Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Берлинда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича қатор учрашувлар ўтказилди

Берлинда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича қатор учрашувлар ўтказилди

Берлин шаҳрида (Германия) бўлиб ўтган “ITB Berlin” халқаро туризм кўргазмаси доирасида ташкил этилган UN Tourism туризм вазирлари саммитида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси юртимизнинг туризм салоҳиятини халқаро майдонларда кенг тарғиб қилиш ва мамлакатга туристлар оқимини ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ҳамда бизнес вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Германия Федерал ҳукумати иқтисодиёт ва туризм масалалари бўйича вакили, Бундестаг депутати Кристоф Плосс билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасида институционал ҳамкорликни ривожлантириш, туристик алмашинувлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек немис туристик компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Европа ҳудудидаги Турк-ислом бирлиги ташкилоти раҳбари Али Паша Акбаш билан ўтказилган музокараларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини Европа мамлакатларидаги мусулмон жамоалари орасида кенг тарғиб қилиш, мамлакатнинг исломий ва маданий меросини оммалаштириш ҳамда ташкилотнинг маданий марказларида Ўзбекистонга бағишланган тематик тадбирлар ва тақдимотлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Европа давлатларидан зиёрат туризми йўналишидаги туристлар оқимини ошириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ҳамда ташкилот аъзолари ва ОАВ вакиллари учун Ўзбекистонга пресс-тур уюштириш бўйича келишувга эришилди.

“Private Palace Hotels & Resorts” компанияси асосчиси ва бошқарувчи директори Жино Леонард билан учрашувда Ўзбекистонда меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантиришга халқаро операторларни жалб қилиш, жумладан премиум ва курорт туризми сегментларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги тарихий биноларни бутик-меҳмонхоналар сифатида реновация қилиш ҳамда веллнесс ва тиббий туризм йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Turkish Airlines” авиакомпанияси вице-президенти Аҳмет Ҳарун Бастурк билан учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, мамлакатга кирувчи туристик оқимни ошириш ҳамда авиақатновлар орқали туризмни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, “Turkish Airlines” халқаро коммуникация каналлари орқали йўналишни қўшма тарғиб қилиш, туристик бизнес билан ҳамкорликни кучайтириш, маршрутлар тармоғини кенгайтириш ва парвозлар частотасини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Учрашув якунида, Туризм қўмитаси ва “Turkish Airlines” ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш, шунингдек Европа, АҚШ, Лотин Америкаси ва Австралия мамлакатларида Ўзбекистон учун устувор ҳисобланган бозорларда туроператорлар, соҳавий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида роуд-шоулар ҳамда Б2Б учрашувларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг