Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қассоб билан тортишув (митти ҳикоялар)

Қассоб билан тортишув (митти ҳикоялар)

Фото: Xabar.uz

Бахтиёрлик

Юрагим санчиб уйғондим. Уйда ҳеч ким йўқ эди – аёлим ишда, болалар мактабда. Хаёлимга ёмон ўй келди: ҳеч ким йўқлигида ўлиб қолсам, яқинларимга ҳеч нима деёлмай армонда кетсам нима бўларди? Шукр, ўлмадим, тирикман – шу бахтиёрлик эмасми? Ҳар куни юрак санчийди – илоҳий қўнғироқ бу, тайёрланиб бориш керак дегани бу, шуни англаш ҳам бахтиёрлик эмасми?

Дил ғашланиб, ишхонага келдим. Кираверишда қоровулимиз бир эмас, икки эмас, нақ бешта таклифнома тутқазди. Таниш-билишлар, ҳамкасблар тўйларига чақиришибди. Демак, уларнинг кўнглида борман, йўқлашибди. Бу бахт эмасми?

Қишлоқдан онам телефон қилиб «боряпман сени кўргани», деди. Энтикиб кетдим...

Уч ой олдин анча йиллар кўришмаган дўстим билан бир тўйда учрашиб қолдик. У аълочи эди. Мен эса адабиёту физкультурадан бошқасини ёқтирмасдим. У жуда бадавлат одамнинг ўғли, «ёрқин келажаги» ҳам гўёки нақд эди. Аммо... ҳаммаси ўзгариб кетди. Хуллас, у билан кўришганимизда, жуда тунд кайфиятда эди. Бир пайт унинг кўзлари менинг сочларимга тушди. «Оқариб кетибди-ку», деди. Бу гапни шу қадар қувонч билан айтдики...

Шуям унинг учун бахт-да, тўғрими?

Яна бир танишимиз, жуда яқин танишимиз кўтарилиб кетди. Баҳорда гулу майсалар ўсишига қандай ишонасиз? Мен ҳам шундай ишонч билан унинг ёнига бордим. Арзимас иш билан. У эса тамоман ўзгарган эди. Бечора, кўрмаганнинг кўргани қурсин, дегани шу-да. Орадан кўп ўтмай, қандай кўтарилган бўлса, шундай пастга шўнғиди. Баъзан давраларда юзма-юз келсак, кўзини олиб қочади. Мен билан кўришмаса, енгил нафас олади.

Буям бахт бундайлар учун...

Бахтиёрликнинг сабаблари кўп: ўғриям муддаосига етса, ўзини шодон тутади. Ғийбату иғвога берилиб, бировларнинг ширин ҳаёти, тинчини бузадиганлар ҳам ўзича бахтиёр.

Аммо, қаранг, фарзандларингиз чопқиллаб юрибди: шулар мудом қувнаши учун ҳеч бир кимсага ҳасад қилманг, ҳатто ҳасаднинг ҳам касри бўларкан, ўзига урмаса, авлодига ураркан...

Ариқдаги савоб

Уч ярим, тўрт соат деганда қишлоғимизга кириб бордим. Ариқ тозалаб юрган онамни кўриб жаҳлим чиқди...

Ҳар доим шунақа, болаликда мактабдан келганимда ҳам, синфдошларим билан қош қорайгунча копток тепиб уйга қайтганимда ҳам онам ариқдаги хас-хашакни, тошчаларни териб юрганига дуч келардим. Аянг нима учун ариқда юради, дер эди синфдошларим. Мен уларнинг бу саволидан уялардим. Онам билан жанжаллашардим. Ариқ тозалаб юришидан ор қилардим. «Шундай қилмасам кўнглим жойига тушмайди», дерди онам.

Уйимиз орқасидан оқиб ўтувчи бу ариқдан қишлоқнинг ярми сув ичарди, томорқасини суғорарди. Сувдан нималар оқиб келмасди, дейсиз. Онам чиқиндиларни битта қолдирмай йиғиб оларди. Бирор фойдаси борми, ая, ҳаммамизни уялтирдингиз-ку десак ҳам онам жим эди.

Ўқишга кирдим. Курсдошларим билан қишлоққа борсам, улар ҳам ўша ҳолатга дуч келарди. Яна уялардим, аммо ҳеч нима деёлмасдим...

Онам бизни қийналиб катта қилган. Тамаки экардик, унга сепиладиган доридан заҳарланиб кўп марта касалликка чалинган. Яратганга шукрки, қийинчиликлар ортда қолди. Онам ҳозир, биз фарзандларининг роҳатини кўряпти, десам адашмайман. Тўрт ўғил ва бир синглимиз, беадад шукр, ҳаммамиз уйли-жойли, тайинлимиз. Бир ҳовли набиралари бор онамнинг.

Одамларнинг ҳожатини чиқариш, кўча тозалаш, ариқ тозалаш улкан савоб. Бунинг ажри икки дунёда ҳам намоён бўлади. Биз болаликда онамнинг ариқ тозалаб юришидан ор қилардик. Аслида у ана шу хоксорлиги билан ҳаммамизга ибрат бўлган экан.

...Уч ярим, тўрт соат деганда қишлоғимизга кириб бордим. Машинамни уйимизга олиб борадиган кўчага бурдиму ариқ тозалаб юрган онамни кўриб меҳрим жўшди.

Бир чимдим меҳр

Ишга келаётсам, қўшнимиз жиғибийрони чиқиб машинасини кавлаётган экан. Ҳар замонда тепиб қўяди. Унинг бу ҳолатда кўриб индамай ўтиб кетолмадим. Сўрашиб муаммоси билан қизиқдим.

Бундоқ қарасам, машинасининг таги қоп-қора. Моторни текширдим. Мой йўқ, тўкилиб кетган. Қўшнимга буни тушунтирдим. Машинага улаб, маҳалламиздаги устахонагача олиб бордим. У ерда уста вазиятни кўрди, бизни эшитди ва қўшнимга тушунтирди: «Қўшнидан ёлчиган экансиз, машинани тушунаркан. Ким билади, сиз буни кўрмай, нималар қилган бўлардингиз. Отасига раҳмат бундай қўшниларнинг!»

Катта йўлга чиқсам, ёш жувон икки боласи билан совуқда қалтираб турибди. «Ипподромга» деди. Йўлим эди, ташлаб қўйдим. Пул узатди, олмадим. «Раҳмат, яхши инсоннинг фарзанди экансиз», деди.

Ишдан қайтишда гўшт олиш учун бозорга тушдим. «Терминал кечки еттидан кейин ишламайди», деди уч-тўрт кун олдин нақд пулга «окажон-окажон»лаб гўшт сотган таниш йигит. Унинг муомаласи ёқмай ярим соат тортишдим. Харидорга хушмуомала бўлиш, пластик карта орқали исталган пайтда нарса олиш мумкинлигини уқтирмоқчи бўлдим. «Бориб бунақа талабларни отангизга айтинг», деди пичоқларини бир-бирига қайраб.

Асабим бузилиб уйга келдим. Мени кутиб олган аёлим ҳол-аҳвол сўрашди, чой-нон олиб келди. «Дадангизни туш кўргандим, бир руҳи покларига тиловат қилиб қўйинг, эрталаб айтмоқчи эдим, вақтли кетиб қолибсиз», деди у. Таъсирланиб кетдим.

Бир кунда тўрт хил ҳолат: ҳар бирида дадамни эслатишди. Гарчи қассоб йигит қўполлик қилган бўлса-да, уям падари бузрукворимни ёдга солди-ку барибир.

Шунинг учун уларниям ОТАсига раҳмат!..

Мақсуд Жонихонов.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг