Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ичкиликбозлик ҳар 10 сонияда бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлмоқда

Ичкиликбозлик ҳар 10 сонияда бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ичкиликбозликнинг ҳалокатли оқибатларига доир ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.

Унга кўра, ушбу хавфли иллат туфайли дунёда ҳар йили 3 миллион киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бу ҳар 10 сонияда бир киши ичкиликбозлик қурбонига айланаётганидан далолат беради.

Бошқача айтганда, жаҳонда содир бўлаётган бевақт ўлимларнинг тахминан 5 фоизи спиртли ичимликларга ружу қўйиш натижасида келиб чиқмоқда. Энг ачинарлиси, ана шу аянчли қисмат эгаларининг қарийб 14 фоизини 20-39 ёш оралиғидаги инсонлар ташкил этяпти.

Тадқиқотларга кўра, спиртли ичимликларнинг зарарли таъсири ўсмирлар ва ёшлар ҳаётига янада кўпроқ хавф солмоқда. Бундан ташқари, сайёрамизнинг турли нуқталарида хотин-қизлар ҳам бу иллатга муккасидан кетаётгани ачинарлидир.

Тўғри, ҳозир дунё бўйича алкоголь истеъмолининг тўртдан уч қисми эркаклар ҳиссасига тўғри келади. Аммо келгусида бу статистика ўзгариб, унда аёлларнинг улуши ошиб кетиши мумкин.

Хўш, бунинг сабаби нимада?

ЖССТ мазкур ҳолатни қатор мамлакатларда алкоголь маҳсулотлари рекламаси ва маркетингига зўр берилаётгани билан изоҳлади. Ҳаммасидан ҳам интернетда онлайн эълонлар тобора кенг ўрин олаётгани хавотирлидир.

Чунки, ўрганишлар шуни кўрсатдики, спиртли ичимликларга мойиллиги юқори кишилар уларнинг жозибадор рекламаси билан тўқнаш келганда, камдан-кам ҳоллардагина нафсини жиловлай олишади.

Шу боис ЖССТ ҳукуматлар ва соғлиқни сақлаш тузилмаларини огоҳликка чақириб, алкоголь маҳсулотлари рекламаси бозорини тартибга солишга чақирди.

«Спиртли ичимликлар ёшларнинг нафақат соғлиги, ҳаёти ва оиласига, балки бутун жамиятга таҳдид солмоқда, — дейди ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус. — Шунга қарамай, уларнинг савдоси ва рекламаси устидан ўрнатилган назорат бошқа психотроп моддаларга нисбатан анча заиф. Бу борада самаралироқ чора-тадбирларни амалга ошириш, соҳани тартибга солиш орқали қанчадан-қанча ёшлар ҳаётини сақлаб қолишга эришишимиз мумкин».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг