Ўзбекистонда «яшил» энергия қуввати 8 гигаваттга етди
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати 8 гигаваттга етди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган таҳлилий кўрсатувда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда мамлакатда умумий қуввати 8 гигаватт бўлган йирик «яшил» энергия манбалари фаолият юритмоқда.
Шундан 5,6 гигаватти қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда 2,4 гигаватти эса гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келади.
Маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4,7 млрд киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Гидроэлектр станциялари кўрсаткичлари билан биргаликда ҳисоблаганда, умумий ишлаб чиқариш ҳажми 7,6 млрд киловатт-соатдан ошган.
Кўрсатувда «яшил» энергетиканинг мамлакат иқтисодиёти ва экологик барқарорлик учун аҳамияти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида ҳам сўз юритилади.
Мутахассислар фикрича, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган талабни қоплаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter