Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инсульт ҳақида билишингиз керак бўлган 10 та муҳим факт

Инсульт ҳақида  билишингиз керак бўлган 10 та муҳим факт

фото: интернет, очиқ манба

Инсульт мия қон айланишининг кескин бузилиши – дунё бўйича энг хавфли касалликлардан бири ҳисобланади. World Health Organization маълумотларига кўра, инсульт ногиронлик ва ўлимнинг асосий сабабларидан биридир. Қуйида жаҳон олимлари ва йирик тиббий тадқиқотлар асосида тасдиқланган инсульт ва унинг олдини олиш бўйича энг муҳим илмий маълумотлар келтирилган...

Инсульт шунчаки касаллик эмас, балки бутун организм фаолиятига жиддий таъсир қилувчи ҳолатдир. Расмий  маълумотларга кўра, ушбу касаллик дунё бўйича ҳар йили миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир қилади.

 Юқори қон босими – «жим қотил»

American Heart Association ва European Society of Cardiology тадқиқотларига кўра, инсульт ҳолатларининг 50 фоиздан ортиғи гипертония билан боғлиқ. Бунинг олдини олиш учун қон босимини 120/80 атрофида ушлаш керак бўлади.  Туз истеъмолини кунлик 5 граммдан оширманг.

Чекиш – қон томирларини «ичидан емирувчи» омил

Genters for Disease Control and Prevention хулосаларида айилишича, чекиш қонни қуюқлаштиради ва томирларни торттиради. Чекишни ташлагандан кейин 2–5 йил ичида инсульт хавфи кескин камаяди.

Қандли диабет – «сукутдаги хавф»

International Diabetes Federation: «Диабет инсульт хавфини 1,5–2 баробарга оширади». Шундай экан, қондаги глюкозани назорат қилиш, кам углеводли рационга риоя этиш керак.

Нотўғри овқатланиш – асосий сабаблардан бири

Harvard Medical School тадқиқотларига мувофиқ, «Mediterranean diet» (зайтун ёғи, балиқ, сабзавот) инсульт хавфини 30–40 фоиз камайтиради.

Жисмоний ҳаракат – табиий дори

World Stroke Organization хулосасига асосан, ҳафтада 150 дақиқа фаоллик инсульт хавфини сезиларли равишда камайтирар экан.

Ортиқча вазн ва семизлик

Mayo Clinic: BMI юқори бўлган одамларда инсульт хавфи анча юқори бўлади.

Вазнни 5–10% га тушириш ҳам хавфни камайтиради.

Холестерин ва атеросклероз

LDL холестерин томирларни тўсиб, ишемик инсультга олиб келади.

Юрак ритми бузилиши (айниқса, фибрилляция), аритмия қон ивишини келтириб чиқаради ва мияга тромб кетиши мумкин.

Юрак нотўғри урганда, қон тўлиқ айланмайди ва «тиқилиб» қолади. Бу ерда тромб (қон ивиғи) ҳосил бўлиб, кейин мияга бориб, томирни тўсиб қўяди.

AFib билан оғриган ҳар 4 нафар инсондан бири ҳаёти давомида инсультга дуч келиши мумкин. Йилда камида 1 марта ЭКГ текшируви ўтказиб туриш лозим. Юрак уришида нотекислик бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат. Қонни суюлтирувчи дорилар истеъмол қилган маъқул (фақат шифокор назоратида).

55 ёшли эркак ўзини яхши ҳис қиларди. Фақат баъзан юраги «титраб» кетарди. У буни оддий чарчоқ деб ўйлади. Бир куни эрталаб эса гапира олмай қолди... Диагноз: инсульт. Сабаби: аниқланмаган атриал фибрилляция.

Стресс ва руҳий босим

Илмий тадқиқотлар (National Institutes of Health) қайд этишича, узоқ стресс гормонал ўзгаришлар орқали инсульт хавфини оширади.

Бир аёл доимий иш босими, рўзғор ташвишлари билан яшарди. «Ҳаммаси яхши» деб юрарди. Бир куни эса боши қаттиқ оғриб, кўзи қоронғилашди...

Икки кундан кейин унга инсульт ташхиси қўйилди. Шифокорлар сабаб сифатида кучли стрессни кўрсатишди.

Уйқунинг аҳамияти

6 соатдан кам ёки 9 соатдан ортиқ уйқу – хавфли омиллардан бири. Зеро, уйқу вақтида мия «тозаланади», қон босими меъёрлашади. Агар уйқу етишмаса, организм тикланмайди.

Генетик омиллар

Агар ота-онада инсульт бўлган бўлса, хавф юқори. Аммо бунга руҳан ишониш ҳам яхши натижага олиб келмайди.

Бир йигитнинг отаси инсультдан вафот этган. Ўғил «менда ҳам шундай бўлади» демади, қабул қилмади. У спорт билан шуғулланди, овқатланиш тарзини ўзгартирди. Ҳозир 50 ёшида ҳам соғлом – шифокорлар бу йигитни «энг яхши профилактика намунаси» деб атайдилар.

Инсультнинг эрта белгилари

Юз қийшайиши, қўл кучсизлиги, нутқ бузилиши кузатилганда дарҳол тез ёрдам чақириш лозим. Агар 3–4,5 соат ичида ёрдам кўрсатилса, мияни сақлаб қолиш имкони юқори.

Инсультнинг олдини олиш учун нималарга аҳамият бериш керак?

Кунлик назорат жуда муҳим. Қон босимини ҳафтасига камида 2–3 марта ўлчаш, қанд ва холестерин таҳлилларини текшириб туриш лозим.

Сабзавот, мева, балиқ мия учун жуда фойдал маҳсулотлардир.  Қовурилган овқатдан воз кечиш, кунига 8–10 минг қадам ёки 30 дақиқа тез юриш, ёмон одатлардан воз кечиш, чекишни тўлиқ тўхтатиш, табиат қўйнида сайр юрак соғломлиги учун энг муҳим амаллардир.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг