Судядан тортиб ободонлаштириш бошлиқларигача — пойтахт ва уч вилоятда порахўрлар ушланди

Пойтахт ҳамда Наманган, Фарғона, Самарқанд вилоятларида коррупция жиноятлари фош этилди.
Наманган. Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Наманган вилоят ҳакамлик суди судяси Чуст туманида яшовчи шахсга мазкур туманнинг «Мустақиллик» МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган баҳсли нотурар бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳал қилув қарорини чиқариб бериш эвазига 3 200 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда судяси ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона. ДХХ ва ИЖҚКД ҳамкорлигида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда эса Фарғона вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Ўзбекистон туманидаги чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликнинг наслчилик тоифасига ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб берганлиги эвазига мазкур хўжаликнинг иш бошқарувчисидан 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Дастлабки суриштирув тадбирлари давомида бош мутахассис ушбу пул маблағини вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва мазкур мансабдор шахс 300 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Самарқанд. Пастдарғом туманида бухгалтерия хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни ўзи бухгалтерия ишини олиб бораётган корхоналарнинг гўёки ишчи ходими бўлганликлари ҳақида сохта маълумотлар киритиш орқали иш стажларини кўпайтириб, ҳар бирига 2,5 млн сўмдан пенсия тайинланишини «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази Пастдарғом туман бўлими ходими билан ҳал қилиб, нафақага чиқариб бериш эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари келишилган пулдан 1 900 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Пойтахт. Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг 2 нафар бўлим бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, қурилиш фирмаси томонидан Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 млн сўм миқдорида жарима қўлланилиши юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига тамагирлик йўли билан 30 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter