Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Шифокорни тепкиламанг, уволи миллатга уради

Шифокорни тепкиламанг, уволи миллатга уради

Ёш, умидли мутахассислар биз қолоқ дея назарга илмайдиган, лекин шифокорнинг қадри баланд давлатларга кетиб қолишмоқда.

Фото: «Кorrespondent.uz»

Ўқитувчилар тўғрисида кўп ёздик. Мажбурий меҳнати, арзимас маоши, қоғозга кўмилиб кетаётгани... Яна бир соҳа вакиллари борки, уларнинг хатоси дарҳол кўзга ташланади, туну-кун тинмасалар-да, чеккан заҳматларини фақат билган билади.

Шифокорларнинг пора олишини яшириш ойни этак билан ёпишдек гап. Уларнинг нима учун пора олиши, ўзи бемор берганини пора деб аташ мумкинми-йўқми — бу энди алоҳида масала.

Келинг, бошқа бир жиҳатга эътибор қаратайлик: бизнинг назаримизда ҳаммаси порахўр кўринадиган шифокорларнинг аслида нари борса 10-20 фоизи «соққа қилса бўладиган» дея баҳоланадиган соҳаларда ишлашади. Булар йирик шаҳарлар марказий шифохоналаридаги етакчи мутахассислар, тор соҳа вакиллари(кардиолог, гинеколог ёки жарроҳ кабилар)дир. Лекин улар бу даражага етгунларича кўп нарсадан воз кечганлари, илм деб тер тўкканлари, тунларни тонгга улаганларини унутмаслик шарт. Бошқаларни камситмаган ҳолда уларни шартли равишда юқори тоифа деб оламиз. Айнан шу юқори тоифа тиббиётни сақлаб туради аслида. Лекин биз охирги пайтлар ўзимизнинг ёки фарзандларимизнинг жони оғриса, кимнинг ёнига боришимизни унутиб қўяётгандекмиз.

Энди тиббиётнинг мутлақ кўпчилик вакиллари — қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, умумий амалиёт врачлари, поликлиникаларда қоғоз тўлдириш билан умри ўтаётган мутахассислар, тунлари навбатчилик қилибгина шифокор номини сақлаб юрганлар — ишонинг, тирикчиликка етар-етмас маошга сабр қилиб яшаб юришибди ёки ўз ғурурларини нари суриб, қўшимча ишлар билан шуғулланишаяпти.

Ўртача шифокор ўртача ойлик маош олади — бу тахминан 1 миллион сўм дегани. Энди бу пулга қандай тирикчилик қилиш мумкинлиги тўғрисида ёзиб, бошингизни қотиришга ҳожат йўқ. Лекин шугина маошнинг ҳам осмон қадар жавобгарлиги бор — бемор учун сиз шифокорсиз, ойликни оляпсизми, давлат сизни ўқитганми, вазифангизни бажаришингиз шарт! Балки сиз контракт тўлаб, ўз пулингизга ўқигандирсиз, маошингиз тирикчиликка етмас, лекин бунинг кимга қизиғи бор?

Қишлоқдаги шифокорнинг ҳолига бир қаранг — мол ҳам боқади, деҳқончилик ҳам қилади, керак бўлса пахса ҳам уради. Ахир у ҳам не умидлар билан 7-8 йил суягу-ўлик титкилаб ўқиган. Шу қишлоғимга фойдам тегсин деб қайтиб келган. Ягана-ю пахта теримида у ҳам бор. Қишлоқда одам йўталса ҳам унга қараб чопади. Яхшиям халқимиз инсон қадрини билади, хизматини қуруқ қўймайди. Укол қилди дея иккита нон қистириб жўнатади. Лекин охирги пайтларда мана шу берганини миннат қилганларнинг бир тоифаси пайдо бўлаётирки, бу ҳақда қуйида алоҳида тўхталмасак бўлмас.

Ёки поликлиникадаги дўхтирни олайлик. Эшигининг олди ҳамиша гавжум, лекин тузалса тузалиб кетақолмайдиган беморларнинг дафтарлари бир хирмон. Ҳар ташрифга саҳифа-саҳифа тўлдириб ташланади. Бу ерда энди нон бериш урф эмас — сахийроқлар беш-ўн минг сўм ташлаб кетишади, бошқалари шунчаки раҳмат. Шифокор шунга ҳам хурсанд, иқтисодий жиҳатдан қараганда шундай тушумларга ҳам шукур қилиб кўча тозалаш, бинони таъмирлаш, обуна, ишидан ташқари уйма-уй юриб ҳамманинг ҳолидан мажбурий хабар олишларни ҳам ичига ютиб бажаради.

Бўлган воқеа, ўқиб ваҳмингиз келади. Поликлиникадаги бир нечта таҳлил учун бир шифокорга ўн минг сўм (!) бераётган бемор шу врач-лаборантни керакли жойга тутиб берибди. Озми, кўпми —порада! Деярли 30 йиллик фаолиятини шу тарзда якунлаган ва камига панжара ортига порахўр сифатида йўл олган, шундоқ ҳам учма-уч кун кечириб келган шифокор ўз соҳасига тупуриб кетган бўлса ажабмас. Энди бир ўйлаб кўрайлик — ҳозир бир марта тушлик қилсак қанча тўлаймиз? Иккита нон неча пулу дурустроқ битта музқаймоқ неча пул?!

Ўша шифокорни тергов қилганлар, ҳукм қилганлар инсон ҳаёти уёқда турсин, битта қоғозни бошқачароқ ёзганлари учун долларнинг нечтасини кўрдим дейишмаётганини биз кўрмаяпмизми?!

Яна бир тоифа бор: тез ёрдам шифокорлари. Уларники ҳамманикидан ҳам оғир, маст-аластни эплаган ҳам, депрессияни амаллаган ҳам, камига борган жойида калтак еган ҳам шулар. Тўғри, маоши кўпроқ, бандлиги камроқ. Лекин улар ўтказган битта тун бошқаларнинг бир неча кунига тенг. Асабийлик юқори, камига деярли ҳар доим чойчақа ҳам насия бўлади.

Лекин биз буларнинг ҳеч бирини кўрмаймиз ёки кўришни истамаймиз. Биз учун ўша юқори тоифага ўзимиз олиб бориб бераётган пуллар муҳим. Хулосамиз ҳам тайин — ҳамма шифокорлар порахўр! Энди сизга бир савол, ўша юқори тоифадаги шифокор сизни уйингиздан олиб кетиб, мажбурлаб даволаб, пулингизни тортиб олаяптими?!

Ёки айтайлик сиз кечқурун тасодифан шифохонага тушдингиз, операция зарур. Навбатчи жарроҳнинг малакасига шубҳа қилдингиз ва тажрибалироғини чақирдингиз. Малакали шифокорнинг иш вақти эмас, у ҳам барча инсонлардек уйида дам олмоқда. Лекин сизнинг фикрингизча у албатта келиб амалиётни бажариши шарт ва бунинг учун ҳеч нарса умид қилмаслиги лозим, шундай эмасми?

Тўғри, шифокорлар орасида беморнинг мураккаб вазиятидан фойдаланиб диагнозни ваҳима қиладиганлар, даволашдан олдин, ҳали аниқ самара бўлмасдан таъмагирларча пул сўрайдиганлар, арзон дори билан даволаниш имкони турганда қимматини ёзиб, манфаат топадиганлари бор ва улар талайгина. Лекин, ишонинг, унақалар кун сайин камайиб бормоқда.

Дарвоқе, дориларни тавсия қилиш ҳам бир мавзу. Бунинг учун ҳам шифокорлар кўп ва хўб танқид объектига айланди ва бу танқидларда асос ҳам бор. Танқидчиларнинг асосий далили шу дорининг арзони бўлатуриб дўхтир қимматини ёзиб бергани. Яна бу дорининг арзонини кўрсатиб фактлар билан исботлайдилар. Фактларингиз асосли, лекин қисман. Оддий мантиққа эътибор беринг — сифатли нарса арзон бўлиши мумкинми? Арзон дорилар анча қиммат, лекин нуфузли ишлаб чиқарувчи маҳсулотидан самаралироқ дея юз фоиз кафолат бера оламизми? Иккисининг таркиби бир хил дегувчиларга бир мисол — «Москвич» ҳам, «Мерседес» ҳам бир қараганда ўхшаш: иккисида ҳам тўрттадан ғилдирак, биттадан мотор бор, иккови ҳам бир ҳайдовчи ва тўрт йўловчини манзилга элтади. Лекин узоқ йўлга чиққан одам қай бирини танлайди? Айниқса бу соғлиқ билан боғлиқ бўлганда.

Ҳозир шифокорлар маломатлардан қутулиш учун шундай йўл ҳам тутишмоқда — беморга ҳам арзон, ҳам қиммат дориларни тавсия қилиб, тушунтириб, танлаш имкониятини беришмоқда. Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида, жуда бўлмаса дорихонага бориб, шунга ўхшаш дорининг арзон вариантини сотиб олишга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди, организм сизники.

Қисқа қилиб айтганда бизнинг бир нечта ажойиб талабларимиз бор. Шифохонада:

  1. Бизни энг малакали шифокор қабул қилиши лозим.
  2. Навбат ҳар қанча катта бўлмасин биз биринчи киришимиз керак.
  3. Бошқаларга ўн дақиқа вақт ажрата олмай турган шифокор соатлаб бизнинг дардимизни эшитиши, энг зўр тиббий ускуналарда текшириши, барча таҳлилларни зудлик билан ўтказиши шарт.
  4. Энг муҳими дориларни ҳам ўзи бериб, хизматига ҳеч нарса умид қилмаслиги лозим. Чунки отнинг калласидай ойлик олаяпти-да. Бу шартларни бажармаса, унга истаганча заҳар сочиш, порахўрликда айблаш мумкин!

Ана шундай муносабатларимиз туфайли ўзимизда ишлаб турган олий тоифанинг ёши катта вакиллари бировнинг қўлига қарагунча тинчгина хусусий тиббиётга ўтиб кетишни маъқул кўрмоқда. Ёш, умидли мутахассислар эса биз қолоқ дея назарга илмайдиган, ҳар куни ўқ овози эшитилиб турадиган, лекин шифокорнинг қадри баланд давлатларга минг қийинчиликларга қарамай, кўз юмиб кетиб қолишмоқда.

Ўзи шундоқ ҳам тор мутахассисликдан воз кечиб, ҳаммани умумий амалиётга ўтказишда обрўсини тўккан тиббиётимиз бу кетишда қачон ва қандай қилиб нуфузини кўтара оларкин, миллатнинг дардларига қандай қилиб дармон бўларкин, буниси энди катта савол...

«Бунча бу порахўрларни ҳимоя қилиб қолдингиз?», — дея сўрарсиз. Камина ҳам 15 йил аввал тиббиёт институтини тугаллаганман. Аммо бир кун ҳам соҳамда ишлаш насиб қилмади. Қизиғи, менинг ҳозиргача энг қалин олти нафар курсдош дўстларимнинг фақат биттасигина бевосита шифокорлик билан шуғулланмоқда. Ҳар замон асл соҳамни қўмсаб қоламан. Кейин яна улар чекаётган заҳматни ва атрофдагиларнинг муносабатини кузатарканман, ўзимга таскин бераман.

Албатта, шифокорнинг ҳар бирига мўмай-мўмай пул тиқиштиравериш керак деган фикрдан мутлақ йироқман. Лекин уларни камситавериш, меҳнатини тўғри баҳоламаслик, паст назар билан қараш ва айбини топиб, руҳан тепкилаш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг