Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«III Евросиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси» очилди

«III Евросиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси» очилди

Фото: «Xabar.uz»

Қозоғистон Республикаси Остона шаҳридаги «Корме» кўргазмалар марказида кеча, 25 апрель куни «III Евросиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси»нинг тантанали очилиш маросими бўлди.

Ушбу кўргазма Европа ва Осиё мамлакатлари нашриётлари, матбаа корхоналари, китоб савдоси билан шуғулланувчи илмий-маърифий ташкилотларни бир ерга жамлаган йирик интеллектуал майдон ҳисобланади.

Дунё халқлари орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, инсонларнинг бадиий тафаккурини юксалтириш, ноширлик ва матбаа соҳасида эришилган ютуқларни оммалаштириш, соҳа вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши учун қулай имконият яратиш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу кўргазмада Осиё ва Европа мамлакатларидан келган ноширлар ўзларининг нашриёт-матбаа маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазманинг очилишида Қозоғистон Республикаси Давлат котиби Гульшара Абдикаликова, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари, мамлакатимиз делегацияси раҳбари Собир Шукуров ва бошқалар мазкур халқаро кўргазманинг аҳамияти тобора юксалиб бораётгани, Евроосиё мамлакатларининг нашриёт-матбаа йўналишида ўзаро тажриба алмашиши, ҳамкорлик қилиши учун қулай муҳит яратаётганини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили, деб эълон қилингани муносабати билан кўргазмада Ўзбекистон павильонига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, мазкур павильонда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази, «Ҳилол нашр» нашриёт-матбаа корхоналарининг беш юздан ортиқ номдаги мингга яқин ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти ва бадиий асарлари намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон мазкур кўргазмада фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётгани учун унинг доирасида «Ўзбекистон» павильонининг ҳам очилиш маросими ўтказилди. Унда Қозоғистон Республикаси Давлат котиби Гульшара Абдикаликова, Остона шаҳри ҳокими Асет Исекешев Ўзбекистоннинг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев иштирок этиб, мамлакатларимизнинг азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлиги янги босқичда изчил давом этаётганини алоҳида қайд этди.

Тадбирда Қозоғистондаги ўзбек миллий маданий маркази жамоаси томонидан тайёрланган маданий дастур меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

60 квадрат метрдан иборат «Ўзбекистон» павильони юртимиз тарихи ва бугунини ўзида акс эттирган. Икки қардош халқнинг буюк алломалари – Навоий ва Абай сиймоси халқаро кўргазмага алоҳида мазмун бағишлаган. Сурат тагидаги жавонда ушбу алломаларнинг буюк мероси жой олган. Павильондаги мониторда мамлакатимиздаги нашриётлар фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилмоқда.

«III Евроосиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси» доирасида машҳур ёзувчи ва шоирлар, маданият намояндари билан учрашувлар, китоб тарғиботига доир тақдимотлар, давра суҳбатлари, конференциялар ўтказилади.

Халқаро кўргазма ярмарка 28 апрелга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг