Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аш-Шараа Кремлдан Башар Асадни қайтариб беришни сўраяпти

Аш-Шараа Кремлдан Башар Асадни қайтариб беришни сўраяпти

Суриянинг муваққат ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараа 15 октябрь куни Россияга расмий ташриф билан келди. Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат илгариги Дамашқ режими тузган барча келишувларни ҳурмат қилади ва Россия қўшинларининг Тартус ҳамда Хмеймимдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиш ниятида. Бу икки база – Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий логистик ва ҳарбий марказлари ҳисобланади.

Бироқ Reuters агентлиги манбаларига кўра, ёпиқ эшиклар ортидаги музокараларда аш-Шараа асосий мақсад сифатида собиқ диктатор Башар Асадни экстрадиция қилиш масаласини кўтарган. Асад 2024 йил декабрида ағдарилганидан кейин Россиядан сиёсий бошпана олган эди. Унинг ҳибсга олиниши ҳақида ордер 2025 йил сентябрида чиқарилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокаралар якунида журналистларга «Асад бўйича қўшимча маълумот йўқ»лигини айтган.

Башар Асад Россияда яшаш шартларидан бири сифатида сиёсий фаолиятдан воз кечган. У ҳануз Москвада турмуш ўртоғи Асма ва болалари билан яшамоқда. Улар «Москва-Сити»да 18 та квартирага эгалиги айтилмоқда.

The New York Times ва Die Zeit маълумотларига кўра, Асадлар Суриядан 250 миллион доллардан ортиқ нақд пулни Россияга олиб чиққан ва уни маҳаллий банкларда жойлаштирган.

Асаднинг укаси, собиқ 4-зирҳли дивизия қўмондони Моҳир Асад ҳам Москвада яшайди. У илгари давлат назоратидаги каптагон (синтетик наркотик) савдосини бошқаргани ва ҳозир «Four Seasons» меҳмонхонасида яшаши ҳақида маълумот бор.

Die Zeit хабарига кўра, Асад режими ағдарилгандан кейин Россияда камида 1200 нафар собиқ суриялик ҳарбийлар ва разведка ходимлари бошпана топган. Улар асосан алавий диний гуруҳига мансуб бўлиб, Асад ҳокимиятининг таянчи бўлган.

The New York Times аниқлаган шахслар орасида:

  • Али Айюб, собиқ бош штаб начальниги ва мудофаа вазири – кимёвий қурол ишлатилишида иштирок этгани айтилади;
  • Али Аббос, Асад армияси қўмондонининг ўринбосари;
  • Камаль ал-Ҳасан, Сурия ҳарбий разведкаси раҳбари бўлган;
  • Али Мамлук ва Кифа Малҳам, миллий хавфсизлик бюросининг собиқ раҳбарлари.

Шунингдек, Сухайил ал-Ҳасан – Асад режими махсус бўлинмалари қўмондони ҳам Москвада эканлиги маълум қилинган. У Идлиб ва Ҳалаб операцияларини бошқарган ва шаҳарларга бомбардимон ҳамда кимёвий қурол билан ҳужум қилиш буйруқларини бергани ҳақида айбловлар мавжуд.

Таҳлилчилар фикрича, аш-Шараанинг Асадни экстрадиция қилиш талаби Москва учун оғриқли масала бўлиб, у Россиянинг Суриядаги нуфузини синовга қўйиши мумкин.

Россия 2015 йилдан бери Асад режимига ҳарбий ёрдам кўрсатиб келган ва унинг ҳокимиятда қолишида ҳал қилувчи роль ўйнаган эди. Аммо Асад ағдарилгандан кейин, унинг маслакдошлари билан бирга Россиядаги сиёсий ва ҳуқуқий вазият янги босқичга кирди.

Манба: t.me

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг