Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эртадан бошлаб ўзбекистонликлар Тожикистонга визасиз бориб-келиши мумкин

Эртадан бошлаб ўзбекистонликлар Тожикистонга визасиз бориб-келиши мумкин

Фото: ЎзА

Аввал хабар берганимиздек, 2018 йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида фуқароларнинг ўзаро келиб кетишлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланган эди. Унга кўра икки давлат фуқаролари 30 кунгача визасиз ўзаро сафар қилишлари мумкинлиги айтилган эди.

Ўзбекистон фуқаролари эртадан Тожикистон Республикасига визасиз бориб-келиши мумкин. Бу ҳақда Тожикистоннинг «ASIA-Plus» медиа-гуруҳи расмий сайти хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, бугун, 2018 йилнинг 19 март куни Тожикистон парламенти Ўзбекистон билан имзоланган «Икки давлат фуқароларининг бир-бирининг ҳудудида бўлиши тартиби тўғрисида»ги битимни ратификация қилди.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси спикери Шукуржон Зуҳуров Тожикистон пойтахти Душанбеда шу йилнинг 9 март куни имзоланган битимни тарихий ҳужжат деб баҳолади. У Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигига битим ратификация қилингани ва Ўзбекистон фуқаролари 20 мартдан бошлаб Тожикистонга визасиз келиб-кетиши мумкинлиги ҳақида Тошкентни расман хабардор қилиш ҳақида топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 9 март куни имзоланган фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битим тасдиқланган ва мазкур ҳужжатга мувофиқ Тожикистон Республикаси фуқароларига 2018 йил 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз сафар қилиш имкони яратилган эди. «Тожикистонликлар, мана, тўртинчи кундирки, ушбу имкониятлан баҳраманд бўлиб келмоқда», деб ёзмоқда «ASIA-Plus ».

Келишувга мувофиқ Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ушбу давлатлар ҳудудида 30 кунгача визасиз сафар қилишлари мумкин. Бундан ташқари, фуқаролар уч иш куни мобайнида тўхтаган жойида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг