Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятида қуриладиган янги халқаро аэропорт ҳақида маълумот берилди

Тошкент вилоятида қуриладиган янги халқаро аэропорт ҳақида маълумот берилди

Кеча, 1 август куни Президент Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилган ва унда Тошкент шаҳрига авиа йўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилаётгани, бироқ бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмаслиги ҳақида айтилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилишича, янги аэропорт ҳозирги аэропортдан 17 км узоқликда — Тошкент шаҳридан жанубда жойлашади. У Самарқанд билан боғловчи амалдаги автомобиль йўли ва яқин келажакда қуриладиган пулли трассага яқин жойда жойлашади.

«Uzbekistan Airports» компанияси раҳбари Жавлонбек Умархўжаев ҳозирги Тошкент халқаро аэропорти йилига 11 млн йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга эканлиги, 2030 йилгача аэропорт кенгайтирилса ҳам, кўпи билан 14 млн кишига хизмат кўрсата олиши мумкинлигини маълум ыилди.

«2030 йилдан сўнг йўловчилар сони 15 млн нафардан ошиши кутилмоқда. Аэропорт атрофидаги инфратузилма ҳам бу юкламаларга дош беролмаяпти. Иккита учиш-қўниш йўлаги бор, қолаверса, марказда жойлашгани боис самолётларнинг манёвр имкониятлари чекланган», – дейди Умархўжаев.

Маълум қилинишича, биринчи босқичда у йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсата олади. 169 та самолётни бир вақтнинг ўзида жойлаштириш имкони бўлади. Бир соатда камида 40 дан ортиқ парвозга хизмат кўрсатилади. Терминал биносидан самолётга тўғридан-тўғри ўтиш имконини берадиган кўприклар сони аввалида 14 та бўлади, лойиҳа якунида эса 45 тага етказилади. Яъни, асосий хизматлар терминалнинг ўзида амалга оширилади.

Ҳозирча лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши айтилмоқда. Лойиҳа қиймати ва хусусий шериклар ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг