Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Газчиларнинг найранги фош бўлди. Аҳоли «ҳаммасининг тили бир» деган гумонда

Газчиларнинг найранги фош бўлди. Аҳоли «ҳаммасининг тили бир» деган гумонда

Катта қувурдан ўтиши керак бўлган табиий газга тангадек туйнук қўйилган.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz»га Сирдарё вилояти Боёвут тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқолларидан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, туман газ идораси ходимларининг найранги фош бўлган, аммо «иш»ни вилоят газ идораси «бости-бости» қилишга уринмоқда.


Мавзуга оид: Боёвут. Ҳокимнинг оёғи етмаган жойлар...(видео)


Мурожаат мазмуни қуйидагича:

«Сирдарё вилояти Боёвут тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳозирги кунда 6 қишлоқда 576та хонадон мавжуд бўлиб, ушбу хонадонлар табиий газ тармоғига уланган. Маҳалланинг барча хонадонларида газ босими жуда пасайиб, ҳатто ўнлаб уйларга газ умуман етиб бормай қолди. Бу масала бўйича Боёвут туман газ идораси бошлиғи Жавлон Султонов, Сирдарё вилояти газ идораси бошлиғи Жаҳонгир Хидиров, бош муҳандис Дилшод Худоёровга бир неча маротаба мурожаат қилдик. Мурожаат қилинган кунларда масалани ҳал қиламиз деб 1-2 кунга газ босимини кўтариб туришди. Кейинчалик аҳвол яна ўз ҳолига қайтаверди. Бормаган жойимиз қолмади. Охири газ идоралари бошлиқлари маҳалла оқсоқолларига қўполлик қилишга ўтишди. «Хоҳласак газларингни кесдириб ташлаймиз, истаган жойларингга мурожаат қилавермайсизларми, барибир қўлларингдан ҳеч нарса келмайди» дейишди.

Эмишки, бизнинг маҳаллага ажратилган 1 йиллик газ лимити тугабди. Ваҳоланки, 2018 йил март ойларининг бошларида газ бериш тўхтатилиб, 20 ноябрга келибгина у яна ёқилганди. Ўтган йил ноябри охирларидан шу йилнинг феврали бошларигача газ берилди. Наҳотки, 1 йиллик лимитни 2 ярим ойда ёқиб тугатган бўлсак?!

Бизга ажратилган лимит миқдорини идорадагилар яширишмоқда. Ваҳоланки, барча хонадонларда газ ўлчагич асбоблар мавжуд. Қанча миқдорда газ ёққанимизни ҳисоблаб чиқиш қийин эмас.

«Биз томонга келаётган газ қувурларининг бошида датчиклар юқори босимни кўрсатмоқда, жумрак охиригача очилган» дейишди. Лекин текшириб кўрилганда, газ идорасидагининг найранги фош бўлди.

Сизларга тақдим этилган фотолардан (юқорида келтирилган — таҳририят) кўришингиз мумкинки, газ идораси ходимлари томонидан қувурни улаш жойига яширинча газни тўсадиган диск қўйилган экан. Катта қувурдан ўтиши керак бўлган табиий газга тангадек туйнук қўйилган.

Бундай найрангни вилоят газ идорасига маълум қилдик. Аммо улар «ишни» ўзаро «бости-бости» қилишди. Демак, бу ишни улар ўзаро тил бириктириб қилишган, деган хулоса чиқаришга асосимиз бор.

Юқорида тилга олинган уч нафар масъул шахс бундан қандайдир манфаатдордир балки?!

Уларнинг қилган иши қонунга мувофиқми?

Президентимиз халқ маанфати йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган бир паллада бу масъулларнинг халқни қийнаб, сарсон қилаётганини қандай тушиниш мумкин? Бизнинг нидоларимизни ким эшитади?», деб ёзишмоқда маҳалла оқсоққоллари.

«Бости-бости» қилишга уринилаётган иш юзасидан тегишли идоралар суриштирув ўтказишини, асл ҳолат маълум қилинишини кутиб қоламиз. Ахир, халқдан яширинча «тўсилган» табиий газ шунчаки қувурлар ичида йўқ бўлиб кетмайдику?!.

«Xabar.uz» мавзуга яна қайтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг