Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фан олимпиадаларидаги ғирромликлар

Фан олимпиадаларидаги ғирромликлар

Фото: «Ufq.uz»

Фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви таълим тизимида ҳақиқий билимли ва иқтидорли ўқувчиларни саралаб олишга хизмат қилади деганлар хато қилади.

Гарчанд низомга кўра «ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш», «ўқувчиларнинг ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш», «ўқув-тарбия жараёнини, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини такомиллаштириш, улар томонидан қобилиятли ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган якка тартибдаги ишларни ўтказиш» деган ноаниқ ва мужмал иборалар ушбу мусобақаларнинг мақсади дея эътироф этилса-да, амалда кимўзарлик, ном чиқаришга интилиш каби иллатлар мусобақалар мазмунини бутунлай ўзгартириб юборади.

Аксарият ҳолларда фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви бошланиши олдидан ташкилий қўмита аъзолари тинмай шаффофлик, ҳақиқат, адолат, инсоф ҳақида оташин нутқ сўзлаётганда чекка-чекка жойларда «ҳақиқий педагогик», хуфия гурунглар бошланади: «9-cинф кимёда курсдошим ҳакам экан, гаплашайми?», «менинг ўқувчимнинг отаси бой, биринчи ўринни гаплашиб беринглар, илтимос!», «физикадан учинчи ўринни неча пулга гаплашса бўлади?», «менинг жияним ўзи зўр, аммо пул сўрашса униям берамиз...».

Ташкилий қўмита аъзолари ҳамон шаффофлик ҳақида лоф урар экан, «фаришта» ҳакамлар ҳайъати аъзолари танишлар билан кўз уриштириш, ваъда берганнинг кимлигини суриштиришни бошлайди: «аниқми?», «хитланмаганми?», «кейин расво қилмайдими?», «у ўқувчининг отаси закунчи экан». Клиентларнинг гапи ҳам қизиқ: «ўлай агар!», «гарантия!», «унинг отаси битиб кетган бой, сенга бергани унга чақадай гап!..».

Аслида бу гапларнинг ҳаммаси таълим тизими коррупция ботқоғига нақадар ботиб кетганиши, шайтоннинг изнига тушган ҳакамларнинг жирканч башарасини кўрсатади. Аммо унинг илдизлари бошқа томонда. Бу ерда маълум бир хизмат эвазига берилаётган поранинг ўрнини қопловчи манфаатлар ҳам борки, ундан кўз юмиб бўлмайди.

Таълим муассасаларининг рейтинги

Таълим муассасаларининг рейтинги бевосита фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви натижалари билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли муассасалар раҳбарлари ҳар битта балл учун курашиб, натижалар учун фан ўқитувчиларига имтиёзлар, рағбатлар ваъда қилишади. Рағбатлантиришнинг оптимал кўриниши бир ойлик иш ҳақига тенг бўлади. Демак, олимпиадада ҳеч бўлмаса учинчи ўринни ёки 76 баллдан юқори кўрсаткични қайд этган ўқитувчига бир ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. Қолаверса, шу натижалар инобатга олиниб, кейинчалик уларга устама ҳам белгиланади. Касб маҳорати, тарбиявий ва синфдан ташқари ишлар учун ўқитувчида яна 40 фоизгача устама олиш имконияти пайдо бўлади. Бу йил давоми анчагина катта суммани ташкил этади.

Олимпиаданинг туман босқичида шундай воқеа бўлди. Ташкилий қўмитанинг бир инсофсиз аъзоси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларидан бирини чақириб «тез бориб юз минг топиб келинг, сизга фалон фандан 3-ўринни бераман, рейтингингиз кўтарилади» дебди. У киши «оиламизда касалчилик бўлди, ҳозир аҳволим яхшимас, тушунинг, мен пул беролмайман» деса, «унда фан ўқитувчингиздан олинг, рағбат берасиз — қопланиб кетади» дебди. Шу гапларни ўқиган киши гап нимадалигини тушуниб етгандир. Рейтинг ортидан қувиб энг оғир гуноҳга қўл уриш халқ таълими тизимида оддий ҳол.

Шуҳратпарастлик

Кўпчиликда шуҳратга интилиш кучли бўлади. Кўпчилик раҳбарларда натижалар билан мақтаниш, мажлисларда эришган натижалари айтилса ҳаволаниш ҳисси устун бўлади. Бу ҳис ўқитувчиларда ҳам, ўқувчиларда ҳам бор. Ўқувчиси биринчи ўринни олибди, анави ўқувчи республикада ғолиб бўлган экан деган сўзларни эшитиш ҳаммага ҳам ёқади. Ким бунга ўзи эришса ҳамма ҳавас қилади. Ғирромлик билан эришганлар эса...

Мақсадга интилиш ва бу борадаги имкониятларнинг тенг эмаслиги ўз-ўзидан ғирромга йўл очади. Ғирромчи барибир ҳамманинг наздида жирканч одам сифатида баҳоланади ва уга нафрат билан қаралади.

Шундай бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Битта иғвогар ўқитувчи муаллимлар кунига бағишланган кечага керилиб, «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» нишонини тақиб келди. Беихтиёр ҳамманинг афти бужмайиб кетди. «Қандай олибди?», «ким берибди?» деган саволлар кўпайди. Кейин англашилдики, раҳбариятни «ёзвораман» деб қўрқитиб «аълочи» бўлган экан.

Ҳаромхўрлик

Олимпиада жараёнида ҳакамлар, назоратчилар ва аудитория раҳбарларида ўқувчиларга ёрдам бериш учун кенг имкониятлар бўлади. Баъзан улар ўзаро келишиб олишади. Баъзан яширинча, якка ҳолда танишларига ёрдам беришади. Бу қандай бўлишидан қатъи назар ғирромлар қуйидагича бўлади:

  1. Иштирокчига тайёр матнни киритиб бериш.
  2. Иштирокчига тест жавобларини бериш.
  3. Иштирокчига телефон ёки бошқа воситалар орқали кўмак бериш.
  4. Иштирокчи ўрнига бошқа кишини киритиш.
  5. Иштирокчи нотўғри жавоб ёзганда, қайтадан ёзиши учун шароит яратиш.
  6. Иштирокчига оғзаки ёки шпаргалкалар орқали кўмак бериш.
  7. Иштирокчининг ишларини текширишда хатоларини қайд қилмаслик, яъни хатоларга кўз юмиш.
  8. Иштирокчининг ишларини текширишда қасддан рақобатчиларнинг балларини пасайтириш.
  9. Рақобатчи иштирокчиларни чалғитиш, айбини топиб мусобақадан четлаштириш ва ҳоказо.

Бу ғирромликлар тизимда доим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Бунга кўз юмиб бўлмайди.

Ҳалолликка эришса бўладими?

Вилоят олимпиадасида бир тажриба ўтказиб кўрдим. Аудитория раҳбари сифатида олимпиадада иштирок этганим учун бир фандан ҳакамлар ҳайъати билан ҳамкорликда ишлашга тўғри келди. Улар билан суҳбатлашар эканман, «ёлғон гувоҳлик бериш» мавзусидан гап очдим. Ўқувчи олган бални ошириш ёки камайтириш ҳам нотўғри гувоҳлик беришдир деб, бу иш Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳи кабиралардан эканини ҳадис билан тушунтирган бўлдим. Улар бу суҳбатдан маъюс тортиб қолишди, ҳатто биттаси менга ярим пичинг оҳангида «сиз ёмон одам экансиз» деди кулимсираб. Мен «биламан» дедим.

Эртасига шундай вазият юзага келдики, ўқувчилардан биронтаси ҳам ўрин олиш учун керакли балларни йиға олмади. Бир нечтасига 3 ёки 4 балл етмаётганди. Ташкилий қўмитага бу ҳақда ҳакамлар ҳайъати раиси билан биргаликда бориб маълум қилганимизда, билдирмасдан ҳаммасига тенг балл қўшиб баҳоларни кўтаришни тавсия қилишди. Ўзим бу ишни қилмайман, аммо ҳайъат аъзолари кўпчилик бўлгани учун уларга раҳбариятнинг таклифини рўй-рост етказдик. Баҳс бошланди. Биров қўшайлик деди. Биров қўшмаймиз деди. Мен эса анқовдай ўтиравердим. Охири натижа қандай бўлса, шундай қолдиришга келишиб олишди. Ишни ёпдик. Натижани эълон қилдик. Раҳбарият норози оҳангда тўнғиллади, аммо ўзгартиришга кеч бўлган эди. Ҳужжатларни топшириб чиққач, ҳакамлар ҳайъати аъзоларини мактаб ошхонасида учратдим. Ҳаммасининг юзи ёришган, самимий суҳбат қураётган экан. Мен уларга қўшилдим:

– Сизларни табриклайман! — дедим дабдурустдан.

– Нима билан?

– Бугунги ғалаба билан. Бугун ҳеч ким ўрин олмаса-да, сизга яхши бўлди. Битта фандан натижа чиқмаса-чиқмас. Барибир қозонда бори чўмичга чиқади. Энг асосийси, сизлар виждонингизни пок сақлаб қолдингиз.

Ҳамма тушунди. Ҳамманинг кайфияти кўтарилиб даврага самимийлик кирди.

Демак, ҳакамларга иймон ҳақида тушунча берилса, виждон уйғонар экан.

Хулоса ўрнида

Баъзан ўйланиб қоламан: ўқитувчилар нега бунчалар хўрланган? Нега улар жамиятнинг энг билимли қатлами саналса-да, бечораларнинг мавқеи бунчалар паст? Норасида болаларнинг илмини ерга уриб ёки баланд кўтариб пул ишлаётган ўқитувчи, норасида болани синдириб, унинг номидан эшакбозорнинг даллолидай савдо қилаётган ўқитувчи, ўлаксахўрдай искаланиб таниш ҳакам ахтараётган ўқитувчи бунга сабабчи эмасмикан?

Баъзан кичик олимпиада аталмиш бошланғич синфлар олимпиадасида ҳам ўринларни сотишади. Кўзлари жовдираб турган, ҳали нега бу мусобақага келганини англаб етмаган норасида боланинг номидан коррупция ясашади.

Мактабдан пахта теримига қувилган, қайсидир мансабдорнинг келиши учун фаррошдай кўча супуришга, раҳбари йиғилишда гап эшитмаслиги учун темир-терсак тўплашга мажбурланган ўқитувчилар учун бу жазолар камлик қилар...

Қилмиш-қидирмиш дейдилар!

Билимдон бола беғубор бўлади. У орқасидан отасини эргаштириб келмайди. Унда ўқувчи бўлса ҳам ор бўлади. Шунинг учун у ёлғиз интилади. Ҳақиқат бор деб ишониб келади. Унинг ишончини эса ҳаромхўрлар синдиради. Шу сабаб олимпиада ўтаётган муассаса атрофини норозилик ва йиғи тутиб кетади.

Олимпиададан йиғлаб чиқиб кетаётган билимдонларнинг оҳини нега ҳеч ким эшитмайди? Нима бўлса ҳам олимпиада тез ва тинч ўтишини хоҳловчи ташкилий қўмита, бефарқ раҳбарлар, муаммоларни елкасидан ошириб отишга тайёр ходимлар... Уларнинг чарчадим деб нолишлари, ғирромга йўл қўйиб беришлари битта билимдон ўқувчининг бир томчи кўз ёшига арзийдими?

Анвар Бўронов

Манба: Ufq.uz

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг