага қизиқиб, воқеалар ривожини ўрганишга киришдик.

Дастлаб қўйларидан айрилган фуқаро Ҳасанбой Юнусов билан боғландик. У мақолада келтирилган фактларни яна бир бор тасдиқлаб, жуда муҳим бир жиҳатни эсга олди: қўйлар боқилаётганда ва уларнинг бир қисми буғдой даласини пайҳон қилган пайтда Олтиариқ тумани ҳокими эмас, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шахсан ўзи келган. У қўйларнинг ғалла майдонини пайҳон қилаётганини кўриб, зудлик билан туман ҳокими ва туман ИИБ бошлиғини чақиртирган ва бу ҳолат юзасидан чора кўришни тайинлаб, қайтиб кетган. Шундан кейин қўйларнинг қандай қилиб ва қаерга олиб кетилганидан Ҳасанбой Юнусов бехабар эканлигини билдирди. Бўлиб ўтган суд жараёнида қўй эгаларига нисбатан фақат жарима белгиланган, мусодара қилиш тайинланмаган. Судьянинг ўзи ҳам жаримани тўлаб қўйларни олиб кетавериш мумкинлигини оғзаки айтган.

Қўйларнинг кейинги тақдири билан қизиқиб, Олтиариқ туман ИИБга мурожаат қилдик. У ерда бизга раҳбарнинг биринчи ўринбосари Дилшод ака билан боғланишни айтиб, телефон рақамини беришди. Бир неча бор уринишлардан кейин Дилшод ака билан боғланганимизда у бу воқеадан бехабарлигини, ҳокимиятга мурожаат қилиш кераклигини айтди. Қўйлар эгаси уларнинг айнан ИИБ бошлиғи буйруғи билан олиб кетилганини таъкидлаётганини билдирганимиздан кейин «Мен бошлиқ эмасман, ўринбосарман» — деди. Бўлмаса ИИБ бошлиғининг рақамини беришини сўраганимизда «Мен ўзим масалани ўрганиб, тез орада сизлар билан боғланаман» — деб жавоб қилди. Бир неча соат кутишдан кейин қайта қўнғироқ қилдик. Аммо Дилшод ака телефонини ўчириб қўйди. Қайта уринишларимиз бесамар кетди.

Шундан кейин бу қўйларнинг эгалари яшовчи «Қизилтепа» МФЙ раиси Ғайрат Раҳимовга қўнғироқ қилдик. Унинг маълум қилишича, қўйлар аслида бу МФЙ ҳудудида эмас, «Повулғон» МФЙ ҳудудида боқилган ва ўша ҳудуд нозири томонидан буйруқ асосида ҳайдаб кетилган. Яна бир қизиқ жиҳати, қўйлар Олтиариқ туманига эмас, қўшни Риштон тумани ҳудудидаги штабга олиб бориб қамалган. Шу боис Олтиариқ расмийларидан қўйлар қаердалигини суриштириш самара бермаяпти. Суд жараёнида қўйларнинг эгалари ҳар куни штабга бориб ем-хашак бериб келишган. Суд жараёни тугаб, жарималарни тўлаб, қўйларни олиб кетиш учун боришганида штаб қоровули қўйлар тақдиридан бехабарлигини билдиради. Алмашиб ишлайдиган уч қоровулнинг ҳеч бири аниқ маълумот бермаган.

Дарвоқе, суд қарорида қўйлар сони 52 бош деб кўрсатилган. Аммо қўйлар эгаларининг билдиришича, судда жаримага тортилувчиларнинг вакиллари умумий ҳисобни айтишда адашишганлари муносабати билан жузъий хатога йўл қўйилади. Қўйлар санаб олиб кетилганда ҳам, топширилганда ҳам 65 бош бўлган.

Шу ўринда қатор саволлар туғилади: инсон хато қилди, муносиб жазосини олди, жаримани тўлади ва барча зарарни қоплади. Суд қарори ҳам бу ҳолатни тасдиқлаб турибди. Энди унинг ягона даромад манбаи бўлган жониворлар қайтарилишига нима тўсқинлик қилмоқда? Наҳотки биз суд қарорига амал қилмай қўйдик? Қизиқ, умуман ўзи бу қўйлар тирикми? Қаерда улар? Шунча кундан бери уларни ким боқмоқда?

Ҳозирча бу саволларга жавоб топмадик, аммо суриштиришда давом этамиз. Бизни кузатиб боринг.

Суд қароридан кўчирма
Фото: «Xabar.uz»
Суд қароридан кўчирма
Фото: «Xabar.uz»
Суд қароридан кўчирма
Фото: «Xabar.uz»

 

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг