Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Сеҳрли диёрда ҳам тубдан такомиллаштиришми?

Сеҳрли диёрда ҳам тубдан такомиллаштиришми?

Мақсадимиз уларнинг тажрибасини ўрганиш, тавсияларини эшитиш, асосли танқидларидан тўғри хулоса чиқариш эмасми?!

Фото: «uz.usembassy.gov»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи олдидан ОАВ ходимларидан иборат жуда катта гуруҳ океан ортига йўл олди. Ўзига хос жиҳати шуки, улар орасига шу пайтгача душман мақомида кўрилган, ахбороти тўсилган ва ҳатто борлиги тан олинмаган журналистлар ҳам қўшилди.

Кўпчилик яхши-да. Олдиндан ҳаракат қилган ундан-да яхши. Эртароқ ишга киришган оммавий ахборот воситалари ходимлари Америкадан устма-уст хабарлар узата бошладилар. Улар орасида ўзаро муносабатларга, давлатлараро иқтисод истиқболига, президентларнинг ташаббусларига оид кенг қамровли ахборотларни кўрмоқдамиз, ўқимоқдамиз.

Фақат... Яна шу фақат ярқ этади-да. Наҳотки биз бу сафар ҳам ўз услубимиздан воз кечмаймиз? Яна кўтаринки руҳ, ақл бовар қилмас ялтироқлик, осмон қадар баландпарвоз гаплар билан сафарни якунлаш ҳиди келмаяптими?

Америкалик турли тоифа инсонлардан интервьюлар олинди. Улар орасида олимлар, сиёсатчилар, ўзимизда ишлаб кетган дипломатлар, бизнесменлар бор. Наҳотки уларнинг ҳаммаси таржимонимиз айтганидай «Ўзбекистондаги иқтисодий, сиёсий жараёнлардан ҳайратланмоқдалар. Инқилобий ислоҳотлар ва тубдан такомиллаштириш кўламидан лол қолмоқдалар»?

Ҳеч бўлмаса энди сал бошқачароқ ракурс танлаш фурсати етмадимикан? Ахир ютуқларимиз ўзимизники, ўзимизда истаганча эътироф этиб, янада юксалтириб ётибмиз. Лекин ҳозир бутунлай бошқача фурсат-ку. АҚШ дунёнинг энг етакчи давлати. Унинг сиёсий-иқтисодий салоҳиятига ҳеч бир давлат бас кела олмайди. Шундай экан, нега ўша сеҳрли диёрнинг бизга ёритилаётган қиёфасини ўзимизга мослаб узатамиз?!

Наҳотки биз суҳбат қилаётган корчалонлардан бирортаси Ўзбекистонни танқид қилмаса, танқидни-ку қўйинг, «мана шу соҳаларда бу услубни қўллаш яхши натижа берарди» дея тавсия ҳам бермаса? Ёки биз шунчалар мукаммал давлат эдикмидики, ҳатто ривожланган давлатлар бўйича сўз кетганда ҳам муаммолар тўғрисида рўй-рост сўзлаб «узиб-узиб» оладиган сенаторлару конгрессменлар «қаттиқ ҳайратга» тушиб қолишди?

20 триллион долларлик ялпи ички маҳсулотга, дунё бойлигининг деярли чорагига, жаҳондаги энг етакчи ва бадавлат компаниялару инсонлардан иборат умуммиллий салоҳиятга эга давлатни биз лол қолдириб ташлаганимиз андак нокамтарликдек туйилмаяптими? Биз ҳозир ўзимизни ўзимизга чиройли кўрсатишни эмас, имкон қадар ниманидир ўрганишни, юртимиз манфаатларини олиб чиқишни ўйлашимиз шарт!

Умуман, икки тахмин бор, ё бизга кимдир томонидан «тубдан такомиллаштирилган» ахборот етиб келаяпти, ё фақат мақтовчилардангина интервью олаяпмиз.

Инсон ҳуқуқлари, иқтисодиёт, ташқи сиёсат борасида кўзга кўринарли ютуқларга эришганимиз бор гап. АҚШдаги қатор институтлар бу ютуқларни эътироф этиши аниқ. Мазкур ташриф шу йўналишлардаги интилишлар натижаси эканлигини ҳам тахмин қилиш мумкин. Аммо ҳамон жиловланмаётган коррупция, инвестициялар жалб қилишдаги тўсиқлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммолар, ҳарбий доктрина, экстремизм каби оғриқли масалалар бўйича америкаликлар жим турганига ишониш қийин. Уларнинг сўзларини бизникилар ёритмаса, яна ўша биз душман мақомида кўрганлар боплаб тақдим этиб берадилар.

Ахир мақсадимиз уларнинг тажрибасини ўрганиш, тавсияларини эшитиш, асосли танқидларидан тўғри хулоса чиқариш эмасмиди?!

Агар бу сафар ҳам «тобора мустаҳкамланаётган муносабатлар» ҳақидаги силлиққина ахборот ва умумий гаплардан нарига ўтмасак, бу ҳолат энг камида сўз эркинлиги бўйича бир жойда депсиниб турганимизни англатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг