Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШда «ҳинду» президент бўладими? (2-қисм)

АҚШда «ҳинду» президент бўладими? (2-қисм)

Трамп ва Элизабет Уоррен.

Фото: «YouTube»

АҚШда президентлик сайловлари 2020 йил ноябрда бўлиб ўтади. Трамп республикачилар партиясидан ўз номзодини иккинчи муддатга илгари суришини билдирган бўлса, демократларнинг ўнга яқин вакиллари ягона битта вакилни саралаб-аниқлаб олишлари лозим. Элизабет Уоррен хоним АҚШ президентлигига демократлар орасидан ички курашларда қатнашаётган яна бир номзод экани ҳақида тўхталиб ўтгандик.

«Ҳинду» хоним

Элизабет Уорреннинг сиёсий душманлари унинг ўз келиб чиқишини ҳиндуларга бориб тақалишини ўйлаб топган, деб ҳисоблайди.

Унинг қонун чиқарувчи органга сайловлар чоғидаги рақиби, республикачи Скотт Браун жаноблари бу аёл имтиёзларга эга бўлиш мақсадида Америка туб жой аҳолиси – ҳиндулар авлоди эканлиги ҳақидаги маълумотларни сохталаштирганликда айблади.

Бу орқали у университетда профессор лавозимини олиш учун туб жой аҳоли вакилларига яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, манфаат топиб келган.


Мавзуга оид: Официантликдан президентликка қадар (1-қисм)


Бу можаро яна кун тартибига чиқди. «The Washington Post» журналистлари Уоррен 1980-йиллар ўрталарида Техас адвокатлар ассоциациясига кириш учун тўлдирган анкетасини ҳам топишган. Ҳисоб карточкасида ҳам у ўзини америкалик ҳиндулар авлоди, деб кўрсатган.

Уоррен сайловолди кампаниясига қўшилишдан олдин бу миш-мишларга раддия беришга қарор қилди ва ДНК тестидан ўтди. Унинг 6-10 аждодлари ҳақиқий ҳиндулар бўлгани аниқланди. Унинг рақиблари бу орқали Уоррен ўзини оқламоқчи бўлганини, бироқ у оддий америкаликка қараганда жисмида ҳиндулар қони янада камроқ оқишини исботлади, дея иддао қилишди.

Шимолий Америкада яшовчи чероки қабиласи расмий вакили эса Уорреннинг ўзини оқлаш учун ДНК тестини топширишдан фойдаланганини танқид қилиб, унинг қабиласи хонимни ҳинду деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

Сенатор эса тарихдаги бу ноқулай вазият учун кечирим сўраганига қарамай уни ёлғончиликда айблашмоқда.

Трамп ушбу хонимни ўзининг фаол рақобатчиси деб ҳисоблайди. Шу сабабли амалдаги президент унинг ҳар бир чиқишига танқидий муносабат бериб боришга интилмоқда.

Масалан, Трамп жаноблари Уорренни «социалистик тузум қуришни истовчи фирибгар» деб атади.

«Мен баъзан ҳиндулар маликаси Покахонтас деб номлайган Элизабет Уоррен ниҳоят президентлик сайловларига қўшилди. У номзодлар орасида АҚШ туб жой аҳолиси биринчи вакиласи сифатида курашадими ёки 32 йил аввалги хатолари унчалик фойда бермаганини тан оладими, буни сайловолди кампанияси чоғида кўрамиз», дея пичинг қилади Трамп.

Опа ҳам бўш келмаяпти.

«Мен хавфсизликни қуриш учун сидқидилдан ишлаётган одамларни қўллаб-қувватлашга ва ўртаҳол оилаларга ёрдам беришга тайёрман. Мен коррупциялашган Вашингтонни тозалашга тайёрман. Трамп ҳеч нарсани яхшилашга қодир эмас, унинг ҳеч қандай режаси йўқ ва бўлмаган ҳам. Вашингтон Трамп билан янада коррупциялашди ва янада дахлсиз бўлиб олди. Дональд Трамп Америка халқининг реал муаммолари ҳақида заррача тасаввурга эга эмас. Фақат бойлар ва таъсирли кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш билан машғул», деб ёзади у ўз «Twitter»ида.


Мавзуга оид: Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди


У сайловда ғалаба қозонса, Трампни қаматиш режаси бор. Бунга сабаблар етарли. Ҳозирча Трампнинг қайта сайланишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Махсус прокурор Роберт Мюллер эса Трамп сайловолди штабининг Россия билан эҳтимолий келишуви бўйича тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда. Барчаси тергов хулосаларига боғлиқ.

Агар у Трамп учун ижобий якун топса-да, бошқача босим ўтказиш усуллари ҳам сақланиб қолади. Масалан, демократик партия аъзолари АҚШ Вакиллар палатасига сўнгги сайловлардан кейин назоратни ўз қўлларига олишгач, Трамп фаолиятини тергов қилиш режасини билдиришди.

Элизабет Уоррен. Фото: «Zerkalo.az»

Сабаб сифатида 2016 йилдаги президентлик сайловларида Россиянинг аралашуви, президентнинг солиқ декларацияси ва унинг бизнеси, Трампнинг Саудия Арабистонидаги молиявий манфаатлари, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттиснинг сирли истеъфоси, Оқ уй раҳбарининг Суриядан қўшинларни олиб чиқишга қўққисдан қилган қарорлари келтирилмоқда.

Улар солиқ тўламайди....

Оддий ўқувчида хўш, у ҳинду бўлса нима қилибди, деган савол туғилади. АҚШда 565 та ҳинду қабиласининг 5 миллион нафар вакили яшайди. Уларнинг учдан икки қисми мамлакат ҳудудининг 2 фоизини эгаллайдиган резервацияларда истиқомат қилмоқда.

Резервацияларда яшовчилар АҚШнинг асосий халқига қараганда қатор имтиёзлардан фойдаланади. Улар ҳеч бир тўсиқларсиз казино, тамаки ва алкоголь ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин.

Улар яшайдиган ҳудудларда штатлар қонунлари ишламайди. Ҳиндулар ўзлари ўрнатган маҳаллий тартибларга амал қилади. Асосийси, уларнинг қоидалари федерал қонунчиликка зид бўлмаслиги керак.


Мавзуга оид: «Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар


Резервациялар ўз ҳукуматини шакллантириши ва ҳатто ўз фуқаролигини тақдим этиши мумкин. Бундан ташқари, ҳокимият ҳиндуларга аввал йўқотилган ерлар учун товон пулларини тўлаб келмоқда. 

Шу билан бирга улар федерал ҳукумат шаъфелигида бўлиб, уларга вояга етмаганларга бўлгани каби муносабат билан ёндашилади.

Яъни, АҚШнинг бошқа фуқаролари каби тўлиқ ҳуқуқларга эга эмаслар. Масалан, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар ва шу сабабли солиқ ҳам тўлашмайди.

Шунингдек, улар савдо битимларини мустақил имзо қўя ва судларга ўзлари иштирок эта олмайди. Улар ўз фуқаролик эркинликларини амалга ошириш учун махсус воситачи ташкилот, яъни Ҳиндулар ишлари бўйича давлат бошқармаси фаолият юритади. Кундалик ҳаёт тарзини қабилалар кенгаши тартибга солади.

Фақат 16 фоиз ҳиндулар олий маълумотга эга, аксарияти на ўқишни ва на ёзишни билади. Қонунга кўра, қабила вакиллари университетларнинг бюджет ўринларига имтиҳонсиз топшириш ҳуқуқига эга. Ҳиндулар орасида ишсизлик жуда катта бўлиб, уларнинг учдан бир қисми тирикчиликка етадиган минимумдан паст даромадга эга. Жанубий Дакотада ишсизлар сони 83 фоизга етади.

Ҳиндулар орасида ўз жонига қасд қилиш, ичкиликбозликдан нобуд бўлиш, пневмония ва диабет мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўп. Уларнинг ижтимоий тўсиб қўйилгани ҳаётини яхшироқ қилишга ва ҳуқуқлари учун фаол курашишга тўсиқ бўлмоқда.

Энг ёмони, ҳинду хотин-қизлари оддий америкаликка нисбатан 3,5 баробар кўпроқ зўрланмоқда. Зўравонларнинг 85 фоизи ҳинду бўлмаган аҳоли вакиллари экани ташвишлидир.

Уларнинг 70 фоизи ўз тилини бутунлай унутган ва инглиз тилида сўзлашади. Рўйхатдан ўтган 139 та ҳинду тилларининг 130 таси йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Қонунга кўра, бу қадимий туб жой аҳолини ҳинду деб аташ мумкин эмас. Бироқ Трамп жаноблари доим Элизабет Уорренни ҳинду деб ҳақоратлайди. Уоррен эса ўзини улар қонига алоқадор, деб айтганида қандайдир манфаат топиш эмас, балки ҳиндуларга ёшлигидан меҳр билан ўсганини ва уларга ижтимоий хайрихоҳлик ҳиссини туйганини билдиришдан чарчамайди.

Массачусетс штати

27 минг квадрат километр ҳудудга эга штатнинг аҳолиси 7 миллион кишига яқин. У 1788 йилда ташкил топган ва маҳаллий ҳинду қабиласи номига қўйилган. Англияга қарши озодлик учун исён бошлаган Америкадаги 13 та штатдан биридир. АҚШ конституциясини имзолаган янги давлатнинг 6-штати бўлган. Штат 19-асрда АҚШ кемасозлик ва денгизчиликда тармоғида етакчи рол ўйнади.

Шимолда Нью-Гэмпшир ва Вермонт, ғарбда Нью-Йорк, жанубда Коннектикут ва Род-Айленд, шарқда Атлантика океани билан чегарадош.

Бостон энг йирик шаҳри ва штат маркази бўлиб, улкан агломерацияда 5,8 миллион киши яшайди. Ялпи ички маҳсулоти оз эмас, 500 миллиард долларга яқин. Католиклар улуши 44 фоиз, протестанлар 27 фоиз.


Мавзуга оид: Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди


Штат 14 округдан ташкил топган, 50 та шаҳар ва 301 та аҳоли манзилгоҳлари бор. Штат ўзининг либерал ва сўл қарашлари билан машҳур.

АҚШдаги илк босма нашр, газета, кутубхона ва ўрта мактаб айнан шу штатда пайдо бўлган. Бу ерда интеллектуаллар тўпланган деса ҳам бўлади. АҚШнинг 75 та Нобель мукофоти совриндорларини етказган машҳур Гарвард университети, олий ўқув юртлари рейтингида пешқадамлардан саналган Массачусетс технологиялар институтлари айнан ушбу штатда жойлашган.

Демократлар қўли узунми?

Ҳозирда ички кураш албатта, қизғин паллага киргани йўқ. Аммо демократлар ўз орасидан Трампга қарши кура оладиган энг муносиб номзодни топиб олиши ва унинг атрофида бирлашиши лозим.

Аммо ёрқин етакчи кўзга ташланмаяпти. Шу сабабли собиқ президент Барак Обамани яна катта сиёсатга қайтиши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Тўғри конституцияга кўра, у учинчи бора президент бўла олмайди, аммо вице-президент сифатида сиёсий жараёнларда билвосита иштирок этиши мумкин. У ҳолда унинг рафиқаси Мишель Обама ҳам демократлар орасида ўз номзодини илгари суриши мумкин.

Ёки бўлмаса, унинг собиқ вице-президенти, 76-ёшли Жозеф Байден иштирок этиши, шунда Обама номзодини вице-президент сифатида кўрсатиши мумкин. Ҳозирча у ўз номзодини апрель ойида эълон қилиши кутилмоқда. Аммо унинг яқин маслаҳатчилари аллақачон тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди.  

Яна бир донгдор демократ 73 ёшли Хиллари Клинтон хоним Трамп билан курашдан сўнг катта сиёсатдан ҳафсаласи пир бўлган чоғи, бу галги сайловларда ортиқ қатнашмаслигини билдирди. Аммо у кимни қўллаб-қувватласа, ўша номзодга катта куч ва имконият бағишлаши муқаррар. 2016 йили партиядоши Элизабет Уоррен айнан уни қизғин қўллаб-қувватлагани ҳисобга олинса, бу гал чархпалак айланиши мумкин.

Элизабет Уоррен. Фото: «Известия»

Аммо 2016 йилда демократлар сафида Клинтон хоним билан рақобатлашган, Вермонт штатидан 77-ёшли Берни Сандерс унга асосий рақиб бўлиши мумкин.

Шу кунларда демократларни бошқа бир жиҳат қувонтирмоқда. Нью-Йорк собиқ мэри, миллиарддер Майкл Блумберг Демократик партиянинг молиявий жиҳатдан фаол қўллаб-қувватловчисидир. У Трампнинг қайта сайланмаслиги учун ярим миллиард доллар сарфлашга тайёрлигини очиқ маълум қилди.

Бу галги сайловларда Трампнинг муҳожирлик сиёсатидан норози 32 миллион лотин америкаликлар, 30 миллион афроамерикаликлар ҳам қатнашиши кутилмоқда. Трампни шунингдек АҚШдаги аёл сайловчилар ҳам хушламайди ва нозик жинс вакилаларининг 27 фоизи уни қўллаб-қувватламоқда. Улар ҳам демократлар қаторига қўшилса, республикачилар анча танг ҳолга тушади.

Тарихга назар солинса, 1872 йили Виктория Клафлин Вудхалл хоним АҚШ президентлиги учун сайловларда хотин-қизлар орасидан биринчи бўлиб, ўз номзодини илгари сурган эди. Бироқ ўшанда Улисс Грантга мағлубиятга учраган. Бирорта америкалик хотин-қиз ҳозиргача сиёсий жиҳатдан олий чўққини забт эта олмади. 2020 йилда уларнинг умидлари ушалиши учун барча асослар бор.

А.Ҳасан ўғли, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг