Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қидирувдаги шахслар кечирилиб, озодликка чиқарилади

Қидирувдаги шахслар кечирилиб, озодликка чиқарилади

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум хатолар туфайли жиноят йўлига кириб қолган ва адашган фуқароларни афв этиш, чет элга қочиб кетганларини Ватанга қайтариш бўйича алоҳида топшириқ берган эди.

Мазкур вазифа юзасидан бутун республика бўйлаб махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, прокуратура, ички ишлар органлари масъуллари иштирокида жиноят йўлига кирган гумондорлар ва қидирувда бўлган фуқароларнинг ота-оналари, яқинлари ва оила аъзоларига уларни афв этиш, оиласига қайтариш бўйича амалий тадбирлар бошланиб улгурди.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 17 май куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармасида ана шундай тадбирлардан яна бири бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Содиқжон Бердиалиев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев, бошқа масъул шахслар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари С.Бердиалиев ўзга юртда юрган ва қидирув эълон қилинган фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш, амнистияга тушириш, қидирувни олиб ташлаш, шартли равишда қамоқдан озод қилиш ва эркинликка чиқариш тартибларини тушунтирди.

Маълум бўлишича, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри бўйича 2 минг нафардан зиёд фуқаро қидирувда бўлиб, уларнинг 203 нафари кам аҳамиятли, 606 нафари унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганликда гумонланишмоқда. 151 нафарига эса амнистия акти қўлланилиши мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

Залга йиғилганлар — кимнингдир ота-онаси, кимнингдир фарзанди, ёру биродари ёки ака-укаси қидирувда юрган жигарларининг тақдири ҳақида ўкиниб гапирдилар. Қидирувни бекор қилиш ёки амнистияга тушириш, шунингдек, ўта оғир жиноят қилганликда гумонланаётганларни шартли равишда озодликка чиқариш ҳақидаги гаплар уларнинг қалбида умид учқунини ёқди.

Амнистияга тушириш ва қидирувни бекор қилиш қандай амалга оширилиши ҳақида алоҳида мақола эълон қиламиз. Бизни кузатишда давом этинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг