Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Британияни тарк этиши лозим бўлган россиялик дипломатлар рўйхати тақдим этилди

Британияни тарк этиши лозим бўлган россиялик дипломатлар рўйхати тақдим этилди

Фото: REUTERS / Parliament TV

Расмий Лондон Москвага мамлакатни тарк этиши керак бўлган дипломатлар рўйхатини тақдим этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда. Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия томонидан ҳам жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.

«Ушбу дипломатлар орасида ҳарбий атташенинг вакиллари ҳам бор. Ушбу рўйхат дипломатик канал орқали бизга жўнатилган. Рўйхатдагилар Буюк Британия ҳудудини бир ҳафта ичида тарк этишлари лозим. Биз ҳам жавоб чоралари тайёрлаяпмиз ва улар Британия томонига етказилади», — деди Захарова «Россия-1» телеканалининг «60 дақиқа» дастури эфирида.

14 март куни Британия парламентида чиқиш қилган бош вазир Тереза Мей Россия ҳукуматини ГРУнинг собиқ офицери Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланишига алоқадорликда айблаган. Россия ташқи ишлар вазирлиги ушбу айбловни рад этди ҳамда Россиянинг Лондондаги элчихонаси ҳолат юзасидан ҳамкорликда текширув олиб бориш зарурлиги тўғрисида Буюк Британия ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди.

Мей эса ушбу баёнотларни эътиборсиз қолдириб, Россияга қарши чора-тадбирлар рўйхатини эълон қилди. Расмий Лондон россиялик 23 дипломатнинг мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқда, Россия билан ўрнатилган барча иккитомонлама алоқаларни тўхтатмоқчи, шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Лондонга кутилаётган ташрифини бекор қилди. Вазир Буюк Британияга Лондоннинг таклифига биноан бормоқчи эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг