Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коинотни забт этган ўзбек лимони

Коинотни забт этган ўзбек лимони

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент лимони деганда одамлар кўз ўнгида Тошкент вилояти, Сазор қўрғонида таваллуд топган, ўзбек лимончилик мактабининг асосчиси Зайниддин Фахриддинов гавдаланади. Ўзбек боғдорчилик сир-асрорларини дунёга ёйишга муносиб ҳисса қўшган бу заҳматкаш инсоннинг изланишларини нафақат соҳа вакиллари, журналистлар, ёзувчилар, жамоат арбоблари, балки ҳатто фазогирларнинг ҳам қизиқишига сабаб бўлган. Чунки аҳолининг цитрус меваларга эҳтиёжи доимо юқори бўлган.

Академик Қибрай тумани ҳудудида 70 гектарли иссиқхона бунёд этилиб, лимонзор яратилишига бош-қош бўлади.  Халқ селекционери Зайниддин Фахридддинов томонидан Ф-2, «Юбилейный», «Золотое яблоко», «Тошкент», «Мейер» сингари маҳаллий навлари яратилади.

Энг қизиғи, илк бор иссиқхонадаги лимон гулларидан асал олишга эришилган.

«Тўғри асалариларга қўшимча озуқа берилмагани сабаб жуда кам бол йиғилар эди, — деб эслайди у кишининг қизлари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Раъно Хўжаева. — Ушбу камёб неъмат идишларга олиб қўйилар, лимонзоримизга келган энг азиз меҳмонларга тортилар эди, бу асал, айниқса лимонзорга кўп бор ташриф буюрган атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов ва биринчи президентимиз Ислом Каримовга жуда манзур бўлган эди. Лимонзоримизга фазогир Владимир Жонибеков ҳам тез-тез ташриф буюрган. У фазога олиб чиқилган ўзбек лимонини биринчи бўлиб татиб кўрганини тўлқинланиб гапириб бергани ҳам кўз ўнгимда».

Бу боғдаги лимоннинг катталигини илк бор кўрган чет эллик меҳмонлар ҳам ҳайратини яшира олмаган.

«1982 йилнинг баҳорида мен отамнинг ёнларида эдим, — дея хотиралари билан ўртоқлашади Раъно Ходжаева. — Бир пайт укам Муҳаммадазиз Шамсиддин қори ҳамроҳлигида Арабистондан меҳмонлар келганини айтиб қолди. Отам меҳмонларни кутиб олиш учун чиқиб кетди ва Арабистондан келган меҳмонларни лимонзорга бошлаб кирди. Шу пайт меҳмонлар лимон дарахтида ослиб турган ҳар бир донаси 2-2,5 кило келадиган лимонлар олдида тўхтаб: бу қовунми, қовун ҳам дарахтда ўсадими, деб ҳайратини яширолмай қолишди».

Шундан сўнг боғбон Арабистонга бир неча бор сафар қилади ва у ерда ҳам лимонзор боғ яратиб келади.

Боғбоннинг уйида бир дафтар сақланади. Бу дафтарга лимонзорга ташриф буюрган барча инсонлар ўзларининг дил сўзларини ёзиб қолдиришган.

«Бу покиза боққа кирсанг, баҳри дилинг равшан бўлур». Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти.

«Бу ҳамиша мевазор, ажойиб боғнинг сеҳргари яратган ҳосилни Зайниддинбойнинг ақли, идроки, истеъдои, санъати, деб қарайман ва шундай маҳоратли халқим фарзандига таъзим қиламан». Зулфия, шоира.

«... Марсда келажакда олма гуллаши мумкин. Ана ўшанда ишончим комилки, сизнинг лимонларингиз ҳам у ерда ҳосил беражак. Катта раҳматим, заминқадар эҳтиромимни қабул этгайсиз». В.Гречко, космонавт-учувчи.

«Бу ерга қанча одамлар келмасин, менимча ҳар ким Зайниддин Фахриддиновга чин юракдан раҳмат олқиш айтиб кетади… Боғбончилик кўп ҳунарнинг энг сарасидир...» Чингиз Айтматов, ёзувчи.

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Биз эса Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан мана шундай юрт равнақига ҳисса қўшган азиз инсонларни яна бир бор хотирлашга имкон топдик. Улар яратган боғ шоира Зулфия айтганидек: «Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг