Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танасидан 16 дона игна топилган бола соғайиб, уйига қайтди

Танасидан 16 дона игна топилган бола соғайиб, уйига қайтди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бундан икки ой муқаддам тошлоқлик 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 14 март куни ушбу кичкинтой Азизбек Абдумажидов соғайиб уйига қайтди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Азизбекнинг онаси фарзандининг безовталиги, инжиқлигидан хавотирга тушиб ўзи яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Дастлабки текширувларда унинг томоғи шишгани, иситмаси борлиги туфайли шамоллаш ташхиси қўйилган. Бироқ боланинг аҳволи ўнгланавермагач, унда рентген текшируви ўтказилган ва танасида игна борлиги маълум бўлган. Бола ва унинг онаси зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилди. Жорий йилнинг 17 январь куни операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 га яқин шифокорлар иштирок этди ва боланинг танасидан 13 та игна чиқариб олинди.


Мавзуга доир:

Бош прокуратура: Танасидан 16 та игна топилган гўдак иши бўйича жиноят иши қўзғатилди


— Игналар бола танасида турлича жойлашган эди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар хирургияси бўлими шифокори Дониёр Асадуллаев. — Чақалоқнинг йўғон ичаги, сийдик қопи, кўкрак қафаси, бўйин қисми, умуртқа поғонаси, юрак остидан топилган игналар болани икки ойча қийнаган. Бу операция тиббиётда камдан-кам учрайдиган оғир ва нозик амалиётдир. Бола операциядан кейин бир неча кун кома ҳолатини бошидан кечирди. Шифокорлар унинг ҳаётини асраш учун бор имкониятни ишга солди. Шундай мураккаб шароитда бемор ҳаётининг асраб қолиниши тиббиётимизнинг ўзига хос салоҳиятидан далолат, десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда, бола вужудида 3 та игна унинг ҳаётига хавф солмайдиган жойларда турибди. Тиббий таҳлилларга кўра, ҳозирча ушбу игналарнинг бола соғлиғига салбий таъсири мавжуд эмас. Агар у болани безовта қилса, келгусида операция йўли билан олиб ташлаш мумкин. Азизбек уйига қайтгач, ҳудудий шифокорлар назорати остида бўлади.  


Мавзуга доир:

Танасидан игналар топилган чақалоқ ҳақида янги тафсилотлар айтилди (видео)


Бола танасига игналар қандай тушиб қолгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шифокорлар 11 ойлик чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай жароҳат аломати йўқлигини қайд этишди.

 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг