Гиннесга кирган иллинойслик новчанинг шуҳрати ва аянчли ўлими

Уодлоу билан бирга суратга тушишнинг мароқли эди.
Роберт Першинг Уодлоу (1918 йил 22 февраль, Олтон, Иллинойс — 1940 йил 15 июл, Манисти, Мичиган) — Гиннесс рекордлар ҳисобига кўра, дунёдаги энг новча одам бўлган. Унинг бўйи нақадар узун бўлганини фотосуратларда кўриб турибсиз.
Уодлоу қисқа умри давомида гипофиз ўсимтаси (мия остидаги ўсишга таъсир кўрсатувчи ички секреция бези) ва акромегалия (акрос — грекча қўл-оёқ, мегас — катта) туфайли баланд қадди-бастга эга эди. Ҳаётдан кўз юмганида унинг бўйи 272 см, вазни 199 кг эди.

Акромегалия — организм ёки айрим аъзоларнинг меъёрдан ортиқ даражада катталиги, ўсиши бўлиб, йиллар давомида ривожланади. Бу касалликда бош оғриғи, ҳорғинлик, ақлий қобилиятлар заифлашуви, кўришнинг ишдан чиқиши учрайди. Шунингдек, жинсий заифлик сезилади.
Роберт Уодлоунинг ота-онаси ўрта бўйли кишилар эди (отаси 180 см бўйли, 77 кг вазнли бўлган). Икки укаси ва икки синглиси ҳам оддий қадди-бастга эга эди.
Робертнинг бўйи ва вазни эса 4 ёшигача меъёрида бўлган. Кейин жуда тез ўса бошлади ва атрофдагиларнинг эътиборини тортди. 8 ёшида 1 м 88 см, 9 ёшида зина бўйлаб отасини кўтариб юрадиган қомат касб этиб, 10 ёшида эса 198 см бўй ва 100 кг вазнни эгаллади.
18 ёшида у янада ўсиб, 2 метр 54 сантиметрга етди, вазни 177 кг бўлди. Роберт 49 ўлчамли туфли кияр, дарвоқе бу пайтда у анча машҳур бўлиб, пойафзални бепул тикиб беришарди.

Баҳайбат ўсмир мактабда таҳсил олиб, 18 ёшида битирди. Сўнг ҳуқуқни ўрганиш учун университетга ўқишга кирди. Худди ўша йили у цирк билан бутун АҚШ бўйлаб кезиб чиқди. 1938 йилдан эътиборан турли томошаларда иштирок этди. Уодлоунинг ҳар бир чиқиши одамларнинг ёпирилиб келишига сабаб бўларди. Уни «меҳрибон баҳодир» дейишарди.
21 ёшга тўлган куни Роберт Уодлоунинг бўйи 2,63 см, вазни 223 кг.га етди. Билагидан ўрта бармоғининг учигача 32,4 см эди. Одамлар уни учрашувларга чақиришар, биргаликда суратга тушиб, суҳбатлашишга қизиқардилар. Иллинойслик новчанинг шуҳрати тобора ошиб бораверди.
Вақт ўтиб, Уодлоунинг саломатлиги панд бера бошлади: бўйи тез ўсаётгани сабабли оёғидаги сезувчанлик ҳисси чекланиб қолди, шу боис ҳассага эҳтиёж туғилди. 1940 йилнинг 27 июнь куни Сент-Луисда бу девқомат одамнинг бўйини охирги марта ўлчаб кўришди: 2,72 см.

1940 йил 4 июлида, мустақиллик куни муносабати билан Мичиган штатининг Манисти шаҳрида чиқиш қилаётган Уодлоунинг оёғини ўзининг ҳассаси шилиб юборди. Натижада инфекция тушиб, сепсиснинг авж олишига сабаб бўлди (сепсис – қонга кирган зарарли микроблар туфайли бутун организмнинг заҳарланиши).
Шифокорлар қон қуйиш ва жарроҳлик амалиёти орқали машҳур америкаликни қутқариб қолмоқчи бўлдилар, бироқ 15 июль куни дунёдаги энг новча одам уйқусида жон таслим қилди.
Уодлоунинг дафн маросимида 40 минг америкалик иштирок этган. Унинг тобути ярим тонна бўлиб, 12 киши кўтарди.

Роберт Уодлоунинг қабрини яхшилаб бетонлашди. Буни марҳум йигитчанинг оила аъзолари илтимос қилишганди. Улар қабрни кимлардир очиб, Робертнинг мурдасини ўғрилаб кетишидан хавфсирагандилар.
Уодлоу қабртошига «At Rest» (Осойишталикда. Оромда) деб ёзилган, холос. Унга ўрнатилган ёдгорлик қабристондаги бошқа ёдгорликларга нисбатан икки баробар катта эди.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter