Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик 100 нафар санъаткор Тожикистонда! (видео)

Ўзбекистонлик 100 нафар санъаткор Тожикистонда! (видео)

Фото: «Zamonaviy.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айни пайтда икки кунлик расмий ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди.

Бугун Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради. Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди.

Икки томонлама музокаралардан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27 та ҳужжат имзоланди.

Олдинда яна бир қатор олий даражадаги тадбирлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ташриф доирасида бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилиши режалаштирилган.

Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталарининг «Дўстлик оқшоми» деб номланган концерт дастури намойиш этилади. Тожик оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, концерт 9 март куни «Кўҳи Борбад» киноконцерт мажмуасида бўлиб ўтади. Концертда ўзбекистонлик санъаткорлардан шунингдек, Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков чиқиш қилади. 

Интернетда ўзбекистонлик санъаткорларнинг Тожикистон пойтахтига етиб боргани акс этган видео пайдо бўлди. Маълумотларга кўра, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чартер рейси орқали 6 март куни 100 дан ортиқ ўзбек қўшиқчилари, раққослари ва мусиқачилари Душанбега етиб боришди.

Концерт дастурида Тожикистон томондан 150га яқин қўшиқчи, мусиқачи ва раққослар чиқиши режалаштирилган. Ўзбек артистлари гуруҳида Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фарpух Зокиров, Озодбек Назарбековлар бор. Тожикистон томондан концертда Давлатманд Холов, Нигина Амонқулова ва опера қўшиқчиси Рустам Дулоевлар иштироки назарда тутилган.

Икки давлат раҳбарларидан ташқари байрамона тадбир томошабинлари қаторидан Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари, Тожикистон ҳукумат ва парламент аъзолари, жамоатчилик вакиллари ҳам ўрин олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг