Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугундан Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди

Бугундан Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бошланди

2026 йил 15 январ соат 00:00 дан Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг биринчи босқичи расман бошланди.

Мазкур босқич доирасида 17 кун давомида фуқаролар census.stat.uz расмий веб-сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижда вақтинча бўлиб турган ватандошларимиз учун ҳам мавжуд бўлиб, улар исталган жойда ягона идентификация тизими орқали рўйхатдан ўтиш имкониятига эга.

Онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби бўйича видеоқўлланма ушбу ҳавола орқали тақдим этилган.

Маълумот учун: Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармони асосида мазкур тадбир 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли тўғрисидаги ишончли маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогноз қилиш учун зарур бўлган муҳим кўрсаткичларни аниқлаш имконини беради.

Рўйхатга олиш жараёнлари оддий, очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Жумладан, саволлар сони дастлаб режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилиб, сўров жараёнининг самарадорлиги таъминланди. Рўйхатга олиш натижасида 38 миллион аҳолига оид ёш таркиби, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ҳамда даромад манбалари бўйича ягона ва яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида ердан фойдаланиш ҳолати, чорвачилик ва паррандачиликка оид асосий кўрсаткичлар ҳам аниқланиши белгиланди.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда, яъни 15–31 январ кунлари аҳолига интернет орқали маълумотларни мустақил равишда киритиш имконияти яратилади. Бунинг учун фуқаролар census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида рўйхатдан ўтиб, ўзи ва оила аъзолари ҳақидаги саволномани тўлдириши мумкин бўлади.

Кейинги бир ой давомида эса «маҳалла еттилиги» аъзолари иштирокида уйма-уй юриш орқали аҳолидан маълумотлар йиғилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг