Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашинг!» — Президент футболчиларга мурожаат қилди

«Майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашинг!» — Президент футболчиларга мурожаат қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашди. 

Юртимизда спортга, хусусан, футболга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар мазкур ютуқларга катта замин бўлди. 

Сўнгги йилларда жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. 1,5 мингдан ортиқ маҳаллага спорт майдончалари қуриб берилди. Пойтахтимизда замонавий Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, Юқори Чирчиқда «Миллий футбол маркази» ишга туширилди. Ҳар бир вилоятда биттадан профессионал футбол академияси ва футбол мактаблари ташкил қилинди. 

Бу ишлар ҳисобига ҳаваскор футболчилар сони 5 миллионга етди, футбол билан мунтазам шуғулланувчилар 1 миллион 300 мингдан ошди, профессионал футболчилар 17 мингга етди. 

Энг асосийси, футболда коррупция ва таниш-билишчилик деган иллатларга барҳам берилди. Очиқ ва шаффоф тизим яратилди. Бу энг иқтидорли ёшларни, ростакам истеъдодларни катта майдонга олиб чиқди.

«Биз учун футбол нафақат профессионал спорт тури, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватанпарварлик мактаби бўлади. Энди юртимиздаги ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади», – деди Президентимиз.  

Бунинг учун «Ҳар бир маҳалла – футбол майдони» дастури бошланади. Бу умуммиллий ҳаракатга айланади. 

Дастур доирасида «Маҳалла лигаси» ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида «маҳалла – туман – вилоят – республика» босқичидан иборат мусобақалар ўтказилади. 

Умуман,«Маҳалла лигаси» энг яхши иқтидорларни селекция қилишда профессионал клублар учун тайёр база бўлади.

Бугун терма жамоамиз билан катта тажриба ва чемпионлик характерига эга Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби ишлаётгани қайд этилди. 

2006 йилда Германияда ўтказилган мундиалда Каннаваро сардорлик қилган Италия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлган. Ўша йили Каннаваро дунёнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилган ва футбол тарихида «Олтин тўп» соҳиби бўлган кам сонли ҳимоячилардан бирига айланган. 

Янги мураббий жисмоний тайёргарлик ва ҳужумчилар билан ишлайдиган мураббийларни, шифокор, нутритсиолог ва ошпазларни олиб келгани ҳамда халқаро тажрибага эга яхши жамоани шакллантиргани таъкидланди. 

«Фурсатдан фойдаланиб, Фабио Каннаварони мураббий сифатида мундиалдаги биринчи иштироки билан табриклаб, мураббийлар штабига янги зафарлар тилайман», – деди давлат раҳбари.

«Энди футболчиларга қарата айтмоқчиман: жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Сизлар Португалия, Колумбия, Конго каби терма жамоалар билан ўйнайсизлар. Халқимиз ҳар бир ўйинда сизлардан ғалаба кутиши табиий, албатта. 

Лекин бир нарсани доимо ёдда тутинг: сизлар тарихни аллақачон яратиб бўлдингиз! Олдингизда турган муҳим учрашувларда ортиқча босимсиз, ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, борингизни бериб ўйнанг. Ҳар бир тўп, ҳар бир вазият, майдоннинг ҳар бир қаричи учун охиригача курашинг! Мундиалдаги барча ўйинларингизда фан-клублар аъзолари, минглаб футбол мухлислари, Америкадаги ватандошларимиз ҳам стадиондан сизларни қўллаб-қувватлаб туради. 

Майдондаги ҳар бир ҳаракатингизни 40 миллионга яқин халқимиз экран ортида катта ҳаяжон билан ҳайқириб кузатади, юракларни жунбишга келтирадиган ҳиссиёт олади. Ёдингизда бўлсин: эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади! Боринглар, мардонавор ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар! Ғалаба ва омад ҳамиша ёр бўлсин!» – деди Президентимиз сўзининг якунида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг