Милиция билан қўрқитиш... тарбиядаги хато
Тушликка ширинлик пиширдим. Тепа қаватдаги қўшнимга ҳам илиндим. Очиқ чеҳра билан қаршилаган келинчак, салом-алиқ қилиб, «Овора бўлибсиз-да, опа, раҳмат, уйга киринг», – дея қўлимдан ликопчани олди. Келинчак ичкарига кириб кетди. Шунда уйнинг йўлак деворига суяниб, қўрқув аралаш кўзларини катта-катта очганича, менга тикилиб турган икки болакайга кўзим тушди. Уларнинг каттаси 4-5 ёшларда чамамда, мен томонга икки қадам ташлади-да: «Бизни урушгани, бақиргани келмадингизми? Милицияга бериб юбормайсиз-а, у мени қамаб қўймайди-я, мени жазоламайди-я?», – дея савол берди. Кутилмаган бу сўроққа қандай жавоб қилишимни билмадим. Кейин: «Болам, нега сени милицияга бервораман. Улар болаларни олиб кетмайди, балки ёмонлардан асрайди, айби йўқни жазоламайди», – деб турсам, ортга қайтган онаси: «Опа, бунга эътибор берманг», – дея бироз хижолат тортган бўлди. Шунда «Болаларни милиция билан қўрқитасизларми?» – дея сўрадим. «Йўғ-а, опа, ўша куни уйимизга овсинимнинг болалари меҳмонга келганди. Ҳовлида катта бўлишган, бизда домчилик, кейин бола болага қўшилса тўполон қилади-да. Уларнинг тўполонини эшитиб, ён қўшнимиз чиқиб: «Тўполон қилсаларинг, милицияга бервораман, жазолайди», – деб болаларни қўрқитганди. Шундан бери каттам эшик тиқ этса, милиция келдимикин, деб қотиб қолади», – деди... (Ижтимоий тармоқдан оққа кўчирилди.)
Биласизми, юқоридаги ҳолат болалигимизда шўхлигимиз ҳаддан ошганда, катталарнинг бизни «Ҳув, ана, милиция, келяпти», – дея тартибга чақириб, қўрқитишни эслатиб юборди. Ўшанда «милиция»дан роса қўрқардик. Аслида ички ишлар органлари ходимлари шунчалар қўрқинчли одамми? Ёшимиз улғайиб, уларнинг ҳам худди ўзимиз сингари инсон эканлигини, улар давлат хизматчиси сифатида бизга фақат яхшилик учун хизмат қилишни тушуниб етдик. Бироқ, афсуски, болаларни «милиция» билан қўрқитиш ҳамон «урф»да.
Бугун ижтимоий тармоқларнинг ижобий, салбий томонлари ҳақида кўп ва хўп сўз юритилади. Бироқ уларда таркатилаётган янгиликлар, кундалик турмушдаги айрим ҳолатлар одамларни мулоҳазага, мушоҳадага ундаётгани ҳам рост. Кимларгадир кўзгу тутиб, жамиятимиздаги айрим иллатларни йўқотишга хизмат қилаётганини ҳам тан олишимиз керак. Юқоридаги ҳолат ҳам аслида шу маънода ёзилган. Чунки мурғак болажоннинг шўхлиги бир олам. Уни қанчалар тўғри жиловлаш эса ота-онасининг, яқинларининг гарданида. Шундай экан, бунга «милиция»нинг нима даҳли бор. Халқимизда «Бир болага етти қўшни ота-она» деган мақол бор. Ушбу мақол ҳам болаларнинг тўполонидан безган қўшнининг «милицияга бервораман», деган қўрқитишини ёқламайди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Болаларнинг шўхлигини ниманидир, кимнидир сабаб қилиб бостириш, аниқроқ қилиб айтганда, қўрқитиб тарбиялаш нотўғри ҳисобланмайдими? Ундан кўра боланинг ички олами, қизиқишларига аҳамият қаратиб, уни ўзи ёқтирган машғулотларга, спорт турларига бериш орқали ички ғайратини тўғри йўналтириш, ҳаётга қарашлари шакллантириш маъқул эмасми? Уларни нега дарров «милицияга бериб юборамиз», – дея тўхтатиш керак?
Болалар табиатан қўрқоқ ва ишонувчан бўлади. Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан нотўғри қараш билан улғайган болалар кейинчалик уларга қандай муносабатда бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Кейин улар болаларнинг тасаввурида жазоловчи бўлиб гавдаланмайди, дея оласизми? Зеро, болаликда олинган билим, тарбия бамисоли тошга ўйилган нақш. Бу ёш авлоднинг ҳуқуқ-тартибот, ҳуқуқий меъёрлар, қонунлар борасидаги тушунчаларини емирмайдими? Мавзунинг ўйлантирадиган жиҳати шунда.
Бугун замон ўзгарди. Таълим-тарбиянинг ўзига хос янги усуллари ўсиб келаётган авлоднинг жаҳоннинг интеллектул салоҳиятли ёшлари қаторига қўшилишига хизмат қилмоқда. Шундай экан, болаларни «Милицияга бервораман», дея қўрқитиб тарбия қилиш «усули» ҳам ҳар жиҳатдан эскирди. Бу тарбияда нотўғри ечим. Сиз болаларингизнинг бўйидан баланд шўхлигини кулол лойдан кўза ясаганидек моҳирона сайқаллангки, уларнинг фикрати тоза бўлиб улғайсин. Ички ишлар органлари ходимларини жазоловчи эмас, жамиятда тинчлик-осойишталикни, қонун устуворлигини таъминловчи давлат хизматчиси сифатида танисин. Шунда уларнинг орасидан шахти-шижоати баланд ички ишлар органлари ходимлари ҳам етишиб чиқади.
Гулноза Турғунбоева


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter