Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Россия: Соғлиқни сақлаш вазирлари учрашди

Ўзбекистон ва Россия: Соғлиқни сақлаш вазирлари учрашди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Аввал хабар берганимиздек, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирилигининг делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида делегация аъзолари билан вазирлик раҳбариятининг учрашуви бўлиб ўтди. Дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда бу борадаги янги лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдилар, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Учрашувда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов президент Владимир Путиннинг таклифига биноан Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида вазирликлар ўртасида бир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши соғлиқни сақлашда таълим ва илм-фанни ривожлантириш борасидаги ҳамкорликка замин яратганини таъкидлаб ўтди. Кадрлар малакасини ошириш йўналишида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтган йиллар давомида 600 дан зиёд мутахассисларимиз Россияда малака оширишган бўлса, Россиянинг 300 нафар нуфузли мутахассислари юртимизда маҳорат дарслари, кўргазма ва маърузалар ташкил этиш ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди.

Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт университетлар ўртасида ҳам фаол алоқалар мавжуд. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб юртимизда И.М.Сеченова номидаги Москва давлат тиббиёт университетининг филиалини очиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада қўшма факультетларни ташкил этиш, бакалавриат, магистрлик ва клиник ординатурада таълим дастурларини тайёрлаш борасида шартномалар тузилди.

Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида «Педиатрия иши» ва «Даволаш иши» таълим йўналишлари бўйича қўшма факультет ташкил этилади.

Жорий йил сентябрдан Россиянинг Халқлар дўстлиги университети ва Тошкент давлат стоматология институти биргаликда «Дерматовенереология» йўналишида қўшма факультет очиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Оренбург давлат тиббиёт университети ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида «Даволаш иши» ва «Клиник психология» йўналишида ҳам қўшма факультетлар ташкил қилинади.

Санкт-Петербург педиатрия тиббиёт университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали билан биргаликда эса олтита: «Акушерлик ва гинекология», «Болалар жарроҳлиги», «Травматология», «Педиатрия», «Стоматология» ва «Онкология» йўналишларида халқаро факултетлар ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

В.Скворцова Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзгаришларни, хусусан, мажбурий тиббий суғурта тизимини татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, болалар ва кексаларни сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасаларида «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник ҳаражат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимининг жорий этилаётганини эътироф этди. Меҳмон ўзаро тажриба алмашиш ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таълимни ривожлантириш юзасидан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Қайд этилишича, делегация аъзолари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, хусусий клиникалар, бирламчи тиббий ёрдам муассасалар ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларига ташриф буюрадилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг