Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Жойларда чиқиндилар олиб кетилмаяпти» – асоссиз қарздорликлар юзасидан сўров юборилди

«Жойларда чиқиндилар олиб кетилмаяпти» – асоссиз қарздорликлар юзасидан сўров юборилди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларига 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 1141 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки ойларида, ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилиб, сезиларли даражада мурожаатлар сони ортганлиги кузатилди.

Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати маълум қилди.

Мурожаатларда асосан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилган.

Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланди. Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келмоқда.

Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан:

  • чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқиб кетишни таъминлаш;
  • асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш;
  • асоссиз қарздорлик сабаб электр энергияси тўловларига киритилган чекловларни қайта кўриб чиқиш;
  • чораларини кўриш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига сўров юборилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари белгиланган муддат ва даврийликда амалга оширилиши шарт. Шунингдек, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилиши белгиланган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга кўра, қаттиқ маиший чиқиндилар белгиланган минимал даврийлик асосида олиб чиқилиши шарт (16-банд), хизмат сифатсиз кўрсатилганда ёки умуман кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тўловдан озод қилинади (33-банд). 

Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида «истеъмолчи тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳамда сифатли хизмат талаб қилиш ҳуқуқига эга» экани, 19-моддасида «хизматлар шартнома ва қоидаларда белгиланган муддат ва сифатда кўрсатилиши шарт»лиги ҳамда 21-моддасида «кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш тақиқланиши» белгилаб қўйилган.

Ҳукуматнинг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига мувофиқ эса чиқиндиларни бошқариш соҳасида қарздорлик ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш ҳамда уни бартараф этиш чораларини кўриш тегишли агентлик вазифаларидан ҳисобланади.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, хизмат кўрсатувчи субъектлар шартнома мажбуриятларини бажариши ва истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиши шарт.

Қўмита, ўз навбатида, фуқароларни хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилишга чақирмоқда ва бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилган

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг