Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форумининг очилишида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Боку шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Конгресс-марказида Шавкат Мирзиёевни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах қутладилар. Иштирокчиларнинг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун, бу галги форумнинг мавзуси – «Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар». Унда давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Ушбу форум кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.
Ўзбекистон Президенти форум доирасидаги Етакчилар саммитида нутқ сўзлайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter