Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Энг ёш академик ҳам айнан сизларнинг орангиздан чиқади» – вазир

«Энг ёш академик ҳам айнан сизларнинг орангиздан чиқади» – вазир

Фото: Xabar.uz

Бугун, 13 февраль куни IT-Парк шоу-румида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ахборот технолгиялари соҳасида фаолият кўрсатаётган ёшлар билан учрашгани ҳақида хабар бергандик.

Учрашувда ўтган йил давомида соҳада кўплаб ютуқларга эришилгани ва бунда ёшларнинг ўрни улкан бўлгани эътироф этилди.

«Мана шуларни инобатга олган ҳолда соҳадаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ўқувчилардан тортиб, соҳада ўз ўрнини топишга улгурган ёшларнинг фидокорона меҳнатларини муносиб тақдирлаш учун ҳам алоҳида мукофот жорий этдик», деди Шуҳрат Содиқов.

Ушбу  мукофотларни марказий студияда вазир, жойлардаги студияларда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари топширди.

Учрашувда Президентимиз ташаббуси билан Бирлашган Aраб Aмирликлари билан ҳамкорликда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мазкур лойиҳа доирасида ёшларимиз дастурлаш, веб-портал ва мобиль илова яратиш каби йўналишларда масофадан туриб ўқимоқдалар.

Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган умумтаълим мактабларининг ҳар йили 100 нафар энг яхши «Информатика ва ахборот технологиялари» фани ўқитувчиларини бир марталик мукофотлаш тизими жорий қилинган.

2020 йил якуни бўйича ҳар бир ўқитувчи 4,4 млн.сўмдан рағбатлантирилди.

Аксарият ҳудудларда бу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги ўқитувчилар АйТи таянч мактаблари очилиш маросимида тақдирланадилар.

Соҳа раҳбари жорий йил 1 мартдан бошлаб, илмий унвони ва даражаси мавжуд бўлган соҳа корхоналари ходимларига жамоа шартномаларига мувофиқ қўшимча тўловлар амалга оширилишини маълум қилди.

«Биласизларми, ҳозир орангизда Ўзбекистондаги энг ёш профессор ўтирибди ва у айнан бизнинг соҳа вакили эканлигидан жуда ҳам хурсандман.

Бахтиёр Маҳкамов «Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти» ихтисослиги бўйича профессор ҳисобланади.

У Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор бўлибгина қолмай, республикамизда фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгашнинг энг ёш аъзоси ҳам ҳисобланади. 

Илмий йўналишда муваффақиятга эришган ёшларимиздан яна бири Муҳидинов Муҳриддин.

У ҳам ўтган йили техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига лойиқ деб топилган.

Буни бекорга айнан сизлар билан учрашувда айтаётганим йўқ.

Бундан кўзланган мақсад биринчидан, сизларни ҳам шунга чорлаш бўлса, иккинчидан ўйлайманки, энг ёш академик ҳам айнан сизларнинг орангиздан чиқади, деб умид қиламан», деди Шуҳрат Содиқов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг