Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳайитлик

Ҳайитлик

Уфқ узра сизиб чиққан нимжон тонг нурлари тун зулматига бас келолмай, маҳзун ва тунд қиёфада қотиб қолганди. Уй ичидаги сукунат ва зулмат эса Ҳошимжоннинг юрагига кўчган, бутун борлиғини чорасизлик ва изтироб исканжасига солганди.

Бугун — арафа. Эртага эса Муқаддас Ҳайит айёми…

Ҳошимжон ёлғиз ўғли Собиржонга байрам қувончини туҳфа қилишни, ҳеч бўлмаса арзигулик бир ҳайитлик олиб беришни ният қилганди. Аммо ҳайитлик учун асраб қўйилган бор-буди аёлининг кутилмаган хасталиги сабаб дори-дармонга сарф бўлиб кетди. Умидсизлик унинг юрагини кемирар, ичидаги оғриқли хўрсиниқлар томоғига тиқиларди.Мана уч кундирки, унинг ягона тирикчилик манбаи бўлган мардикор бозорида тайинли иш чиқмасди. Осмон ҳам гўё одамлар дардига шерик бўлгандай, тинимсиз йиғлар, совуқ ёмғир ерни саваларди. Ҳар тонг ҳамқишлоқлари билан умид илинжида бозорга чиқишар, аммо кун бўйи ёмғирда ивиб-шаллабо бўлиб, кечга яқин қуруқ йўлкирага аранг етадиган чақалар билан маҳзун қайтишарди.

Бу ўйлар Ҳошимжоннинг кўксига тошдек ботарди. Бироқ у яхши биларди: чорасизликка таслим бўлиш — ота деган муқаддас номга иснод.Шу пайт қалбига гўё бир нур сизиб киргандек бўлди. Ичида кимдир уни туришга, синмасликка ундаётгандек эди. У оғир нафас олиб, қаддини ростлади.

— Нима бўлса бўлди… Таваккал қилдим. Яратган Эгам, Ўзинг йўлимни оч… — дея пичирлади у.

Шу бир оғиз калом унинг қалбидаги қўрқув ва шубҳа туманларини тарқатиб юборди. Умиднинг сўнгги учқунини ҳам сўндирмаслик учун у остона ҳатлаб, совуқ ва нам кўчага чиқди. Кўнглига туккани битта эди: у бугун уйига қуруқ қўл билан қайтмайди. Нима бўлганда ҳам фарзанди учун ҳайитлик олиб келади.

Мардикор бозори бугун ҳам файзсиз эди. Кун ногаҳон айниб, одамлар сийраклашиб қолган, осмон бағрини ёрган чақмоқлар ортидан ёмғир янада авж билан қуйиларди. Совуқ ёмғир томчилари Ҳошимжоннинг юз-кўзини ювиб, кийимларини шалаббо қилган бўлса-да, у жойидан қимирламасди. Чунки унинг қалбида битта илинж бор эди — бугун ўғли олдига қуруқ қўл билан қайтмаслик.

Ниҳоят, ёмғир пардасини ёриб, узоқдан ҳашаматли қимматбаҳо машина кўринди. Машина йўл четида силтаниб тўхташи билан бозордаги саноқли мардикорлар бирдан жонланиб кетишди. Ҳамма худди сўнгги умид қайиғига ёпишгандек машина томон отилди.

Ҳошимжон эса бир четда турарди. Ғурури йўл қўймадими, андиша қилдими — ҳар қалай, у ўзини бошқалардек арзонга солгиси келмасди. Аммо кўп ўтмай ғалати ҳолат юз берди. Машина атрофини ўраб олган йигитлар бирин-кетин орқага чекина бошлашди. Уларнинг юзида ҳазар ва ҳафсаласизлик аралаш ифода бор эди.

«Иш жуда оғирмикан?.. Ё ҳақи арзимасмикан?..» деган ўй ўтди Ҳошимжоннинг хаёлидан. У иккиланишини енгиб, секин машинага яқинлашди.

— Ассалому алайкум, ака, — деди у овозига қатъият беришга уриниб. — Мен ишга тайёрман. Қандай юмуш бўлса ҳам қиламан.

Машина ичида ўтирган киши зиёли, аммо айни пайтда ўта ноқулай аҳволга тушган одамга ўхшарди. У Ҳошимжонга хижолат билан қараб, паст овозда деди:

— Ишнинг ўзи майли-я, укам… Лекин айтишга тилим бормаяпти… Ҳожатхонанинг чуқурига қимматбаҳо телефоним тушиб кетди. Менга телефоннинг ўзи эмас, ичидаги жуда муҳим ҳужжатлар керак. Шуни олиб берадиган одам қидиряпман. Шунинг учун ҳалиги йигитлар ҳазар қилиб кетишди. Сиз аниқ туша оласизми?..

Бу савол Ҳошимжоннинг қалбига ханжардек ботди. Бир тарафда — йиллар давомида асраб келган орияти, ғурури, нафсонияти… Иккинчи тарафда эса эртага: — Дада, менга ҳайитлик олиб келдингизми?.. — деб умид билан кўзига тикиладиган Собиржони… Уй тўрида касаллик билан олишиб ётган аёли… Қозони совуб қолган хонадони…

Эртага ҳамманинг уйидан ҳайит ҳиди таралганда, унинг уйи ҳувиллаб туриши…Инсоний ғурур ва оталик бурчи унинг қалбини аёвсиз тилка-пора қиларди. Кўз олдига ўғлининг маҳзун нигоҳлари келиши билан у ичидаги барча кибрни бўғиб ташлади.

Фарзандининг биргина табассуми учун инсон ҳатто ўз ориятини ҳам қурбон қила оларкан…

Ҳошимжоннинг кўзларидан оққан ёш ёмғир томчиларига қоришиб кетди. У оғир тин олди. Сўнг бошини тик кўтарди.
— Мен розиман, ака. Кетдик, — деди қатъий овозда. — Фақат ишга киришишдан олдин баъзи керакли анжомларни олишимиз керак…
Машина соҳиби Ҳошимжоннинг тоғдек бардошига, синмас иродаси ва оталик муҳаббатига ич-ичидан таҳсин айтди.Кўп ўтмай, улар муҳташам бир ҳовли қаршисида тўхташди. Тақдир йўллари туташган ана шу лаҳзада ҳалиги киши кутилмаганда Ҳошимжонга ўгирилди. Унинг нигоҳларида ёш, овозида эса титроқ бор эди.

— Мени кечиринг, биродар… Аслида телефон ҳам, унинг йўқолиши ҳам шунчаки баҳона эди. Ҳеч қандай телефон тушмаган…

Ҳошимжон нима гаплигини англолмай, ҳайрат ва шубҳа билан унга тикилиб қолди.

Саховатпеша инсон эса сўзида давом этди:

— Мен ушбу муборак кунда, Муқаддас Ҳайит арафасида Яратганнинг ризолиги учун эҳсон қилмоқчи эдим. Аммо бу кўмакни шунчаки тиланчилик қилиб юрганларга эмас, балки оиласи учун ҳар қандай машаққатни бўйнига оладиган, ҳалол меҳнатдан қочмайдиган, ҳақиқий мухтож инсонга илинмоқчи эдим…

У бир нафас тўхтаб, ҳаяжон билан,

— Биласизми, бугун саҳарда ажиб бир туш кўрдим. Тушимда гўё самовий бир садо: “Бугун арафа… Муқаддас кун… Ғафлатда қолма. Эҳсон қил. Аммо унинг қадрини биладиган, муносиб бандага бер…” — деб нидо қилди.

Унинг овози титраб кетди.

— Бозордагиларни кузатдим. Ҳамма енгил иш излади. Шартни эшитгач, ҳазар қилди. Аммо сиз… Сиз оилангиз учун ўзингизни оловга ҳам, сувга ҳам ташлашга тайёр экансиз. Сиз бу синовдан ўтдингиз, биродар. Бугунги ҳайитликка ҳам, эҳсонга ҳам айнан сиз муносибсиз…

Ҳайитлик эса жуда катта эди. Бир велосипед ва рўзғорга анча вақтгача етадиган маблағ…

Бу сўзлар Ҳошимжоннинг қулоғига гўё осмондан тушган муждадай эшитилди. У шу онда буюк бир ҳақиқатни англади: саҳар пайти уни тўшакдан туришга ундаган ўша сирли куч, қалбига умид солган ўша илкис далда беҳуда эмас экан. Қалбларни Сўровчи Зот Анвар аканинг тушига кирган илоҳий нидо билан Ҳошимжоннинг юрагидаги унсиз дуоларни бир-бирига боғлаб, уларни мана шу совуқ шаҳар кўчасида рўбарў қилган экан.

Бу пуллар инсоннинг инсонга берган садақаси эмас, балки сабр, таваккал ва ҳалоллик эвазига юборилган Муқаддас Ҳайит туҳфаси эди…

Ҳошимжон кўз ёшларини тўхтата олмас, титроқ лаблари билан қайта-қайта:

— Худойим… Ўзингга шукр… Бандангни унутмаганинг учун шукр… — дея пичирларди.

Ташқарида эса ҳали-ҳамон ёмғир ёғарди. Аммо Ҳошимжоннинг қалбида аллақачон Қуёш чиқиб бўлган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг