Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонада 4 фарзанднинг онаси 11 ойдан бери комада ётибди

Фарғонада 4 фарзанднинг онаси 11 ойдан бери комада ётибди

Фото: «Turon24»

Фарғона вилояти Бувайда туманида тўрт фарзанднинг онаси Мадина Йўлдошева 11 ойдан буён комада ётибди. Бу ҳақда унинг онаси Гулчеҳра Назарова «Turon24»га маълум қилган.

«Қизим Йўлдошева Мадина 1989 йилнинг 5 сентябрида туғилган. Бўйлари баланд ва соғлом қиз бўлиб вояга етган. Қўшни қишлоққа келин бўлиб тушиб, уч фарзанд кўрди. 2018 йил 6 февралда, тўртинчи фарзандини туққан куни шифокорларнинг эътиборсизлиги сабабли комага тушиб қолди. Мана, 11 ойдирки, қизим ҳушига келмаяпти», – дейди Гулчеҳра Назарова.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамажоновнинг айтишича, Мадина Йўлдошеванинг касаллиги апаллик синдроми деб аталади.

«Туғруқ пайтида кўп қон йўқотилгани натижасида клиник ўлим юз берган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Асроржон Раҳимов. – Беморга берилган тез тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо мия пўстлоғида клиник ўлим ҳолатларида апаллик синдром ривожланади».

«Қизим Мадина ўша куни врачларнинг эътиборсизлиги туфайди шу ҳолатга тушди деб ўйлайман, – дейди беморнинг онаси Гулчеҳра Назарова. – Чунки у туққанидан сўнг қаровсиз қолган. Қон кета бошлаганидан сўнг шифокорлар уни операцияга олишди. Операция жараёнида қизим шу ҳолга тушиб қолди. Ана ўзига келади, мана ўзига келади деб бизни уч кун алдашди. Кейин 11 кунда ўзига келади дейишди. Аммо мана 11 ойдирки, болам беҳуш. Энг ёмони, қизимга ўзим қараяпман. Фарзандлари ҳар жойда сарсон. Катта қизи Шодиёна 4-синфда ўқияпти. Шаҳодат 2-синфда. Муродулла 6 ёш, кичик қизи Хадичахон 11 ойлик. Катталарига отаси, аммалари, қизимнинг овсини қараяпти. Хадичахонни эса катта аммаси Сурхондарё вилоятига олиб кетган. Ҳар шанба куни болаларни олиб келамиз, улар келса, қизим сезади. Болаларига қараб йиғлайди. Ҳамма нарсани сезиб ётади. Шифокорлар уни 2018 йилнинг июнь ойигача шифохонада сақлаб беришди. Сўнгра «уйингизга олиб кетсангиз, уйдаги муҳитни сезиб, очиқ ҳаводан нафас олиб, тузалиб кетади» деб уйга мажбуран рухсат берворишди. Мен «Қизимни соппа-соғ олиб келганман, қачон ўзига келиб, соғайса, кейин олиб кетаман», десам ҳам шифокорлар мени алдашди».

Онанинг яна бир эътирози туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари қизини Тошкент шаҳридаги неврология илмий-текшириш марказига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтиши учун бепул ордер олиб бермаётгани ҳақида бўлди.

«11 ойдан буён ҳамма нарсамизни сотиб, шу қизимнинг соғайиши учун ҳаракат қиляпмиз. Ёрдам сўраб бормаган идорам қолмади. Тиббиёт ходимлари лоақал бир марталик ордер олиб беришмаяпти. Ҳамма ҳужжатларни Асроржон деган дўхтир олиб кетган эди. Асроржондан ордер ҳақида сўрасак, у «ҳужжатлар Умид акада, ўша киши Фарғонага олиб кетган. Сизларга тез кунда бир марталик ордер тўғрилаб берамиз» деди. Аммо ҳужжатларни ҳам, ордерни ҳам олмадик», – дейди Гулчеҳра Назарова.

Бувайда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Асроржон Раҳимов тез орада беморга текширувлардан бепул ўтиши учун бир марталик ордер берилишини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг