Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДТМ директори: «Тест имтиҳонлари очиқ, шаффоф ва адолатли ўтиши учун барча шароит яратилди»

ДТМ директори: «Тест имтиҳонлари очиқ, шаффоф ва адолатли ўтиши учун барча шароит яратилди»

Фото: АОКА

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул тест синовларини ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар, кутилаётган натижалар ва келгуси режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов ва марказ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

Маълум қилинишича, жорий йил тест синовлари 29 июль кунидан бошланади. Жорий ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига таҳсил олиш учун 1 миллион олтмиш олти минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди ва маълумотлар базасига киритилган. Тест синовларини ўтказиш учун 66 та бино тайёрланди, биноларнинг энг каттаси 1710 ўринли. Режадаги 3 та бинодан фойдаланилмайди.

Абитуриентлар сони режадагидан кам бўлганлиги сабабли Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Бухорода 1 та ва Тошкент шаҳрида 1 та захирадаги биноларда тест синови ўтказилмайди.

Бинолар бир сменада 1189 та гуруҳда 35670 нафар абитуриент (кунлик 2378 та гуруҳ, 71340 нафар абитуриент) учун кириш тест синовларини ўтказишга мўлжалланган.

Бугунги кунда 66 та бино абитуриентлар сонига етарлича бўлган стол-стул билан таъминланди. Столлар устига абитуриентлар учун кўрсатма маълумотлар қўйиб чиқилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда баҳолар учун 1155 тадан ортиқ видеокузатув камералари, 120 дона мобиль алоқаларини тўсувчи қурилма (глушитель), абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда металлорамалар, бармоқ изи асосида таниш воситалари ўрнатилди. Тест синови ўтказиладиган биноларга қўшимча захира электр тармоқлари уланди.

Ота-оналарнинг кутиш жойлари учун соя-салқин жойлар белгиланди ва уларга маиший шароитлар ташкил этиш белгиланган. Кириш тест синовларида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида абитуриентлар ота-оналарининг тест синовлари жараёнини онлайн режимда кузатиб боришлари учун мониторлар ўрнатилди.

Қабул тест синовлари учун 180 мингдан ортиқ тест топшириқлари шакллантирилган. Тестлар 2-босқичли экспертизадан ўтказилган, уларнинг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги бир хиллиги таъминланади.

Кириш тест синовлари жараёнида гуруҳ назоратчиси вазифасини бажариш учун семинар машғулотларда иштирок этган ҳамда синовларда ижобий баҳоланган олий таълим муассасаларининг жами 5232 нафари профессор-ўқитувчилари, халқ таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимлар билан тегишли меҳнат шартномалари расмийлаштирилган.

— Бугунги кунга қадар 930 мингдан ортиқ абитуриент ДТМнинг dtm.uz расмий веб-сайтидан рухсатномаларини олган, 57 мингдан ортиғи бугун кун якунига қадар олиб кетишлари талаб этилади, — деди Мажид Каримов. – Аммо бу охирги муддат эмас, абитуриентлар имтиҳон кунига қадар рухсатномасини олса, имтиҳонга муаммосиз киритилади. Тест имтиҳонларига кечиккан абитуриентларга ҳам имкон бериш бўйича Давлат қабул комиссиясига таклиф берганмиз. Умуман, тест имтиҳонларида барча учун бир хил шароитни таъминлаш, имтиҳонларнинг очиқ, шаффоф ва адолатли ўтиши учун барча шароит яратилган.

Қайд этилишича, тест имтиҳонлари энг биринчи Сурхондарё вилоятида якунланади — 8 август. Тошкент шаҳри, Наманган ва Сирдарё вилоятларида 10 август, Қашқадарё вилоятида 11 август, Фарғона, Жиззах ва Навоий вилоятларида 12 август, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида 13 август ва Бухоро вилоятида 14 август куни кириш имтиҳонлари якунига етади.

Давлат тест маркази директори бу йил абитуриентлардан аввалги йилларда ҳам ҳужжат топширган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда йиғилган маблағлар миқдорига ҳам аниқлик киритди — 53 миллиард сўм. Ушбу маблағлар тест жараёни учун талаб этиладиган харажатларга йўналтирилади. Шунингдек, 10 мингдан зиёди нотўғри тўловни амалга оширган абитуриентлар ҳам бор ва Марказ ушбу маблағларни эгаларига қайтаради.

Мажид Каримов шунингдек, аппеляция аризаси 4 минг атрофида бўлганини айтиб ўтди. Шулардан 40 дан ортиғи қаноатлантирилган. Суд орқали 8 киши мурожаат қилган ва икки нафари ютиб чиққан.

«Тест маркази нотўғри савол тузмаган. Педиатерия институтига ҳужжат топширган икки абитуриент битта савол бўйича ютиб чиқди. Биз суд қарори бўйича аппеляция беришга вақтимиз бўлмади. Лекин суд қарори талабини бажардик. Биттаси тўлов-шартнома асосида ўқир экан, давлат грантига ўтказилди, яна бирига эса бу йил ўқишга кириши учун имтиёз берилган», — Мажид Каримов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг