Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туяқуш боқинг! Харажати кам, даромади мўл

Туяқуш боқинг! Харажати кам, даромади мўл

Фото: «Xabar.uz»

Бугун юртдошларимиз орасида тадбиркорликка, айниқса, қишлоқ хўжалигидаги баъзи соҳаларга қизиқиш анча юқори. Қизиғи, бу соҳаларнинг сердаромад эканлигини ҳали кўпчилик билмайди. Мисол тариқасида туяқушчиликни олайлик. Харажати қушдек, даромади туядек бўлган бу соҳага бугун бутун дунё қизиқаяпти десак муболаға бўлмайди.

Тошкент вилояти Қибрай туманида туяқушчилик билан шуғулланаётган ишбилармон борлигини эшитиб, шу ёққа йўл олдик. Темир тўсиқ билан ўралган майдондаги баҳайбат туяқушларга яқинлашар эканмиз, уларнинг озуқаси ҳам ўзига яраша бўлса керак деган гап ўтди хаёлимиздан. Аммо «Ҳайитбоев Сайдулла» фермер хўжалиги раиси Муродилла Ҳусанов билан суҳбатимизда бу фикримиз нотўғрилигини билдик.

— Муродилла ака, тадбиркорликнинг нега айнан шу турига қизиқиб қолдингиз ва бу фаолиятни қачондан бошлагансиз?

Мен бу соҳага интернет орқали маълумотларга эга бўлиб, қизиқиб қолдим ва Россиядан 2015 йили 24 дона туяқуш олиб келиб, иш бошладим. Ҳозир туяқушларимиз сони 200 дан ошди. Туяқуш жуда тез кўпаяди ва касалликларга ўта чидамли, иммунитети юқори. Жониворлар ичида ўзининг тўйганини биладиган ягона жонзот туяқушдир. Унинг кўриниши баҳайбат бўлгани билан кунлик озуқаси икки килога тенг. Жўжалари 200 граммдан озуқа ейди.

2015 йилда Ўзбекистонга бу соҳа энди ривожланаётган эди. Ўзимиздан Россияга вакил жўнатдик ва у иш ўрганиб келди. Албатта, биздаги туяқушларни Россияники билан бир хил боқиб бўлмайди. Уларнинг иқлими бизникидан фарқ қилади. Афзаллиги шуки, улар бизнинг иқлимга жуда мос, туяқушлар бизда жуда тез ўсади. Минус 20 даражадан плюс 70 даражагача бўлган шароитда бемалол ўсиб-улғаяди. Фақат устидан ёмғир ва қор ўтмаса бўлди, совуққа ҳам, иссиққа ҳам жуда чидамли.

— Туяқуш гўшти ва тухумининг фойдали жиҳатлари нимада, териси ва патларидан ҳам фойдаланса бўладими?

Туяқуш тухуми ва гўштининг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Тухумида холестерин умуман йўқ. Қанд касали ва қон босими бор беморлар ҳам унинг тухумидан бемалол истеъмол қилишлари мумкин. Туяқуш тухумининг биттаси товуқнинг 35-40 тача тухумига тўғри келади. Қандолатчиликда ҳам товуқнинг тухумидан кўра туяқушники яхши кўпчиганлиги боис унга талаб катта. Гўшти ҳам фойдали. Териси дунё бўйича тимсоҳнинг терисидан кейин иккинчи ўринда туради. Унинг терисидан асосан оёқкийим, аёллар сумкаси ишлаб чиқарилади. Ҳозир шундай лойиҳаларни йўлга қўйиш арафасида турибмиз. 2019 йилдан бошлаб туяқуш терисидан ўзимизда оёқкийим, аёллар сумкаси ва костюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз.

Туяқушнинг яна бир афзалликларидан бири — унинг ҳеч бир аъзоси чиқитга чиқмайди. Масалан, киприкларидан аёллар учун улама киприклар тайёрланади. Патлари совуқни ҳам, иссиқни ҳам ўтказмаганлиги боис улардан қишки уст-бошлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Ичидан чиқадиган мойидан тиббиётда фойдаланилади. Тухумининг пўчоғи эса табиий кальций ҳисобланади, бундан ташқари, ундан ҳар хил сувенирлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Тирноқлари эса олмосга ишлов беришда ишлатилади.

Етиштирилган маҳсулотларни қаерга топширасизлар?

— Туяқушларнинг гўшти, териси ва тухумини етиштириб бериш бўйича Россия билан шартнома тузганмиз. Туяқушчилик бизда энди-энди ривожланаяпти. Лекин дунё бўйича бу соҳага қизиқиш юқори. Хитой туяқушчилик бўйича биринчи ўринда туради. Лекин бизда етиштирилган туяқушларнинг гўшти, териси ва тухумига талаб катта. Сабаби уларга бериладиган озуқаларнинг қуёш энергиясига тўйинганлигида.

— Туяқушларнинг кўпайиш жараёни қандай кечади?

— Туяқушларнинг оиласи битта хўроз (нар) ва иккита товуқ(мода)дан иборат. Ҳар битта товуғимиз бир мавсумда 50-60 тагача тухум қўяди. Биз асосан инкубатор орқали жўжа очтирамиз. Сабаби табиий ҳолатда ўзи очиб чиқадиган бўлса 11 тагача тухум қўйгач, кейин тухумни босишга киришади ва натижада товуқлари тухумдан чиқиб кетади. Биз эса 50-60 та тухум қўйгач, инкубаторга қўямиз ва жўжа очтирамиз. Инкубаторга қўйилган тухумларнинг ҳаммаси ҳам очиб чиқавермайди. Агар тухумларнинг бирортасида эмбрион йўқ бўлса, у жўжа очмайди. Шу боис биз олдин махсус асбоблар орқали тухум ичида эмбрион бор-йўқлигини аниқлаб, сўнг инкубаторга қўямиз. Эмбриони йўқ тухумлар ҳам чиқитга чиқмайди. Бу тухумлар қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ишлатилади ёки истеъмол қилинади.

— Биз учун туяқушчилик нотаниш соҳа бўлгани учун кўпчилик тадбиркорликнинг бу тури билан шуғулланиш жуда қийин бўлса керак деб ўйлайди. Аслида ҳам шундайми?

 — Ҳозирги кунда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кўпгина имкониятлар яратилган. Фақат инсоннинг ўзида ҳаракат бўлса бас. Баъзилар тадбиркорлик қилишга маблағ йўқ дейди. Ахир маблағ топиш қийин эмас, ҳамма банклардан кредит берилаяпти. Айниқса, туяқушчилик билан шуғулланиш учун жой масаласи муаммо дейишади. Аммо бундай эмас. Туяқушларни боқиш учун кўп жой кетмайди. Мана қишлоқларга чиқсангиз бўш ётган жойлар жуда кўп. Туяқушчилик билан шуғулланиш учун ўн сотих жой бўлса бўлди. Атрофини металл тўсиқлар билан ҳам ўраш шарт эмас. Оддий тол новдаларидан фойдаланса ҳам бўлади. Ўн сотих жойда иккита оиласини боқиш мумкин. Қорамол билан солиштирганда бу анча осон. Тухумга кираётган пайтда емини берса бўлди. Еми ҳам жўхори, буғдой каби маҳсулотлардан иборат. Туяқушлар асосан кўк ўтлар билан озиқланади. Катта бўлиб тухумга кирадиган пайтда емини бироз кучайтиришга тўғри келади.

 — Туяқушчилик билан шуғулланишга қизиқаётганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

— Кимдир туяқушчилик билан шуғулланишни ўрганмоқчи бўлса биз бажонидил ёрдам берамиз. Кўпайтириш йўл-йўриғини ўргатамиз. Баъзилар туяқушчилик билан шуғуллангач уни реализация қилишдан чўчийди. Аммо бу томондан ҳам чўчимаслик керак. Қанча маҳсулот бўлса биз ўзимиз қабул қилиб олишга тайёрмиз. Келишсин, бировнинг битта, бошқа бировнинг ўнта туяқуш оиласини боқишга имконияти бордир.

— Гўшти, тухуми, териси ва патларини етказиб бериш бўйича бошқа давлатлар билан ҳам шартномалар тузаяпсизларми?

— Албатта, бугунги кунда Япония билан шартнома тузаяпмиз. Россия билан ҳам шартномамиз бор. Аслида бизнинг мақсадимиз бошқа давлатлар учун хомашё етказиб бериш эмас, балки туяқуш териси ва патларидан бўлган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва чет давлатларга экспорт қилишдир. Келажакда ниятларимиз туяқушчиликни янада ривожлантириш. Яқинда бизга Қибрай тумани ҳокимияти 45 гектар ер, туяқушларнинг ем-хашаги ва озуқасини етказиб беришга ҳам жой ажратишди. Энди ишимизни янада ривожлантирамиз.

Гулруҳ Ёрматова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг