Маҳаллий ҳокимликлар 400 га яқин ҳужжатларини ХДФУ грифи билан асоссиз яширган – Аксилкоррупция
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 1 907 та қарор ва фармойиш «яширинган» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ грифи билан) қабул қилинган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг дастлабки ўрганишларида мазкур ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани маълум бўлди.
Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.
Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та, 44 фоиз), Хоразм (32 та, 39 фоиз), Бухоро (58 та, 37 фоиз), Қашқадарё (41 та, 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та, 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишларни очиқлаш ва мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилди.
Ҳозирда асоссиз деб топилган қолган ҳужжатлар бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилиб, натижаларига кўра ҳар бир қарор ва фармойишга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши таъминланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter