Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўз қизини калтаклаган собиқ ички ишлар ходими озодликдан маҳрум этилди

Ўз қизини калтаклаган собиқ ички ишлар ходими озодликдан маҳрум этилди

Фото: «imperiya.by»

Бундан бир неча ой муқаддам дастлаб, «Ўзбекистон» телеканалининг «Учбурчак» кўрсатувида эълон қилинган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилган 4 яшар қизини аёвсиз калтаклаётган ота тасвирга олган видео ёдингизда бўлса керак. Кейинроқ қизалоқнинг отаси ким экани аниқланган ва у собиқ ички ишлар ходими экани айтилган эди.

ЎзАда ёзилишича, суд ушбу ҳолат юзасидан ҳукм чиқарган. Айтилишича, мазкур воқеадан кейин Чилонзор тумани прокурори Мубинабону ва унинг вояга етмаган акасининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритди. Болага шафқатсиз муносабати боис Х.А Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шу билан бирга, Х.А нинг ўз қизини қийнаб, таҳқирлагани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида мазкур жиноят ишига оид очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Судланувчи сўнгги сўзида қилмишидан қаттиқ пушаймон эканини, аслида фарзандларини яхши кўриши, ўша видеони икки йил давомида хорижда ишлаётган турмуш ўртоғини қайтариш мақсадида тасвирга туширганини айтган. «Шундай қилсам, зора аёлим болаларига раҳми келиб қайтар, деган ниятда эдим», дея ўз қилмишини изоҳлаган у.

Суд мажлисида иштирок этган судланувчининг қариндошлари сўзларига кўра, қизчанинг онаси у ҳали икки ёшга тўлмасдан уни отасига ташлаб, ўзи Туркия давлатига ишлашга кетган. Ота қизчаси ва ундан каттароқ бўлган ўғлига ўзи қараб келган. Аёлининг хорижда ёмон ишлар билан шуғулланганини билгач эркакнинг сабр косаси тўлган.

Лекин бу гапларнинг ҳеч бири болани уриш, қийнаш учун асос бўлолмайди. Миллий қонунчилигимизда болалар ҳуқуқлари кафолатлари ҳимояланган бўлиб, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаркатлар содир этиш, ожизлигидан фойдаланиб таҳқирлаш, улар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.

— Айбланувчи Жиноят кодексининг 110-моддасида назарда тутилган яъни «Қийнаш» билан боғлиқ жиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этган, — дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Дилмурод Валиев. — Жазо тайинлашда барча ҳолатлар инобатга олинди. Судланувчининг аввал ножўя қилмишлар содир этмагани, яъни судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, аслида болалари тақдирига бефарқ эмаслиги кабилар жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳоланди. Х.А олти ойга озодликдан маҳрум қилинди.

«Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, онанинг оилани тарк этиб кетиши, рўзғор, болалар ташвишидан безган отанинг сабр косаси синиқлари қизалоқнинг бошига ёғилган, аслида. Эр ва хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги, ўзаро меҳр-оқибат йўқлиги ана шундай парокандаликка сабаб бўлаётгани сир эмас. Суд материалларидан маълум бўлишича, юқоридаги ҳолатда ҳам эр ва хотин ўртасида доимий келишмовчиликлар бўлиб турган. Ачинарлиси, бундан болалар азият чекаётганидир.

Одамлар чиройли, дабдабали тўйлар ҳақида бош қотириб, бунга борлиғини бахшида қилишяпди-ю, чиройли турмуш тушунчаси эсдан чиқиб бормоқда. Икки инсон, яъни йигит ва қиз нафақат жисмонан, балки маънан, қалбан бир бирига мос бўлмагунча, улар яхши турмуш кечиролмаслигини қачон тушуниб етамиз? Мол-давлатига, чиройига, амалига қараб тузилаётган оилалар боис ҳозирги кунда болалар аросатда қолаётганини кўриш учун кўзни катта очиш ҳам шарт эмас. Айтинг-чи, бунга қачонгача бефарқ қараймиз?», — дея мақолага якун ясалган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг