Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Азиз Абдуҳакимов: «Бугунги тест синовларидан 23 нафар абитуриент четлаштирилди»

Азиз Абдуҳакимов: «Бугунги тест синовларидан 23 нафар абитуриент четлаштирилди»

Фото: «facebook.com/AbdukhakimovAziz»

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Фейсбукдаги саҳифасида 2-кунда бўлиб ўтадиган тест синовлари ҳақида маълумот берди:

— Тест синовларининг иккинчи куни бошланди. Барча мутасадди раҳбарлар ва масъуллар ўзига юклатилган вазифаларни ўзига бириктирилган ҳудудларда бажармоқда.

Тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган камера ва мониторлар ишламоқда. Тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz сайтида онлайн кўринишда тўғридан-тўғри ёритилмоқда.

Тест синовлари барча олий таълим муассасаларида бир вақтда 8:00 дан бошланди. Тест синовларида 17 та олий таълим муассасаларининг 31 та таълим йўналишида 29 минг 532 нафар абитуриент иштирок этмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра 595 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 23 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 444 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Тест синовлари ўтказиладиган 57 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди.

Абитуриентлар учун тест синовлари ўтказиладиган барча аудиторияларда ичимлик суви ташкил этилган.

Ҳар бир тест синовлари ўтадиган бинода тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган.

Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинган.

Барча тест синовлари ўтадиган биноларда 1-сменада тест синовлари соат 11:00 да якунланади. 2-смена 15.00да бошланади.

Шу куннинг ўзида тест синовлари натижалари Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилади.

Тест жараёнларига оид фикрлар, мулоҳазалар ва адолатсизликлар ҳақида факт ва далилларингиз бўлса, унда дарҳол Давлат тест марказининг +99895 1991914 рақамли Ишонч телефонига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Барча абитуриентларга тест синовларидан муваффақиятли ўтишида омад тилаймиз!


Маълумот учун: Кеча, 1 август кунги тест синовларининг икки сменида тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли жами 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилганди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг