Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сабр косаси тўлди: Россия билан Туркия долларни ишлатмасликка келишиб олишди

Сабр косаси тўлди: Россия билан Туркия долларни ишлатмасликка келишиб олишди

Фото: «AP Photo»

Россия халқаро тўловлардан Америка валютасини сиқиб чиқармоқда. Бунда Москвага АҚШ босимидан жабр кўрган савдо ҳамкорлари кўмаклашмоқда. Дедолларизациядаги яна бир ютуқ — Анқара билан тузилган битим. Тез орада турк банклари Россиянинг SWIFT аналогига уланиб, «Мир» карталарини қабул қила бошлайди. Нима учун доллар асосий халқаро тўлов воситаси мақомини йўқотиб бормоқда? Бу ҳақда «РИА Новости» маълумот беради.


Рубль ва лира учун

Ҳозир 70 фоизгача жаҳон савдо операциялари долларда амалга оширилади, бироқ Америка валютасининг нуфузи кундан-кунга заифлашиб бормоқда. Вашингтон санкцияларига дучор бўлган ҳамда Оқ уйнинг тажовузкор ва кутилмаган ташқи сиёсатидан чарчаган кўплаб мамлакатлар уни рад этишмоқда.

Икки йил аввал Россия, Эрон ва Туркия нефть, газ ҳамда бошқа бир қатор маҳсулотлар учун доллар тўлашга ҳеч қандай сабаб йўқ деган қарорга келишди. 2017 йилда Туркиянинг Россияга 9 фоиз экспорти миллий валютада амалга оширилди.

2018 йил августда Трамп турк пўлати импортига тарифни икки баравар оширди, шундан сўнг лира долларга нисбатан 20 фоизга қадрсизланди. Анқара экспортчиларга миллий валютада халқаро ҳисоб-китоблар улушини ошириш учун ҳар қандай восита ва механизмлардан фойдаланиш вазифасини юклади.

Ўтган йили Россия билан Туркия ўртасидаги савдонинг 22 фоизи рубль ва лирада амалга оширилди. Яна томонлар 12,9 фоиз ҳисоб-китобни Еврода амалга оширишди. Бироқ 65 фоизи барибир доллар улушига тўғри келди. Эндиликда икки мамлакат Америка пул бирлигидан бош тортиш учун навбатдаги қадамни қўйишди.

Икки мамлакат молия вазирлари имзолаган ҳукуматларо битимга кўра турк банк ва компаниялари «SWIFT» тўлов тизимининг Россия версиясига ўтади. Туркияда Россиянинг «Мир» карталарини қабул қилиш имконини берадиган инфратузилма яратилади. Бу амалиётда икки мамлакат тижорий банклари трансчегаравий ўтказмалар учун тўғридан-тўғри корреспондент ҳисобларини янада фаолроқ ишлатишлари мумкин.

«SWIFT» альтернативаси

«SWIFT» халқаро банклараро ахборот узатиш ва тўловларни амалга ошириш тизимидан 200 дан ортиқ мамлакатда 10,8 мингта йирик ташкилот фойдаланади. Вашингтон бу тизимни ўчиришни сўраб Москвага бир неча бор таҳдид қилди.

Ўтган йилнинг ўзида конгрессга Россияга қарши янгидан-янги санкциялар ҳақида ўнлаб қонун лойиҳалари келиб тушди. Улар орасида «SWIFT»га киришни рад этиш ҳам бор. Бу таҳдидларга жавобан Россия Банки Молиявий ахборотларни ўтказиш тизимини яратди ва ҳозир Хитой, Туркия ва Эрон регуляторлари билан унинг ишини мувофиқлаштирмоқда.

Прогресс бор: Россиянинг «SWIFT» аналогига хорижий саккизта банк қўшилди, улардан учтаси тўлиқ ҳажмда тўловларни амалга оширмоқда, қолган бештаси эса ҳозирча тизимни синовдан ўтказмоқда.

— Халқаро молиявий каналлардан узилган потенциал санкцияларнинг таъсирини камайтириш мақсадида Россия «Мир» ички банк тўлов тизимини ишлаб чиқди, бундан ташқари, валюта алмаштириш бўйича битимларни имзолаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди, бу эса маҳаллий валютадаги савдо ҳамкорлари билан тўғридан-тўғри ҳисоб-китоб қилиш имконини берди, — дейди CNBC.

Хитой Россиянинг долларга қарамлигини заифлаштиришга кўмаклашяпти. Мамлакатлар ўртасидаги миллий валютадаги ҳисоб-китобларнинг улуши 17 фоизга етди ва ўсишда давом этмоқда. Яқин беш йилда Москва ва Пекин савдо ҳажмини икки баравар кўпайтирмоқчи — йилига 100 миллиард доллардан 2024 йилга келиб 200 миллиардга етказмоқчи. Яна 2015 йили «Газпромнефть» Хитойга барча нефть экспортини юанда амалга оширди. Жорий йил августда эса «Роснефть» экспорт шартномалари учун доллардан фойдаланишни тўхтатганини маълум қилди.

Хитой ҳам ўзининг CIPS молиявий тизимини ишлаб чиқмоқда. Унга бир қанча Россия банклари қўшилди. Июннинг бошларида Россия молия вазири Антон Силуанов ва Хитой Халқ банки раиси И Ган янги тўлов тизими ҳақида битим имзолашди. У Россия ва Хитойнинг «SWIFT» аналоглари ўртасида шлюз вазифасини ўтайди.

Сентябрда Россия миллий валютада ҳисоб-китобларни кучайтириш бўйича Эрон билан ҳам келишиб олди. Июлда эса Россия ва Ҳиндистон марказий банклари қурол-яроғ шартномалари юзасидан тегишли битимни имзолашди. Қурол-яроғ — Россиянинг Ҳиндистонга асосий экспорти ҳисобланади, бу ўнлаб миллиард доллар даромад келтиради. Ҳозирча ушбу соҳадаги энг йирик шартнома —  қиймати 325 миллиард рублга тенг «Триумф» С-400 зент-ракета комплексларини етказиб бериш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг