Муддатли тўловга савдо қилувчи айрим ташкилотлар учун янги тартиб таклиф қилинди
Марказий банк бўлиб тўлаш шартида товар, иш ва хизматлар сотувчи ташкилотларнинг қайсилари ҳисоб рўйхатидан ўтиши шартлигини аниқлаш тартибини ишлаб чиқди.
Марказий банк бошқарувининг қарор лойиҳасига кўра, ташкилот бир чорак якунлари бўйича қуйидаги икки мезонга бир вақтда жавоб берса, Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиши ва муддатли тўлов хизмати операторлари реестрига кириши шарт бўлади:
- товарлар, ишлар ва хизматларни сотиш бўйича жами айланмаси 500 млн сўмдан ошса;
- шу айланмада бўлиб тўлаш хизматининг улуши 50 фоиз ёки ундан кўп бўлса.
Лойиҳада ушбу мезонлардан ишлаб чиқарувчи корхоналар мустасно қилинган. Бўлиб тўлаш айланмасини ҳисоблашда сотилган товар, иш ва хизматлар қиймати билан бирга улар бўйича олинган даромадлар, жумладан фоизли даромадлар ҳам инобатга олинади.
Ташкилотлар кўрсаткичларини ҳар чорак якунида мустақил ҳисоблаши керак. Белгиланган мезонларга жавоб берган ташкилот чоракдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай Марказий банкка ариза ва ҳужжатлар билан мурожаат қилиши назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, Солиқ қўмитаси электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн касса чеклари ва тегишли маҳсулот ҳамда хизмат кодлари асосида ташкилотлар ҳақидаги маълумотларни шакллантиради. Бу маълумотлар чоракдан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай Марказий банкка электрон тарзда тақдим этилади. Марказий банк уларни беш иш куни ичида таҳлил қилиб, зарурат бўлса, қўшимча маълумот сўрайди.
Банклар ва микромолия ташкилотлари реестрга Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали киритилиши белгиланмоқда.
Ҳужжатда мезонларга жавоб бера туриб, ҳисоб рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиш низом талабларини бузиш деб баҳоланиши қайд этилган. Лойиҳада бунинг учун алоҳида жарима миқдори кўрсатилмаган.
Қарорни 2027 йил 1 январдан кучга киритиш таклиф қилинмоқда. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter