Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентга менингит касаллиги Россиядан кириб келган. Ундан қандай сақланиш мумкин?

Тошкентга менингит касаллиги Россиядан кириб келган. Ундан қандай сақланиш мумкин?

Фото: «Adme.ru»

Яқинда юртимизда юқумли менингит касаллиги ҳақида турли миш-мишлар пайдо бўлган эди. Мутахассис ушбу гап-сўзларга ойдинлик киритувчи маълумотларни келтириб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова «Minbar»га мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор эканлигини ва менингитдан сақланиш усуллари ҳақида гапириб берди.

Менингит – бош ва орқа миянинг яллиғланиши натижасида мия шишиб, бош ички босимининг ошиб кетишидир. Касаллик жуда тез кучайиб, баъзи ҳолларда биринчи кундаёқ ўлимга олиб келади. У шунингдек мияни жиддий жароҳатлайди. Аксарият ҳолларда инфекцияга вирус, камроқ ҳолатларда бактерия ёки замбуруғлар сабаб бўлади.

Ҳозир Ўзбекистонда менингит эпидемияси борми?

Менингит ўта юқумли хасталикдир. Ўзбекистонда вақти-вақти билан аҳоли орасида менингит касаллиги кенг тарқалгани ҳақида хабарлар болалаб кетади. Яқинда 21 ёшли йигит шу касалликдан вафот этди ва бу навбатдаги шов-шувларга сабаб бўлди.

Лекин бу касаллик бошқа мамлакатларда қанчалик тарқалган бўлса, Ўзбекистонда ҳам шунча. Менингитнинг бир тури бўлмиш менингококк менингити 2019 йил 23 январда Россиядан Ўзбекистонга кириб келган. Ушбу вирусни олиб кирган одам аэропортдан тўғри юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетилган.

Ҳозиргача Тошкент шаҳрида ушбу инфекция билан касалланганлар сони 47 нафарни ташкил қилади. Бу беморлар билан мулоқотда бўлган 5000 га яқин одам эмланди.

Агар касалланиш даражаси 100 минг одамдан ярмида кузатилса, эпидемик ҳолат хатарли бўлади. Бизда ҳозир ундай эмас, хавф бартараф этилган.

Ким таҳдид доирасига киради?

Бактериал менингит асосан чақалоқлар ва қарияларда (60 ёшдан юқори) кўп кузатилади. Шунингдек, менингит барча инфекция касалликлари каби одамлар зич яшайдиган (казарма ёки талабалар ётоқхонаси каби) жойларда тарқалади. Иммунотанқислиги бор одамлар ҳам мубтало бўлиши мумкин.

Бу инфекция кенг тарқалган ўлкаларга айниқса жазирама иссиқда борганлар ҳам таҳдид доирасига киради. Масалан, Маккага умра ёки ҳаж сафарига борадиганлар ҳам эҳтиёт бўлиши керак.

Менингитни қандай вақтида аниқлаш мумкин?

Чақалоқларда менингит симптомларини аниқлаш қийинроқ, чунки уларда ҳарорат кўтарилиши ёки мушакларнинг қаттиқлашиши каби унинг одатий кўриниши кузатилмайди. Бола қайсар, секин ҳаракатланадиган бўлиб қолиши, иштаҳаси йўқолиб, қусиши мумкин.

Иссиқлик билан адаштириб юбормаслик учун «стакан тести»дан фойдаланинг: иссиқлик тошган жойга шиша стаканни босинг, иссиқлик кетмаса зудлик билан шифохонага боринг.

Бу гаплар ёши катталарга ҳам тааллуқли.

Менингитнинг белгилари:

Ҳарорат кўтарилиши – кўпинча бирдан кўтарилади. Бемор совқотишдан шикоят қилади.
Бош оғриғи жуда чидаб бўлмас ва хуруж билан кечади.
Нарсалар иккита бўлиб кўринади, кўз олди хиралашади.
Қорин оғриб, кўнгил айнийди, қусиш мумкин.
Ёруғликка таъсирчанлик ошади, бемор кўзи ёшланади, ёруғликка чидолмайди.
Энса мушаклари қаттиқлашади. Энса – бошнинг орқа қисми. Шунингдек, тизза бўғими ҳам букилишда қийналади.
Қизил тошма тошади, менингит тошмаси босилганда оқармайди. Стакан олиб босиб кўрсангиз, қизариб тураверади.

Менингит қандай юқади?

Менингит ривожланишига туртки бўладиган вируслар ва бактериялар турли йўллар билан юқади. Улардан энг кенг тарқалгани ҳаво-томчи йўли билан. Яъни, юқтириб олиш учун кимдир сиз томон аксиришининг ўзи етарли.

Маиший алоқалар: бемор ёки касаллик ташувчиси билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш, битта маиший воситадан фойдаланиш (идишлар, сочиқ, тиш чўткаси).

Гигиена қоидаларига амал қилинмаганда орал-фекал йўл орқали: озиқ-овқатни ювилмаган қўл билан ейиш, ишлов берилмаган, ювилмаган сабзавот, мева, кўкатлар ва ҳоказоларни истеъмол қилиш.

Гематоген: менингит қўзғатувчиларининг қон орқали юқиши, бемор организмидаги инфекциянинг мавжуд ўчоқлардан қон орқали мия қобиғига тарқалиши.

Оғзаки: менингит қўзғатувчилари билан ифлосланган сувни ютиш (сув омборларида, дезинфекция қилинмайдиган жамоат бассейнларида тасодифан ютиш, ифлосланган сув ичиш) ва ҳоказо.

Менингит билан касалланмаслик учун нима қилиш керак?

Менингитдан тўлиқ ҳимояланиб бўлмайди, чунки қўзғатувчиларининг барчасига қарши ҳамон вакциналар йўқ.

Касалланмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш керак, холос:

қўлни ювиб юриш, бадантарбия қилиш, хонани шамоллатиб туриш, уйни ҳўл латта билан тозалаш кабилар.

Лекин эмланиш ҳам керакдир?

Албатта, эмланиш ҳам зарур, бу бир қатор вирус ва бактериялардан ҳимоя қилади. Лекин менингитни келтириб чиқарувчи барча омилларга қарши вакцина мавжуд эмас. Менингококк, пневмококк, b типидаги гемофиль таёқчаси , паротит (тепки), қизамиқ, сувчечак ва гриппга қарши эмланиш мумкин.

Менингитдан тузалиш мумкинми?

Мумкин, энг муҳими – вақтида муолажани бошлаш. Менингококк инфекциясида касаллик жуда тез кучайиб кетади, баъзида биринчи симптом билан ўлим орасида бир суткагина ўтиши мумкин. Шунинг учун шубҳангиз бўлса, дарҳол шифокорга учранг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг