Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўқитувчининг ўқитувчига жавоби: муаммо ўзимизда эмасми?

Ўқитувчининг ўқитувчига жавоби: муаммо ўзимизда эмасми?

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов Мирзо Улуғбек туманидаги 64-умумтаълим мактабида. 2015 йил.

Фото: «Uzedu.uz»

Ассалому алайкум, Муроджон ака! Гўзал ёзғичларимиз ишга тушганда, қанчалик яйраб кетишимиз, табиий. Аввало, эътироф ва эътибор учун раҳмат! Сиз сингари жонкуяр устозларимиз борлигига шукр!

Гарчи саволлар тўғридан тўғри каминага тегишли бўлмаса ҳам, имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Аввало, ҳеч бир масала юзасидан баҳс-мунозарага эрк бермаганман. Ҳам амалиётчи ўқитувчи, ҳам олим сифатида шиорим: толерантлик — касбий масъулият ва тараққиёт гарови. Шунинг учун ёзганларимни баҳслашиш деб тушунмаслигингизни сўрардим.


Мавзуга доир:
Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда (1-мақола)


Сизнинг биринчи саволингизга жавобим қуйидагича: одатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фан экспертлари томонидан ишлаб чиқилган 12 та умумтаълим фани бўйича абитуриентлар тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар кодификатори ва тест топшириқлари тафсилотлари Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари ва экспертлари томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилади ҳамда тегишли хулосалар қабул қилинади.

Жумладан, 2017–2018-ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашадиган абитуриентлар учун 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфлар бўйича тайёрланадиган тест материаллари 2017-йил 6-апрелда тасдиқланган ДТС ва ўқув дастурлари асосида, 8-, 9-синфлар ва академик лицей, касб-ҳунар коллежларининг 3-курс битирувчилари учун эса 2010-йилда тасдиқланган ДТС ва ўқув дастурлари мавзулари бўйича тайёрланган тест топшириқлари асосида ўтказилади.


Мавзуга доир:
«Таълим муаммолари дарсликдан бошланмоқда» номли мақола юзасидан мулоҳазалар


1-савол юзасидан хулоса: хавотир олманг, 2018–2019-ўқув йили учун ҳам малака талаблари кодификатори ва тест топшириқларини ишлаб чиқишда мавжуд вазиятдан келиб чиқиб адолатли йўл танланади. Ҳеч ким шунчаки тест топшириқларини хаёлий асосда тақдим этмайди.

Яъни умумий ўрта таълимнинг 11-синф ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларининг 3-курс битирувчилари томонидан ўзлаштирилган дастурлар қиёсий таҳлил этилиб, умумий ва ягона кодификатор аниқлаштириб олинади.


Мавзуга доир:
Иккита саволим бор...


2-саволга келадиган бўлсак, Халқ таълими вазирлиги томонидан таянч мактаблар тажрибаси воситасида фанлар ва синфлар кесимида видеосеминарлар ташкил этилаётганлиги ҳаммага маълум Мазкур видеосеминар материаллари билан uzedu.uz; rtm.uz; new.rtm.uz; masofa.uz; innovasiya.masofa.uz сайтларида яқиндан танишишингиз мумкин. Муроджон ака, халқ таълими (public education) роса ҳаракат қиляпти. Менимча, иккаламизнинг вебинар дарслардаги фаоллигимиз етишмаяпти.

Эндиги қадам: зўр интерактив дарс ишланмалари тайёрлаймиз, ҳам журналлар, ҳам сайтларда эълон қиламиз.

Сизга мустаҳкам соғлик, куч-ғайрат тилаб,

Бегзод Хўжаев,
педагогика фанлари доктори, профессор

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг