Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўрт синфни жамлаган бир хонали мактаб

Тўрт синфни жамлаган бир хонали мактаб

Бир синфда 1-4 синфларга мансуб бўлган 18 нафар ўқувчига дарс ўтаман, — дейди Тўйчи ака...

Фото: «Ishonch.uz»

Чироқчи — нафақат Қашқадарё вилояти, балки мамлакатимиздаги катта ҳудудга эга туман. «Чорвадор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оғзикенг қишлоғи ҳам кенг ҳудудни эгаллаган. Бепоён дашт сарҳадларида жойлашган ушбу қишлоқдаги 146-умумтаълим мактабида 306 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бироқ қишлоқнинг халқ тилида «Янтоқсой маҳалласи» деб аталадиган чекка ҳудудида ҳам мактаб ёшидаги болалар бор. Уларга бу мактаб­­га қатнаб ўқиш узоқлик қилгани учун қишлоқ аҳолиси 2000 йилда ҳашар йўли билан бир хонадан иборат иморат қурган ва бу ерда мактаб «филиали» иш бошлаган-, деб ёзади «Ishonch.uz».

Очиғи, қишлоқ аҳли бу ишга «болалар саводсиз бўлиб қолмасин», деган мақсадда мажбурликдан қўл урган. Ўтган вақт мобайнида омонат бино эскириб, анчайин хароба ҳолга келиб қолди. Яқинда у амал-тақал таъмирланиб, стол-стуллар билан жиҳозланди. Қишлоқдагилар мактабнинг янги филиали биносини қуриб бериш ҳақида мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, уларга тайин­­ли жавоб берилгани йўқ.

Ҳозир бу ерда бир вақтнинг ўзида бир синфхонада тўртта синф ўқувчисига дарс ўтилади. Биргина фидойи муаллим Тўйчи Жуманазаров саъй-ҳаракати билан қишлоқ болалари савод чиқариб, ўқиш-­ёзишни ўрганмоқда.

— Бир синфда 1-4 синфларга мансуб бўлган 18 нафар ўқувчига дарс ўтаман, — дейди Тўйчи ака. — Биринчи синф ўқувчиларига дарс ўтаётганимда қолган синф ўқувчилари кутиб туради…
Бу жумлаларни ўқиганларнинг айримлари «бу гаплар ўтган асрга тегишли бўлса керак» деган хаёлга бориши тайин. Афсуски, бундай эмас. Бу Чироқчича замонавий эртак баёни, холос.
— Телевизор орқали замонавий мактабларда ўқиётган тенгдошларимни кўрсам, ҳавас қиламан, — дейди 2-синф ўқувчиси Гулистон Саидова.
— Келажакда ҳарбий бўлмоқчиман, — дейди 1-синф ўқувчиси Қаҳрамон Саидов. — Бунинг учун яхши ўқишим, спорт билан шуғулланишим керак. Бироқ бунга шароит йўқ…
— Катта бўлсам, тикувчи бўлишни орзу қиламан, — деди 4-синф ўқувчиси Сабрина Саидова.
— Мен ўқитувчи бўлмоқчиман…
— Мен шифокор…
Ўқувчилар бири қўйиб, бири қайси касбни ёқтиришини айта кетишди. Уларнинг орзулари бир олам…
— Қишлоғимиздаги уйлар ўта тарқоқ жойлашган, — дейди «Чорвадор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жуманиёз Абдуллаев. — Шу сабабли кичик ёшли болаларнинг бир кунда 4-5 километр узоқликдаги мактабга бориб келиши қийин. Қанийди, чекка ҳудудда ҳам замонавий таълим ­маскани қурилса…

— Ота-оналарнинг талаби тўғри, — дейди қишлоқдаги 146-умумтаълим мактаби директори Жобир Отамуродов. — Чекка ҳудудда яшовчи ўқувчи асосий мактабдаги дарс­лар бошланишига соат 8:00 га пиёда етиб бориши учун соат 7:00 да уйдан чиқиши зарур. 13:30 да дарслар тугаса, ўқиш­лардан чарчаб-ҳориган ўқувчининг уйига етиб боришига яна бир-бир ярим соат вақт кетади. Яъни, соат 14:30,15:00 да уйига кириб боради. Бу ҳар қандай ўқувчини ҳам толиқтиради.

Ҳозирча Янтоқсой қишлоқчасида яшовчи ўқувчилар биргина синфда сабоқ чиқараяпти. Билим олишни истаганлар эса бошқа мактабга бориши зарур. Айни пайтда ўнлаб ўқувчилар­ уйидан узоқда бўлса-да ўқиш илинжида сарсон-саргардон бўлиб юрибди.
Қишлоқдагиларнинг айтишича, яқинда Қашқадарё вилояти ер-мулк давлат корхонаси Чироқчи тумани филиали мутахассислари бу ерга келиб, янги мактаб филиали қурилиши учун ер майдонини ўлчаб кетишибди. Лекин қурилиш қачон бошланиши ҳали маълум эмас.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу ҳолни мутасаддилар, хусусан, Халқ таълими вазирлиги қандай изоҳлайди? Бу қишлоқда мактаб филиалининг янги биноси қуриладими? Ёки аҳвол «эски ҳаммом, эски тос»лигича қолаверадими? Чироқчига хос эртак қандай якун топади?
Бу каби саволларга ижобий ечим топилса, Оғзикенг қиш­лоғидан нафақат моҳир чавандоз-у чорвадорлар, балки жамият учун нафи тегадиган кўплаб зиёли ва тадбиркор инсонлар етишиб чиқади. Бунга ишончимиз комил. Айтганча, эртаклар ҳам ҳар доим яхшилик билан тугайди…

Акмал АБДИЕВ, «Ishonch» мухбири

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг